Россия, мигрантлар: 15 июнга қадар патент тўлови бекор қилинди - O'zbekiston, koronavirus

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Соҳиба Ҳаёт
- Role, Москва, Россия
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Президент Владимир Путин коронавирус инфекциясининг тарқалиши хавфи туфайли "Россия Федерациясидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Унга кўра, энди чет эл фуқароларини ишга ёллаш учун ишга рухсатнома ва патент шарт эмас:
Ҳатто миграция варақасида Россияга кириш мақсади «иш» деб белгиланган бўлиши ҳам шартмас.
Биргина талаб - иш берувчи томонидан ўзини яккалаш (иҳоталаш) тартибларига риоя этишдир.
Шунингдек, чет эл фуқароларининг 15 июнгача Россияда қолиши миграция ҳисоби, патент, виза, вақтинчалик яшаш рухсатномаси, гувоҳномаси ва бошқа хужжатларга боғлиқ эмас.
Патентнинг ойлик тўловларини тўлаш 15 мартдан 15 июнгача тўхтатилади.
Илгари тўланган патентлар нима бўлади? Бу борада ҳуқуқшунослар билан батафсил суҳбат уюштирамиз.
Россия, коронавирус: Москва ёпилди, рақамли пропуск ва вирусга чалинган мигрантларга ёрдам BBC Uzbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1

15 июндан олдин муддати тугаган барча ҳужжатларнинг муддати автоматик равишда 15 июнга қадар янгиланади, яъни узайтирилади.
Россия Федерациясидан чиқариб юбориш (выдворение), бадарға қилиниш (депортация), мамлакатга киришни тақиқлаш ва қолиш муддатини қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилиш тақиқланади.
15 мартдан то бугунгача бундай қарорлар қабул қилинган муҳожирлар уларни 15 июндан кейин бажаришлари мумкин.
Содда қилиб айтганда, 15 мартдан 15 июнгача патент тўловлари бекор бўлди.
Патентсизларни ҳам, умуман нелегалларни ҳам ишга қабул қилса бўлади.
Ҳеч қандай миграцион текширувлар бўлмайди, регистрациялар автоматик равишда узайтиралади.
Янги қарорнинг асосий мазмуни шундан иборат.
Россияда ишлаётган юз минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари мамлакатда карантин туфайли оғир аҳволга тушиб қолишган.
Россия, Ўзбекистон ва мигрантлар

Сурат манбаси, official
Ишсизлик, ойлик йўқ ва ишлайдиган ширкату ташкилотлари ҳам уларнинг ҳолидан хабар олмаётгани боис, мигрантлар Россия раҳбарларига мурожаат билан чиқишган эди.
Москвадаги мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик Россия ҳукуматига пандемия хавфи вақтида Марказий осиёлик мигрантлар танг аҳволда қолаётганини билдириб, петиция йўллаганди.
Петиция бугунга келиб 2000 га яқин имзо тўплаган.
Айни пайтда, Россияда расман икки миллионга яқин ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида.
Ўзбекистон ва Россия коронавирус хавфи туфайли чегараларни ёпиши ортидан, Россияга мигрантлар оқими вақтинча тўхтади.
Россиялик иқтисодчи-экспертлар яқин ойларда мамлакатда ишчи кучига катта эҳтиёж юзага келишини тахмин қила бошладилар.
Россияда рублнинг қадрсизланиши ортидан мамлакатда меҳнат қилаётган минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари оилаларига пул юборишни камайтирганликларини айтишмоқда.
Улар карантин тугагунча ва меҳнат бозори тўлиқ тиклангунига қадар патентни қайта расмийлаштириш, бекор қилиш, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ тўлаш муддатини кечиктириш имкониятини кўриб чиқиш масаласида ёрдам сўраётган ўзбекистонликларнинг расмийларга мурожаатларини Би-Би-Си ўзбек хизмати ўз саҳифаларида мунтазам эълон қилиб бормоқда.

Сурат манбаси, official
Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан жорий йилнинг 5 апрель куни Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигига нота юборилган.
Шунингдек, 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенкога мактуб йўллади.
Мактубда Россия халқига эпидемияни тез орада енгиб ўтишига чин дилдан тилак билдирилиб, глобал коронавирус пандемияси шароитида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шу жумладан, парламентлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилган.
«Тонг жаҳони» МЧЖ раҳбари, юрист Валентина Чупик Facebook даги саҳифасида мигрантлар манфаати учун муҳим бир қарор қабул қилинганидан ўз хурсандчилигини билдириб, биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон элчихоналари, Ташқи ишлар вазирликларига миннатдорчилик билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Москвадаги миграция агентлиги ва Тожикистон элчихонаси, журналистлар ва ОАВларнинг хизматларини алоҳида таъкидлади.
Куни кеча Валентина Чупик ташаббуси билан Марказий осиёлик мигрантлар учун ёрдам маркази ҳам иш бошлади. Юристлар ва фаоллар телефонларда 4 тилда мигрантларга маслаҳатлар беришади.
Коронавирусга чалинган мигрантлар ва улар билан мулоқотда бўлганлиги боис яккалаш тартибига ўтказилганларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни етказиб беришни бошлашди.
Бундан ташқари, «Саховат» ва «Дом доброты» ижтимоий ёрдам марказлари ҳам мигрантларни қўллаб-қувватлаш ишларини бошлаб юборганлар.
Россия, мигрантлар, коронавирус: Москвадаги ўзбекистонликларга ёрдам маркази очилди - BBC O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













