Россиядаги ёнғин олти ўзбекистонлик умрига зомин бўлди

Сурат манбаси, ГУ МЧС России по Московской области
Дурниха яшовчилари икки қаватли бинода яшаган ўзбекистонликларнинг охирги вақтда эълон қилинган карантин боис уйда ишсиз ўтирганликларини айтишади.
Ўт ўчирувчилар коттеж вайроналари остида олти инсон жасади қолдиқларини топишган, уларнинг уйқусида тириклайин ёниб кетганлари тахмин қилинмоқда.
Москва вилояти расмийлари ёнғин сабабларини аниқлаш мақсадида тергов бошланганини билдиришди.
Москва шаҳридан 30 километрча узоқликдаги Дурниха қишлоғи дала ҳовли участкалари сифатида ташкил этилган ва ҳозир ҳам Россия пойтахти яшовчиларининг ёзги муҳим дам олиш масканлари яқинида жойлашган.
Қишлоқдаги икки қаватли коттежлардан бирини сотиб олган тадбиркор уни икки йилча олдин мигрантлар учун ётоқхонага айлантирган.
Коттежнинг биринчи қавати шлакоблоклардан, иккинчи қавати ёғочдан барпо этилган.
Қўшнилар коттежнинг ҳовлисига ҳам вагончалар ўрнатилиб, меҳнат муҳожирлари учун ётоқхонага айлантирилганини айтишди.
5 май тонгида икки қаватли бино ёнаётганини кўрган маҳаллий аҳоли ўт ўчириш хизматига хабар берганлар.
Фавқулодда вазиятлар хизмати хабар қилишича, ёнғин жойига кўп сондаги техника ва ўт ўчирувчилар жалб қилинган.
Шунда ҳам оловни жиловлаш осон бўлмаган, тонгги соат 4 ларда бошланган ёнғинни соат 7 ларда ўчиришга муваффақ бўлинган.
Коттежнинг иккинчи қавати буткул ёниб кул бўлган.
Тунда иккинчи қаватда ухлаган олти инсон пастга қулаб тушганлар.
Уч эркак ва уч аёлнинг жасади ёнғин вайроналари остидан топилган, таналар кучли куйиб кетган.
Ётоқхонага айлантирилган коттежнинг ўзбекистонлик яшовчилари айтишларича, ёнғинда ҳалок бўлган олти инсон ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлганлар.
Илк савол-жавобда ҳалок бўлган мигрантларнинг ёши 30 атрофида бўлганини айтишди ўзбекистонликлар.
Россия Тергов қўмитаси ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилганини, "икки ва ундан ортиқ инсон ўлимига сабабчи бўлиш" банди бўйича тергов бошланганини маълум қилган.
Ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг шахси аниқланаётгани билдирилган.
Шунингдек, ўзбекистонлик мигрантларнинг Россияда қонунан бўлиб турганликлари, ишлаш ҳуқуқига эга бўлган-бўлмаганликларига ҳам ойдинлик киритиш бошланган.
Коттеж биноси электр иситгичлар билан иситилгани айтилмоқда.
Шундан келиб чиқиб ёнғин келиб чиқишининг сабаби деб ҳозирча электр симидаги қисқа туташув бўлиши мумкин дея тахмин қилинмоқда.
Бундан олдин Россия ҳудудида ишлаб пул топиш учун Ўзбекистондан борган меҳнат муҳожирларининг яшаш учун яроқсиз бинода яшаганлари ва исиниш учун қўлбола мосламалардан фойдаланганликлари кўплаб ёнғинларга ва инсонлар ўлимига сабабчи бўлган.
Коронавирус пандемияси Россияга борган мигрантларни ҳам ишсиз қолдирди: март ойи охиридан чекловлар жорий этилди, ишчилар таътилга чиқарилди. 30 апрелгача эълон қилинган ишсиз кунлар муддати 11 майгача узайтирилди.
Дурнихадаги ўзбеклар ҳам охирги ойда ишсиз ўтирган бўлганлар.
Қўшниларнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик мигрантлар ҳовлидан ташқарига ҳам чиқмаганлар.
- Россия, мигрантлар: 15 июнга қадар патент тўлови бекор қилинди
- Россия, коронавирус: Мигрантлар учун 5 та муҳим саволга ҳуқуқшунос жавоблари
- Коронавирус Ғалаба парадини ўғирлади, аммо...
- Россия, мигрантлар: Коронавирусга чалинган муҳожирларга ёрдам маркази очилди
- Россия буғдой экспортини тақиқлади, Ўзбекистонда ун қимматлайдими?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















