Россия: Коронавирус мигрантларга қандай таъсир қилади? - O'zbekiston

Сурат манбаси, AFP/GETTY IMAGES
Коронавирус сабаб Россиянинг Узоқ Шарқ минтақасида баҳорги дала ишларига хитойликлар ўрнига ўзбекистонликларни жалб этиш режаланмоқда.
Бу ҳақда Еврей автоном вилояти ҳукумати маълум қилган.
"Хитойлик ишчилар бу йил коронавирус туфайли Еврей автоном вилоятига дала ишларига кела олмайдилар. Уларнинг ўрнига ўзбекистонлик муҳожирлар ишга киришади", дея вилоят ҳукумати матбуот хизматининг хабаридан иқтибос келтирган Спутник агентлиги.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Хабарда айтилишича, бу йил карантин туфайли чет эллик ишчиларни жалб қилиш квоталари талаб қилинмайди.
"Карантин туфайли чет эллик ишчиларни жалб этишга квота талаб қилинмайди. Бу масала ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳамда қишлоқ хўжалиги мутахассислиги бўйича ўқув юртларининг талабалари ҳисобига ҳал этилади", деб айтган минтақа раҳбари Ростислав Гольдштейн.
Россия 20 февралдан эътиборан Хитой фуқароларининг мамлакатга киришига тақиқ ўрнатган.
Расмийларга кўра, миграция тарихида алоҳида бир давлат фуқароларининг мамлакатга киришини тақиқлаш биринчи марта юз бермоқда.
Хитойлик дипломатлар Хитойда коронавирус ҳоллари камайишни бошлаган бир пайтда бу каби қарорнинг қабул қилиниши ўзлари учун тушунарсиз эканини айтишган.
11 март ҳолатига Россияда коронавирусга чалинганлар сони 28 кишига етган.
12 март куни бош вазир Михаил Мишустин кўрилган чоралар натижасида Россияда коронавирус эпидемияси тарқалиш хавфи "минимумга туширилгани"ни айтган.
Чоршанба куни Халқаро соғлиқ ташкилоти дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият пандемия тусини олганини эълон қилганди.
ИИВ: Депортация қилинсин
Ҳозирга қадар Россиядаги меҳнат муҳожирлар орасида коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаган.
"10 миллион мигрант бор мамлакатда коронавирус вақт масаласи", деб ёзган таниқли рус блогери 11 март куни ўз саҳифасида.
Ўтган ой Россия Ички ишлар вазирлиги коронавирусга чалинган мигрантларни депортация қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққан.
Россиянинг собиқ бош санитар врачи Геннадий Онишенконинг айтишича, ўткир касалликка чалинган мигрантни мамлакатдан чиқариб юбориш янада хавфлироқ ва уни даволашдан кўра қимматга тушади.
"У чиқариб юборилгунича яна қанча одамга юқтиради", деган Россия Думаси депутати.
Унинг фикрича, коронавирус юқтирган мигрант Россияда, иш берувчи сотиб олган тиббий суғурта ҳисобидан даволаниши керак.

Сурат манбаси, Reuters
Migrant.mobi портали асосчиси, юрист Ботиржон Шерматовнинг Би-би-сига айтишича, ўзбекистонлик мигрантларнинг коронгавирусга қарши Россия ҳукумати кўраётган чораларга қатъий амал қилишлари тавсия этилади.
"Бизга бир юртдошимиз мурожаат қилди. Хитойликлар ишлаган ресторанда ишлашган. У ердаги ишчиларнинг ҳаммаси меҳмонхонада карантин остига олинган. Ҳатто паспортларини ҳам олиб қўйишган. Бундай ҳолатлар учраб турибди. Агар шундай ҳолатларда тартиб бузилса, уларнинг Россия ҳудудида бўлишлари мувофиқ эмас, деб топилиши ва маъмурий чоралар кўрилиши, депортация қилиниши мумкин. Бу эса беш йиллик тақиққа олиб келиши мумкин", - дейди Москвадаги ҳуқуқшунос.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Москва ҳокимияти Россия пойтахтининг муҳожирлар ишлайдиган йирик бозорлари, одамлар билан гавжум марказларида рейдлар ўтказмоқда.
Ботиржон Шерматовнинг айтишича, Россиянинг туб аҳолисидан кўра мигрантларнинг касалликка чалиниш эҳтимоллари юқори.
"Юртдошларимиз кўпчиликнинг ичида, гавжум бозорларда меҳнат қилишади. Бу эса вируснинг тезроқ тарқалишига замин яратиши мумкин. Шунинг учун улардан қўлларидан келганича гигиена қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраган бўлардик", дейди мигрант ҳуқуқлари фаоли.
Унинг таъкидлашича, мигрантларнинг коронавирус бўйича зарур маълумотларга имконли бўлишлари муҳим.
"Ҳозиргача бу борада мигрантлар билан ҳеч ким, ҳеч қайси ташкилот яқиндан иш олиб боргани йўқ. Айниқса, улар тушунадиган тилда маълумотлар тақдим этилмади. Фақат сўнгги пайтларда ўзбек тилида маълумотлар чоп этиш ҳаракатлари бўляпти. Яқинда соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада бир ролик чиқарди. Бундай маълумотлар кўпроқ эълон қилиниши керак", - дейди ҳуқуқшунос.
Янги ҳужжат
6 март куни президент Путин "Миграция соҳасида давлат концепциясини амалга тадбиқ этиш бўйича топшириқлар жадвали"ни имзолаган.
Унда рус тилини билган ва "зеҳнияти ҳамда маданияти бизга яқин бўлган" муҳожирларнинг Россияга кўчиб келишлари ва фуқаролик олишлари учун қулай шароитларни яратиш кўзда тутилган.
Ҳужжат миграция соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий қилишни ҳам назарда тутади.
Россия Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, охирги олти йилда мамлакатдаги муҳожирлар сони барқарорлигича қолмоқда.
Йилига 16,5-17 миллион мигрант кириб келади, шулардан 10 миллиони Россияда доимий бўлиб турган мигрантлардир.
Муҳожирларнинг аксари - 70 фоизи МДҲ давлатларидан.
Ўтган йили Россия фуқаролигини энг кўп Украина ва қозоғистонликлар олишган.
Махсус касалхона
Москва шаҳар ҳокимияти Хитойнинг Ухан шаҳрида бир неча кун ичида қуриб битказилган касалхонага ўхшаш махсус инфекцион касалхона қуришни режаламоқда.
Бу ҳақда Москва ҳокими Сергей Собянин маълум қилган.

"Российская газета" нашрининг Собяниндан иқтибос келтиришича, алоҳида коронавирус ҳолатлари аниқланган Москва "воқеаларнинг ҳар қандай рифожига тайёр бўлиши керак".
Ҳокимнинг ишонишича, Россия пойтахтининг Янги Москва қисмида қурилиши режаланаётган касалхона қисқа муддатда битказилади.
Унинг сўзларига кўра, худди Хитойнинг Ухан шаҳрида бўлгани каби, ушбу шифохона ҳам тез тикланадиган конструкциялардан бунёд бўлади.
"Касалхона энг замонавий тиббий техника билан жиҳозланган бўлади", деб айтган Собянин.
6 март куни Собянин Москвада коронавирус таҳдиди сабаб "юқори тайёргарлик режими"ни жорий қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган,
Унга мувофиқ вирус тарқаган мамлакатлардан қайтган москваликлар бу ҳақда расмий идораларга хабар беришлари ва ўзларини ихоталашлари керак бўлади.
Бундан ташқари, Россия пойтахтидаги иш берувчилар барча ишчи-ходимларнинг тана ҳароратларини ўлчашлари, ҳарорати баланд бўлганларни "иш жойида бўлишдан четлатишлари" зарур.
Шунингдек, иш берувчи ишчиларнинг ўз уйларида ўзларини ихота қилишларида ҳам кўмак кўрсатади.
Агар ишчилардан биронтасида коронавирус аниқланса, бу ҳақда "Роспортребнадзор"га хабар бериш, унинг ишда кимлар билан мулоқот қилгани тўғрисида маълумот тақдим этиш ва вирусга чалинган одам ишлаган бинони дезинфекия қилишни таъминлаш вазифаси юкланган.
Ўтган ҳафта бошида Москвада биринчи коронавирус ҳолати қайд этилган. Вирусга чалинган одам Италиядан қайтган.
Собянин 5 март куни ўзининг расмий вебсайтида эълон қилган москваликларга мурожаатида касалликнинг янги ҳолатларидан қочиб қутулишнинг имкони йўқлигини айтган, аммо айни пайтда шаҳарни ёпиб қўйиш режаси йўқлигини билдирган.
Сешанба куни жорий қилинган қўшимча чора-тадбирларга мувофиқ, Москвада беш мингдан ортиқ одам иштирокидаги спорт мусобақалари, маданий ва бошқа тадбирларни ўтказиш тақиқланган.
Чеклов 10 апрелга қадар давом этади.
11 март ҳолатига Россияда COVID-19 коронавирусига сони 28 кишига етган.
Буларнинг ярмидан кўпи - 15 та ҳолат Москвага тўғри келади.
Вирусга чалинган 25 нафар Россия фуқароларининг ҳаммаси охирги икки ҳафтада Италияга сафар қилганлардир.
Қолган икки киши хитойлик, бир киши эса Италия фуқароси.
РБК нашрининг коронавирусга қарши кураш штабининг хабаридан иқтибос келтиришича, 11 март куни Москва ҳамда Подмосковьеда вирусга чалинган 8 киши орасида ёш бола ҳам бор.
Аниқ ёши келтирилмаган болада ҳеч қандай симптом кузатилмагани, у вирус ташувчиси экани айтилмоқда.
Айни пайтда Россия минтақаларида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан оғриш ҳолатлари кескин кўтарилиб кетгани кузатилмоқда.
Расмийларга кўра, биргина Ставрополь ўлкасида ўтган ҳафта 17 минг киши шифохоналарги мурожаат қилган.
10 март куни "Роспотребнадзор" мамлакатга кириб келаётган чет эллик фуқароларни тиббий текширувдан ўтказишни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаётганини маълум қилган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ ВИЧ инфекцияга чалинган шахсларнинг Россияга кириши тақиқланган.
"Роспотребнадзор" шунингдек, эпидемияга оид маълумотларнинг марказий тизимини яратиш режаланаётганини айтган.
Айни тизим муҳожирларнинг меҳнат фаолиятига доир маълумотларни ҳам ўз ичига олиши кўзда тутилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













