Коронавирус: Ўзбек мигрантларини кимдир эшитадими? - Россия, Ўзбекистон

аэропортдаги ўзбеклар

Сурат манбаси, courtesy

Президент Мирзиёев хориж мамлакатларида қолаётган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга қайтариш бўйича авиарейсларни ташкиллаштиришга кўрсатма берган. Бироқ Ўзбекистоннинг Россиядаги консулликлари журналист ва муҳожирларнинг мурожаатига жавоб бермаяпти.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Facebook даги расмий саҳифасида "Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш учун чартер рейс ташкил этиши ҳақидаги янгилик юртдошларимиз томонидан катта қувонч билан кутиб олинди" деган қисқа хабар ва "Шереметьево аэропортидан дипломатларимиз олган видео" изоҳи берилди.

Чартер рейслар рўйхатида 8 та давлат бўлиб, энг кўп сонли фуқаролар аэропортда қолаётган Москва учун 2 та рейс белгиланган. Новосибирскдаги рейс вақти эса ҳалигача аниқланмаган.

Фавқулодда вазиятнинг илк кунлариданоқ Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўз фуқароларини қайтариш учун бир неча чартер рейслар ташкиллаштирди ва Россия фуқаролари Тошкентдан муаммосиз ватанларига қайтдилар.

коронавирус
коронавирус

Россиядаги юзлаб Ўзбекистон фуқаролари эса 3-5 кунлаб аэропортларнинг нейтрал ҳудудларида чорасиз қолганликдан ОАВларга мурожаат қилиб, Президентдан ёрдам сўрашга мажбур бўлишди.

"Аэрофлот" Россия ўз фуқароларини олиб келишга учиб кетаётган самолётлар Ўзбекистон томони фуқароларини қабул қилишни рад этганлиги сабабли бўш кетаётганлигини маълум қилди.

Нейтрал ҳудуд ʼқамалидагиларʼ

Ўзбекистон ва Россия коронавирус хавфи туфайли чегараларини ёпди. Бу меҳнат муҳожирлари учун талай муаммоларни келтириб чиқарди. Уларнинг энг муҳими мамлакатларга чиқиб-кириш масаласи бўлиб қолмоқда.

расмлар

Сурат манбаси, courtesy

Ўзбекистонга кетиш ёки Россияга келиш учун олдиндан чипта олиб қўйилганидан ташқари, ўзбекистонликлар миграция варақасини янгилаш учун ҳам ҳеч қаерга чиқа олмай қолишди.

Россия ҳукумати бу муаммонинг ечими сифатида 2020 йил 19 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик бўлиш муддатини узайтиришни жорий этди. Бунинг учун мигрантлар Ички ишлар вазирлигининг ўзлари бўлган жойга яқин ҳудудий бўлимига ариза билан мурожаат қилишлари лозимлигини маълум қилди.

Аммо карантин муддати тугагунча Россияда бўлиб туришни истамаган, турли сабабларга кўра ватанга қайтишга қарор қилган айрим ўзбекистонликлар йўлга отланди. Натижада аэропортлар ва чегаралар атрофи йўлларда юзлаб сарсон ўзбекистонликлар билан тўлди.

Россиядаги ўзбекистонликлар ахборот танқислигидан қийналишмоқда

ош

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон ҳукумати ватанига қайтиш истагида бўлган ўзбекистонликлар учун чартер рейслар йўлга қўйилишини маълум қилди. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Facebook даги расмий саҳифасида ва Telegram каналида маълумотлар бера бошлади.

Бироқ Россиядаги минглаб меҳнат муҳожирлари катта қисми ижтимоий тармоқларнинг Facebook платформасидан фойдаланмаслиги ҳисобга олинмаган кўринади. Аудитория катта эмаслиги боис, улар эълон қилган хабар ва маълумотлар кўп сонли муҳожирларга етиб бораётгани йўқ.

Масалан, 16 март куни Telegram да очилган "Оперативный штаб при Посольстве Республики Узбекистан в г.Москве" (аввалига "Чартеры в Узбекистан" деб номланган) каналидан ҳам 3590 киши, "UzConsular F.A.Q." тезкор савол-жавоблар каналидан эса 932 киши (21 март соат 10:00 даги ҳолатга кўра) фойдаланмоқда холос.

Барча саҳифалар номлари оддий меҳнат муҳожирлари топиши қийин бўлган рус ва инглиз тилларида, энг асосийси, у ерда кўрсатилган телефон рақамлари билан боғланиш эса имконсиз.

Кунига юзлаб қўнғироқлар

Коронавирус сабабли юзага келган қийин вазиятда консулликлар билан боғлана олмаган, маслаҳатга муҳтож ўзбекистонликлар ҳуқуқ ҳимоячиларига, журналистларга мурожаат қилмоқдалар.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон фуқароларидан ёрдам сўралган қўнғироқлар кунига юзлаб бўлаётганини билдиришди.

- Мени ўзимга бир кунда ўзбекистонликлардан камида ўттизта телефон қўнғироқлари бўляпти, шу кунлардаги долзарб масалаларда "энди нима қиламиз?" деган саволни беришади. Уларни энг кўп қизиқтираётган нарса — чегаралардаги вазият ҳисобланади, — дейди юрист Зарнигор Омониллаева.

Россиядаги Ўзбекистоннинг Москвадаги ва Новосибирскдаги консулликлар вакиллари ижтимоий тармоқларда аэропортлардаги вазиятларни назоратга олаётгани, ўзбекистонликларнинг ҳолидан хабар олаётганини, фуқароларнинг манфаати учун керакли музокаралар олиб борилаётганини билдирмоқда.

Жумладан, муқаддам Би-би-си ўзбек хизмати саҳифаларида эълон қилинган Внуково аэропортида Ўзбекистонга кета олмаган, Шереметьево аэропортининг нейтрал ҳудудида қолиб кетган ўзбекистонликлар ҳолати юзасидан вазият назоратга олингани ҳақида ахборот эълон қилди.

Консуллик: музокара олиб бориляпти

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги консуллиги "Толмачёва" аэропортидаги ўзбекистонликларни ош билан сийлагани, ўзбек диаспораси Внуководаги ўзбекистонликларга егуликлар олиб боргани ҳақидаги хабарлар чиқди.

"Элчихона томонидан "Внуково" аэропорти раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар натижасида юртдошларимизнинг вақтинча қолиши учун "B" терминали ажратилди. Бу ерда зарур шароитлар яратилган бўлиб, жумладан, тиббиёт пункти, ҳаммом ва ҳожатхоналар мавжуд, иссиқ овқат берилиши йўлга қўйилган, мебеллар (кресло, диванлар, стол ва стуллар) ўрнатилган. Қатор суҳбатларга қарамай, фуқароларимиз махсус белгиланган ҳудудга боришдан бош тортиб, ҳали ҳамон "Внуково" аэропортида рўйхатдан ўтиш нуқтасида қолмоқдалар.

Шу ўринда юртдошларимиздан, мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, иложи борича тезроқ "В" терминалга ўтишларини сўраб қолар эдик.

Элчихона "Шереметьево" аэропортидаги вазиятни ҳам назорат остига олган ҳамда ҳозирда Россия ҳукумати билан бошқа давлатлардан Москвага транзит орқали учиб келган фуқароларимизни олиб чиқиш бўйича музокараларни олиб бораётир. Ўзбек диаспораси вакиллари ва ҳомийлар билан биргаликда ватандошларимизни иссиқ овқат билан таъминлаш масаласи ҳам ҳал этилмоқда", — дейилади ахборотда.

Кунига 2-3 марта бериб борилаётган қисқа хабар ва суратли маълумотлар Россиядаги ўзбекистонликларнинг маълумот олишга бўлган эҳтиёжини қондирар даражада эмас.

Россиядаги элчихона ва консулликлар эса нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки матбуот учун ҳам беркилган.

Биз юқоридаги барча ҳолатларда уларнинг расмий саҳифаларида берилган телефон рақамларига қайта-қайта қўнғироқ қилиб боғланишга уриндик. Аммо бирон бир телефонга жавоб берилмади.

20 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати эълон қилган Ўзбекистонга учувчи чартер рейслар рўйхатида Новосибирск рейсининг қайтиш муддати аниқланаётгани билдирилган.

Ўзбекистон қабул қилишни рад қилмоқдами?

Шереметьево аэропортида 3 кунлаб қамалда қолган муҳожирлар юборган видеолавҳада "Аэрофлот" вакили эканлиги айтилаётган ходим йўловчиларга вазиятни компания уларни жўнатишга тайёрлиги, аммо Ўзбекистон қабул қилишга тайёрмаслигини билдирган.

Шу мазмундаги изоҳ Толмачёво аэропортдаги вазиятда ҳам билдирилди. S7 компанияси 16 мартдан 30 апрелгача Новосибирск-Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига йўналиш рейслари вақтинчалик бекор қилингани сабабли Ўзбекистон фуқаролари нейтрал ҳудудда қолгани, чартер рейсни кутаётганлиги маълум қилди.

Аэропортларда ўхшаш вазиятлар: йўловчилар рўйхатдан ўтиб, юкларини топширишмоқда. Паспорт назорати ва божхона текширувидан ўтиб, кутиш залида ўтиришганида рейслар бекор қилингани маълум қилинмоқда.

- Новосибирскдаги йўловчиларни қайтариш имконияти учун ўзбек томонида S7 Airlines билан эҳтимолий келишув бор эди. Аммо учишдан бир ярим соат олдин авиакомпания Ўзбекистон томонидан рейсни амалга оширишни рад этган жавобни олди", — изоҳ берди авиакомпания матбуот хизмати.

S7 Airlines изоҳга қўшимча сифатида билет пулларини тўлиқ қайтариши ёки бошқа санага ёки йўналишга алмаштириб бериши мумкинлигини маълум қилди.

Ўзбекистон томони расмийлари эса бу борада бирон бир изоҳ бермаяпти.

Сўнгги кунларда Би-би-си ўзбек хизматига мурожаат қилувчилар орасида Москва, Новосибирск шаҳар ва вилоятлардан ташқари, Санкт-Петербург ва Россиянинг бошқа турли ҳудудларидаги ўзбекистонликлар ҳам бор. Уларнинг ҳам чегаралар ва ҳужжатлар масаласида маълумотлар ва маслаҳатларда, аэропортлардаги ўзбекистонликлар учун эса ёрдамга эҳтиёжлари кўринади.

Юрист Ботиржон Шермуҳаммад Россиядаги минглаб ўзбекистонликлар учун ахборот танқислиги юзага келганини таъкидлаб, маълумот етишмаслиги турли миш-мишларни, ваҳима ва саросимани юзага келтиришини билдирди. Оммага тўғри ва кенг маълумот бериш учун Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасини матбуот анжумани ўтказишга чақирди.

- Бош вазир Абдулла Арипов томонидан ўтказилган йиғилишда матбуот вакилларига "керак бўлса бир кунда 3-4 мартадан матбуот анжуманлари ташкил қилиниши, у ерга ваколатли давлат идораларининг вакиллари келиб саволларга жавоб бериши" таъкидланган эди. Россиядаги камида 2 милион Ўзбекистон фуқаросининг саволлари ҳам кўплигини ҳисобга олиниб, журналистлар, ОАВ вакиллари, блогерлар учун махсус матбуот анжумани ташкил қилинса, расмий маълумотлар бериб борилса яхши бўларди", — деди видеомурожаатда юрист Ботиржон Шерматов.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва консуллиги, Россиядаги қатор консулликлари аксар ҳолларда ОАВларига маълумот беришдан ўзларини тортишади.

Би-би-си ўзбек хизмати кўп бора уринишларига қарамай, Россиядаги консулликлардан вазиятлар бўйича маълумот ёки изоҳ ололгани йўқ.

Кўнгиллилар ва фаоллар матбуот ўрнини боса олмайди

Оммавий ахборот воситаларида Россия аэропортларида сарсон қолаётган ўзбекистонликлар мавзуси кенг акс этаётгани ортидан, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига яқин фаоллар Whatsapp, Telegram орқали элчихона ва консулликнинг расмий саҳифасидаги хабарларни тарқата бошладилар.

Расмий рақамларга кўра, Россияда 2 миллион нафарга яқин Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида.

Москванинг ўзидан 4 та аэропортдан Ўзбекистоннинг 10 та вилоятига қатновчи рейсларнинг 16 мартдан 30 апрелга қадар бекор қилингани шу бир ой давомидаги саналарга чипта олган юзлаб ўзбекистонликларни мушкул вазиятда қолдирди. Сафар зарурати катта бўлмаган муҳожирлар чипталарни топшириб, айримлари пулларини қайтариб олишга муваффақ бўлишмоқда. Пулларини қайтара олмаганлар эса қаерга мурожаат қилишини билмайди.

Ўзбекистонга кетишни зарур деб билганларнинг катта қисми ҳужжатлари муддати тугаганлар ва ҳомиладор аёллар.

- Ҳомилам 7 ойдан ошган, бу ерда ишсиз ўтиришнинг қийинлиги ва туғруқдан сўнг қаровга муҳтожлик эҳтимолим борлиги учун эрим билан маслаҳатлашиб, уйга бормоқчи эдим. Элчихона ва консулликлар телефонлари жавоб бермаяпти, чартер рейс рўйхатига ёзилдим. Умуман жавоб йўқ. Хавотирдаман, видеоларда аэропортларда қолиб кетаётган юртдошларимизни кўряпман. Етиб боргач ҳам карантинга олишларидан хабардорман. Майгача ҳомилам 9 ойлик бўлиб кетади, барибир, кетмасам бўлмайди. Бизни кимдир эшитадими, ёрдам берадими?! — дейди бизга қўнғироқ қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Юзлаб мурожаатлар ва чиқишларга қарамай, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва ҳудудларидаги консулликлари эса ўз фуқаролари ва ОАВ учун ҳамон ёпиқлигича қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek