Ўзбекистон, коронавирус: Баъзи карантин ҳудудларида шароитлар абгор экани айтилмоқда - гувоҳлар O'zbekiston

«Кўрган кечирганларимизни Хоразм вилояти, Шовот туманидаги ҳарбий қисм казармасида ўтаётган 14 кунлик карантиннинг 15 кунида ёзяпмиз». Би-би-сига ушбу хабарни йўллаган гувоҳлар карантинда ўтаётган кунларини «қийноқ» дея тасвирлайдилар ва ҳарбий қисмдаги оғир шароит тўғрисида батафсил ҳикоя қиладилар.
(Сўнгги маълумотларга қараганда бизга бу маълумотни етказганларни Урганчдаги талабалар ётоқхоналарига кўчиришган. "Шароитлари яхши. Анализ олишди. 3 кундан кейин натижаси чиқар экан", деб хабар беради улар)
Шахси сир қолишини илтимос қилган гувоҳлар 22 март куни Россиядан Ўзбекистонга учиб келганликларини билдирадилар.
Москвада ушбу инсонлар Ўзбекистон чегаралари ёпилаётгани ва уларнинг рейси бекор қилинганидан хабар топганликларини айтадилар.
"Кейинроқ барча ватандошларни уйга элтувчи махсус рейслар ташкил қилинишидан хабар топдик. Шунингдек бутун дунёда умум қабул қилинган чора ўлароқ, катта эҳтимол билан, ўз яшаш жойимизда ўзимизни яккалашимизга тўғри келиши мумкинлигини ҳам маълум қилишди", дея ёзилади хабарда.
Бироқ бу инсонлар ўз юртига қайтганидан сўнг қандай шароитга тушиб қолишларини тасаввур ҳам қилмаганликлари ҳақида сўзлайдилар.
(Ўзбекистонда коронавирус: Айни пайтда коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳолатлар сони 390 нафарни ташкил этмоқда. Беморларнинг 188 нафари эркак, 202 нафари аёллардир.
0-9 ёшгача - 10 нафар (2,6%);
10-19 ёшгача - 15 нафар (3,8%);
20-29 ёшгача - 59 нафар (15,1%);
30-39 ёшгача - 111 нафар (28,5%);
40-49 ёшгача - 123 нафар (31,5%);
50-59 ёшгача - 48 нафар (12,3%);
60-69 ёшгача - 17 (4,4%);
70-79 ёшгача - 6 (1,5%);
80 ёшдан юқори бўлганлар 1 нафар (0,3%)ни ташкил этмоқда.
Айни пайтда Тошкент шаҳрида 170 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор даволанмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 2, Андижон вилоятида 61, Бухоро вилоятида 19, Наманган вилоятида 48, Фарғона вилоятида 64, Хоразм вилоятида 18, Қашқадарё вилоятида 6 ҳамда Навоий вилоятида 2 нафар бемор ҳудуддаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналарда даволанишмоқда.
Беморларга тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стандартлар асосида даво муолажалари олиб борилмоқда.
Беморларнинг 31 нафарида пневмония кузатилмоқда. Шундан 9 нафарининг аҳволи нисбатан оғир, 2 нафарининг аҳволи эса ўта оғир баҳоланмоқда.
Манба: @ssvmatbuotkotibi)

Тошкентга қўнмаган учоқ
Хабарда ёзилишича, Москва-Тошкент йўналиши бўйича ҳавога кўтарилган учоқ белгиланган манзилга қўнмаган.
«Парвоз вақтида бизнинг рейс Урганчга йўналтирилганидан хабар топдик», ёзилади хабарда.
Гувоҳлар йўловчилар учоқдан тушиши билан шокка тушганини маълум қиладилар.
«Пастга тушишимиз билан ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз бошимиздан оёққа қадар хлорли модда сепа бошладилар. Бу модда устки кийимларимизни емириб ташлади, терига тушганда, кўпчиликда кучли аллергия чақирди».
«Ходимлар эса бутунлай ҳимоя кийимлари ва ниқобларда эди», ҳолатни тасвирлайди гувоҳлар.
Хабарда шундан сўнг дезинфекция важи билан йўловчиларнинг қўл телефонлари, планшет ва ноутбуклари олиб қўйилгани, шахсий буюмлар кейинроқ қайтариб берилиши айтилгани ҳақида ёзилади.
Муддати номаълум карантин
«Кейин ҳаммамизни юкларимизсиз автобусларга чиқаришди ва шаҳар ташқарисидаги ҳарбий казармаларга олиб бориб ташлашди. У ерда бизни ҳеч қандай карантин нормаларига жавоб бермайдиган биноларга жойлаштирдилар», давом этади гувоҳлар.
Хабарда таъкидланишича, ҳарбий қисмга 500 нафарга яқин инсон олиб борилган.
Эркаклар 80 кишидан алоҳида-алоҳида казармаларга, аёллар эса бир бинога жойлаштирилган.
"Бешта хонага икки қаватли кроватлар ўрнатилган бўлиб, улар 16 кишига мўлжалланган эди. Хоналар майдони, тахминан, 25 квадрат метр экани ҳисобга олинса, бир киши учун 1,5 квадрат метрга яқин яшаш жойи тўғри келади", карантин зонасидаги ҳолатни тасвирлайди гувоҳлар.
«Бундан ташқари 80 кишига битта ҳожатхона берилган. Чўмилиш учун бир неча умумий раковина бор, холос. Иссиқ сув деярли йўқ, душ қабул қиладиган жойни эса сўз билан тасвирлаб бўлмайди».
Гувоҳлар икки ҳафта давомида умумий ҳожатхоналар бирор марта ҳам тозаланмагани, фақат баъзида ахлат чиқариб ташланганини даъво қиладилар.
Улар, шунингдек, овқатланиш билан ҳам муаммолар етарлича эканини таъкидлайдилар.
«Ошхонада бир вақтнинг ўзида 500 нафарга яқин инсон овқатланади. Нима беришса, шуни еяпмиз. Одамлар нимадир еб олиш илинжида 30-40 дақиқа навбатда турадилар. Бу вақтда коронавирусдан сақланиш учун икки метрли ижтимоий масофани сақлашнинг имкони йўқ».
Хабарда ошхонага навбатлар Собиқ Иттифоқ даврида Ленин мақбарасига киришда кузатилган узундан узоқ навбатларга қиёсланади.
Бундан ташқари хабарда ҳали ёшига тўлмаган гўдакларга алоҳида озиқ-овқат берилмаётгани ҳам айтилади.
Бироқ гувоҳларнинг билдиришича, ҳарбий қисмга олиб келинган одамларни шарт-шароитдан ҳам кўра, карантин муддати қачон тугашини билиш қизиқтирмоқда.
Уларнинг сўзларига кўра, 14 кунлик карантин муддати тугаганига қарамай, ҳудуддан ҳали ҳеч кимнинг чиқишига рухсат берилмаган.
Одамларнинг қачон уйга қайтиши мумкинлиги тўғрисида ҳам биров оғиз очмаган.
«Шикоят қилмаслигингиз учун телефонларни қайтармаймиз»

Гувоҳлар одамларнинг учоқдан тушиш пайти олиб қўйилган телефонлари ҳали қайтариб берилмагани, расмийлар эса «шикоят қилмаслигингиз учун телефонларни қайтармаймиз», дея очиқ гапираётганини хабар қилади.
Бундан аввалроқ Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов тиббий муассасаларда карантин ўтаётган одамлардан телефон, фото ва видео қурилмаларнинг олиб қўйилишини нотўғри хабарлар ва одамларни хавотирга солувчи асоссиз миш-мишларнинг тарқалишига йўл қўймаслик чоралари билан изоҳлаган эди.
Би-би-сига хабар йўллаган гувоҳлар эса Шовот туманидаги ҳарбий қисмда ташкил этилган карантин зонасидаги аҳволни инсон ҳаётини оёқости қилиш билан менгзайдилар.
Хабарда карантин зонаси шифокорларидан бирининг пичоқлаб кетилгани ва у ердаги барча одам (erkak) сўроққа тутилгани ҳам тилга олинади.
«Бу ердаги илк кечамизда - 22 март тунида зона бош врачи пичоқлаб кетилди. Унга уч бор пичоқ урилган. Ҳамма ухлаб ётгани учун ҳолат қандай содир бўлганини билмаймиз».
«Бир неча кун давомида барча асосан эркакларни, ёш ўғил болалардан тортиб катталаргача - бир неча бор сўроқ қилишди, бармоқ изларини олишди», билдиради гувоҳлар.
Озодлик Радиоси Шовот туманидаги сафарбарлик чақируви резерви казармаларида карантинга олинган фуқароларни назорат қилаётган 58 яшар инфекционист врач кўкрагининг уч жойидан пичоқлангани ва вилоят расмийлари ҳолатни ўз жонига қасд қилишга уриниш, дея тасвирлагани борасида хабар берган эди.
Гувоҳлар карантиннинг 10-куни тиббиёт ходимларининг асосий қисми базани тарк этгани, оддий одамлар эса ҳеч қандай изоҳларсиз 15-куни ҳам карантин зонасида тутиб турилгани тўғрисида ёзадилар.
Улар сўнгги тест натижаларига кўра, на одамлар, на карантин зонаси ходимларида коронавирус аниқланганини таъкидлайдилар.
Шикоят қилинганда эса, база расмийлари одамларга босим ўтказганини иддао қиладилар.
«Тўлиқ 14 кун карантинда ўтирган биз каби соғлом одамларни ўхшаш карантин зоналарига тарқатиб юбориш билан таҳдид қилдилар», ёзади гувоҳлар.
Улар, шунингдек, карантин муддати сўнггида 14 кунлик шартнома билан келган ҳамширалар ҳам ўз вақтида уйга қайтолмаётганликлари ортидан бош кўтарганини хабар қиладилар.
«Биз ўз саломатлигимизни ҳимоя қилиш ва ўзимиз ҳамда давлатимизни қўшимча касалланиш ҳолатларидан сақлашни истаймиз».
«Президентимиз Ш.М.Мирзиёевдан бу масалани ҳал этиш, адолатни тиклаш ва бизни уйимизга, оиламизга қайтишимизга ёрдам беришни сўраймиз», илтижо қилади гувоҳлар.
Би-би-си мазкур хабарда тасвирланган ҳолат бўйича Хоразм вилояти ва Шовот тумани ҳокимликлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигига сим қоқди. Бироқ 5 апрель куни давомида қўнғироқларга жавоб бўлмади.
Гувоҳларнинг яқинларидан бири ҳарбий қисмда ушлаб турилганлар 5 апрель куни кечга томон автобусларда номаълум томонга олиб кетила бошлангани ҳақида хабар берди.
Би-би-си айни масалада Ўзбекистондаги мутасадди ташкилотларга мурожаат қилди.
Аммо муносабат олиш учун қилинган ҳаракатларимиз самара бермади.
Би-би-си ушбу масалада барча томонларнинг фикр-мулоҳазалари учун очиқлигини яна бир бор таъкидлайди.
(Сўнгги маълумотларга қараганда бизга бу маълумотни етказганларни Урганчдаги талабалар ётоқхоналарига кўчиришган. "Шароитлари яхши. Анализ олишди. 3 кундан кейин натижаси чиқар экан", деб хабар беради улар)

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












