Ўзбекистон: Ҳукумат назоратга олган карантин хайрияси муҳтожларга етиб бормаяптими? O'zbekiston koronavirus коронавирус

Ёрдам ва хайрия тарқатиш

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ёрдам ва хайрия тарқатиш марказлашган ҳолда олиб борилмоқда.
    • Author, Аваз Тоҳиров
    • Role, Би-би-си Тошкент
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон ўз фуқароларига муҳтожларга мустақил ёрдам беришни тақиқлаб қўйди. Бой мамлакатлар эса аҳолининг барча қатламига ёрдам бера олмаслигини тан олиб, хайрия ташкилотларига ёрдам пули ажратмоқда.

Коронавирус пандемияси туфайли хайрия ташкилотларининг асосий молиявий манбаси бўлмиш хайрия концертлари, оммавий лоторея ўйинлари, спорт тадбирлари, кўнгилочар кечалар каби фандрайзинг маросимлар бекор қилинган, сувинерлар сотиладиган дўконлар ёпилган.

Оқибатда, хайрия ташкилотларга келадиган эҳсон пуллар оқими кескин камайган, бир вақтнинг ўзида эса карантин чоралари дунё бўйлаб қашшоқ аҳоли қатламининг кўмакка бўлган талабини сезиларли ошириб юборган. Бу эса, табиий равишда, хайрия ташкилотларининг муҳтожлар талабини етарлича қондира олмаслиги, ҳаттоки, ўз ишчилари маошини вақтида тўлай олмаслигига сабаб бўлмоқда.

Хайрия муҳтожлара етиб бормоқдами? Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ривожланган мамлакатларда узоқ йиллар фаолият юритиб келган кўплаб хайрия ташкилотлари эса ўз фаолиятини тўхтатишдан бошқа чора топа олмаётир.

Биргина Британиянинг ўзида хайрия ташкилотлари келгуси уч ой ичида 4 миллиард фунт стерлинг ёки 5 миллиард доллардан сал зийодроқ маблағ йўқотиши башорат қилинмоқда. Бу мамлакатда 170 минг хайрия ташкилоти фаолият юритиши борасида маълумотлар мавжуд.

Хайрия эҳтиёжи

Карантинда кунбай ишлайдиган ва камбағал тоифа энг кўп қийналади.

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Карантинда кунбай ишлайдиган ва камбағал тоифа энг кўп қийналади.

Коронавирус пандемияси даврида хайрия ташкилотларининг аҳамияти сезиларли ортгани айтилади.

Қатор давлатлар эпидемияга қарши жорий этилган чекловлар вақтида ёрдамга муҳтож аҳоли қатламининг муқаррар молиявий қийинчиликлардан сақлаб қолиш йўлида бир марталик ёки қисқа муддатли ёрдам пуллари тарқатмоқда.

Бироқ фаоллар, ҳатто, бой мамлакатлар ҳам аҳолининг муҳтож қатламига етарлича ёрдам кўрсата олмаслигини таъкидлайди.

Давлат ёрдам пули ажратиши мумкин, аммо имконияти чекланган ёки ёлғиз қариялар йода чекка ҳудудларда яшовчи қашшоқ одамларнинг ҳолидан доимий хабар олиб туриш, уларга озиқ-овқат, дори-дармон каби бирламчи эҳтиёж маҳсулотларини мунтазам етказиб бориш каби масъулиятли вазифа р хайрия ҳаракатлари ва кўнгилли гуруҳлар зиммасига тушмоқда.

Аксар давлатлар пандемия цингари инқирозлар пайтида хайрия ташкилотларининг қанчалик муҳим эканини аллақачон эътироф этган. Масалан, Буюк Британия ҳукумати эҳсон тушуми қисқариб кетган хайрия ташкилотларини инқироздан сақлаб қолиш ва улар аҳолига ёрдам беришда давом этишини таъминлаш учун 750 миллион фунд стерлинг ёки қарийб 1 миллиард долларга яқин ёрдам пакети ажратилишини эълон қилган.

Ўзбекистонда вазият қандай?

Ўзбекистонда хайрия ташкилотлари, ҳозирча, мукаммал тузумга эга ижтимоий институтлар даражасида шаклланиб улгурмаган.

Коронавирус пандемиясига қадар бирор хайрия ҳаракати давомий тус олмагани, асосан, бирор инсоннинг даволаниши учун ижтимоий тармоқлар орқали маблағ йиғиш кўринишида кечгани кузатилади.

Пандемия туфайли жорий этилган қаттиқ тартибли чекловлар ортидан доимий иш ва даромад манбасига эга бўлмаган ўзбекистонликлар янада оғир аҳволга тушиб қолгани хабар қилинади.

Деярли бир ой аввал бошланган карантин чоралари билан бирга ана шундай қийин аҳволда қолганларга ёрдам қўлини чўзувчи қатор кўнгилли гуруҳлар пайдо бўлган ва ўзига тўқ инсонларнинг эҳсонлари эвазига муҳтожларга, асосан, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишидаги ёрдамлар тарқатила бошланган.

Хайрия ҳаракатлари тарқатилаётган эҳсонларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида доимий ҳисоботларни очиқ тақдим этишни йўлга қўйган.

Бироқ апрел ойининг бошида Ўзбекистон ҳукумати якка тартибдаги хайрияларни тақиқлаб, барча хайрия ишларини Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги назоратига ўтказишга қарор қилган.

Ҳукуматнинг ушбу қарори ижтимоий тармоқларда шубҳа ва норозиликлар билан қарши олинган.

Янги тизимнинг қанчалик шаффоф бўлиши, эҳсон берувчиларда давлат назоратига ишончи қанчалик юқори бўлиши ва энг муҳими давлатнинг барча муҳтож қатламга ёрдам етказиб бера олиши ёки йўқлиги борасида саволлар пайдо бўлган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова эса хайрияларнинг давлат назоратига олинганини кўнгиллиларнинг дезинфекцияланмаган хайрия маҳсулотларини аҳолига тарқатиши карантин талабларига зид экани ва айрим хонадонларга ёрдам етиб бормаётгани билан изоҳлаган.

"Ёрдам ҳақиқий муҳтожларга етиб бормаяпти"

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, Кўнгилли савобталаблар ўз ҳолича ёрдам тарқатолмайди.

Хўш, хайриялар марказлаштирилгандан сўнг етказиб берилаётган маҳсулотлар дезинфекцияланиб, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами кенг қамраб олиндими?

Аввалдан хайрия ишлари билан шуғулланиб келган фаоллар бу саволга йўқ, дея жавоб беради.

Фаолларнинг Би-би-сига маълум қилишича, давлат хайрияларни ўз назоратига олганидан сўнг ёрдам тарқатилиши фақат Тошкент шаҳри ва айрим вилоят марказлари билан чекланиб қолган, ёрдам пакетларининг сифати ҳам пойтахтдан бошқа ҳудудларда сезиларли ёмонлашган.

Фаоллардан бири муҳтож одамнинг ёрдам олиш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Хайрияларни мувофиқлаштириш марказлари кол-марказига қўнғироқ қилишига тўғри келишини маълум қилади.

"Энди фақат шу йўл билан хайрия олиш мумкин. Якка тартибдаги хайрияларда қийналиб қолган оилалар излаб топилиб, уларнинг рўйхати тузиларди ва ёрдам тарқатиларди".

"Ҳозир қишлоқлардаги ҳақиқий ёрдамга муҳтож аҳоли кол-марказ нималигини тушунмайди. Бешта одамдан, камида, учтаси телефон қилиб, ёрдам сўрашни билмайди. Телефон қилолса ҳам, кўрсатилган рақамга туша олмайди", сўзлайди у.

Фаолнинг тушунтиришича, бунинг оқибатида асл эҳтиёжмандлар ёрдамдан мосуво қолмоқда.

У ўзи истиқомат қиладиган тумандаги ёрдамга муҳтож аҳолига кўрсатилаётган кўмак даражасини жуда паст баҳолайди.

Бундан ташқари, фаол марказлаштирилган хайриялар доирасида асосий эътибор Тошкент шаҳрига қаратилганини таъкидлайди.

"Ўтган 10 кун давомида Тошкентда 25 минг оилага ёрдам тарқатилди. Мен яшайдиган вилоятда эса 1,000-1,500 та оила ёрдам олди. Бу жуда катта фарқ".

"Мен яшайдиган туманда 52 та маҳалла бор. Биринчи куни 50 та ёрдам тарқатилди. Ўзи ҳар бир маҳаллада 50 тадан, жами 2,500 та кам таъминланган оила чиқади. Ёрдам теккан муҳтожлар икки фоиз ҳам чиқмайди, дегани бу", қўшимча қилади у.

Бошқа бир фаол юқоридаги фикрларни тасдиқлайди.

Унинг маълум қилишича, ўтган кунлар давомида ўзи яшайдиган ҳудуддаги мингга яқин муҳтож оиланинг ўндан бирига ҳам ёрдам тегмаган.

Бундан ташқари фаоллар эҳсон берувчилар марказлаштирилган тизимга ишонқирамай қараётгани, ҳозирда ҳукумат йиғаётган хайрия маблағлари тадбиркорлардан мажбурий-ихтиёрий равишда ундирилаётгани борасида гумонлар мавжудлигини таъкидлайди.

Уларнинг фикрига кўра, ҳукумат хайрия фаолиятини яна эркин олиб боришга рухсат берса, аҳолини кенг қатламини ёрдам билан қамраб олиш анчайин осонлашади.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek