Коронавирус: Мирзиёев мураккаб вазият билан огоҳлантирди - четдагилар кўмак қилишмоқчи - O'zbekiston, koronavirus

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Коронавирус ва Ўзбекистон: Мирзиёев мураккаб вазият билан огоҳлантирди - четдаги ўзбекистонликлар ёрдам беришмоқчи. Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун жиҳозлар етказишмоқчи. Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 500 дан ортди.

Бу ишга шу кунларда Британия, Франция ва Швейцарияда яшаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар бел боғлашган.

Маълум бўлишича, уларнинг орасида тадбиркор, талаба ва бошқа турли касб эгалари бор:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон жаъми коронавирус ҳоллари бўйича сўнгги икки куннинг ичида минтақада Қозоғистондан кейин иккинчи давлатга айланган.

Илк коронавирус ҳолати 15 мартда расман аниқланган бўлса, бугун, 7 апрелга келиб рақамлар 504 кишига чиққан.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда ҳам бир кунда аниқланаётган коронавирус ҳолларининг анчайин изчиллик билан ортиб бораётгани кузатилади.

Ўзбекистонда коронавирус кириб бораётган ҳудудлар жўғрофияси ҳам кенгайиб бораётгани кўрилади.

Коронавирус жорий пайтда пойтахт Тошкент, Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Навоий, Бухоро ва Хоразм вилоятларидан ташқари Қорақалпоғистонда ҳам аниқланган.

Ҳозирга келиб, жаъми коронавирус ҳолларининг ярмидан кўпроғи вилоятлар ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам кўрилади.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонлик масъуллар куни-кеча карантинда сақланаётганлар бор экан, бу рақамлар яна ўсиши мумкинлиги билан огоҳлантиришган.

Ҳозир стационар ва уй шароитида карантин остида тутиб турилганларнинг сони 100 мингдан ортади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сўнгги - 3 апрел кунги махсус видеоселектор йиғилишида вазият бундан ҳам мураккаб бўлиши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Бунга ҳамма тайёр бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Давлат коронавирус тарқалиб кетмаслиги учун барча чораларни кўришига ишонтирган. Барчани бирдамликка чақирганди.

Жорий пайтда эса, АҚШ бўладими, Британия ёки Япония - ҳатто дунёнинг қудратлари коронавирус пандемиясининг ўз иқтисодларига етказажак улкан зиёнидан хавотирда. Бунинг оқибатини юмшатишга қаратилган чоралар ҳаракатида.

Бу масалага шу ҳафталар ичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бир эмас, такрор эътибор қаратган. 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этишни буюрган. Махсус фармон ҳам имзолаган.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.

Сўнгги рақамларда фуқаролари сони 34 миллиондан ортиқроққа нисбат берилади.

Аксарият аҳолиси мамлакатнинг камбағаллик ва ишсизлик муаммоси ҳануз анчайин долзарб чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади.

Миллионлаб фуқароларининг тирикчилиги эса, йилларки, ташқи меҳнат миграцияси орқасидан ўтади.

BBC
Xayriya

Сурат манбаси, courtesy

Ўзбекистонга пандемияга қарши курашида ёрдам беришга аҳд қилган фаоллар эса, ўз сафларини бундан-да кенгайтиришмоқчи.

Ўзлари бошлаган ишга Германия ва Америкада яшаётган ўзбекистонликларни ҳам жалб қилишмоқчи.

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларни ташкил этади.

Яна бир хайрия акцияси

Londondagi xayriya

Сурат манбаси, courtesy

BBC

Куни-кеча Британиядаги Ўзбекистон Элчихонаси ҳам @oshpaz_london билан ҳамкорликда "Ўзбекистон ёнингизда" акциясига қўл урган.

4 апрел куни Лондонда ўзбекистонлик барча талабаларга текин ош тарқатган.

Бепул ош киши бошига 3 порциядан этиб белгиланган. Ўзингиздан ташқари, яна дўст, ўртоқларингиз учун ҳам олишингиз мумкинлиги айтилган.

Акция ташкилотчиларига кўра, ўзбекистонлик талабалар юрагини қадрдон уйлари ва уларни севадиган яқинлари ҳақидаги илиқлик билан тўлдириш ниятида бўлишган.

Жорий пайтда Британия пойтахтида турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликларнинг сони бир неча юз экани айтилади.

Сўнгги йилларда Лондоннинг айрим мавзеъларида ўзбекистонлик ўнлаб оилалар яшовчи ўзбек маҳаллалари ҳам пайдо бўлган.

Бу ердаги ўзбекистонликларнинг аксарияти Британияда доимий яшаш ҳуқуқига эга, молия, банк ва ҳуқуқ соҳасида ишлашади.

Бу тоифа ўзбекистонликлардан кейин Лондонда бўлган энг катта сондаги ўзбекистонликларни талабалар ташкил қилишади.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Коронавирус билан боғлиқ пандемия манзарасида Ўзбекистоннинг ўзида ҳам турли кўринишдаги хайрия амаллари бутун мамлакат бўйлаб кенг тус олган.

Шу кунларда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида бу каби амалларнинг тартибга солинишига оид хабарлар ҳам олинган.

Бу каби янгилик ўзбекистонликлар орасида бир хил қарши олинмаган. Кибер фазода ҳам турли хил фикр, талқинларга сабаб бўлган.

Тартибга солиниб тарқатилажак хайрия амалларининг шаффофияти уларни ташвишга солган энг хавотирли жиҳатлардан бири сифатида кўрилган.

Яна бошқаси эса, расмий тартиб-қоидалар оддий одамлардаги ташаббусни бўғиб қўйишига оид истиҳолалар бўлган.

BBC
London

Сурат манбаси, Reuters

Британияда эса, шу пайтгача коронавирусга чалинганлар сони қарийб 52 минг кишига етган. Улардан беш мингдан кўпроғи ҳаётдан кўз юмган.

Британия, учинчи ҳафтадирки, анчайин кескин карантин чоралари остида.

Испания, Италия, Германия ва Франциядан кейин энг ёмон ҳолат қайд этиб турилган бешинчи Европа давлати бўлиб турибди.

Буюк Британияда коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб, Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси орада барча байрам ва оммавий тадбирларни бекор қилган.

Ўзбекистонга кириш учун визалар бериш тўхтатилган.

Консуллик-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш масофадан туриб ва почта хизмати орқали амалга оширилиши айтилган.

Фақат ариза берувчиларнинг шахсан иштирокини талаб қиладиган ҳужжатлар бундан мустасно экани билдирилган.

Ўзбекистон Буюк Британияда бўлиб турган ва ортга қайтиш истагидаги фуқаролари учун чартер рейслар билан кўмак бериш таклифи билан ҳам чиққан.

Қайтгач, уларнинг 14 кун карантин остида бўлишлари айтилган.

Ўзбекистонда шу соатларда коронавирусга чалинганлар сони расман беш юздан ортган.

Шундан бешта ҳолат Буюк Британиядан қайтган Ўзбекистон фуқароларида аниқланган.

Буюк Британиянинг ўзида Ўзбекистон фуқаросининг коронавирусга чалинганига оид бирор бир расмий хабар ҳалича бўй кўрсатмаган.

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek