Ўзбекистон, коронавирус: Карантинда бошқа касал юқтириб олишдан қўрқяпмиз O'zbekiston

корона

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Чоршанба куни Би-би-си билан суҳбатлашган, шахси очиқланмаслигини истаган шахс 17 ва 18 март кунлари турли чет давлатлардан Ўзбекистонга олиб келинган инсонлар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида антисанитария ҳолатида карантинда сақланаётганини иддао қилди.

Европа мамлакатларининг биридан Россия орқали чартер рейсда Ўзбекистонга олиб келинган бу манба, 18 март куни, Бўстонлиқ тумани, Хўжакент посёлкасида жойлашган Сокол пансионатида ўнлаб ўзбекистонликлар оғир карантин шароитидан норозилик билдирганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, карантин ҳеч қандай текширувдан ўтказилмаган тўрт-беш нафар одамни зах босган ва санитария талабларига жавоб бермайдиган кичик хоналарга жойлаштириш, озиқ-овқат ва ичимлик суви тақчиллиги кўринишида кечган.

«Захдан қочиб, кўчада юрибмиз»

"Битта этажда ўнта хона бўладиган бўлса, тўрттасида аёллар бештадан, тўрттасида эркаклар жойлаштирилган. Аёллар ва эркакларга алоҳида туалет-ванна… санитария йўқ ҳеч қанақа", дейди манба.

Унинг иддао қилишича, аэропортдан оромгоҳга олиб келинган юзлаб инсон тиббий текширувдан ўтказилмаган.

«Кечаги рейсда ҳам келганлар ҳам бор экан. Уларнинг олдига ҳам на сан-эпидемия, на соғлиқни сақлашдан ҳеч ким келмаган, анализ олмаган», қўшимча қилади у.

18 март куни эрта тонгда Тошкентга қўнганини айтган Би-би-си манбаси Сокол оромгоҳида карантинга ташланган одамларни озиқ-овқат ва ичимлик суви билан таъминлашда муаммолар юзага келганини билдиради.

«Эрталаб нонушта беришди. Улгурган одам овқатланиб олди. Улгурмагани - мана обед бўляпти - юрибди ҳали ҳам».

«Битта қилган ишлари йигирма литрли идишда сув қўйиб қўйишибди, лекин суви ичишга бир марталик стаканлар йўқ», давом этади манба.

Манба хоналар зах ва совуқ бўлганидан одамлар оромгоҳ ҳовлисида юргани, аммо ички ишлар ходимлари уларни ўраб олаётганини даъво қилади.

"Танимаган, билмаган одамларимиз билан бешта-бештадан хоналарга қўйиб ташлаган. Гигиена йўқ, хоналар совуқ. Хоналарда шамоллаш, бошқа касалликларни оволишимиз мумкин".

Манба телефон орқали сўзлар экан, унинг атрофида норози одамларнинг шовқини эшитилади.

Унинг маълум қилишича, одамлар карантинни ўташга қарши эмас.

Фақат бундай шароитда карантин ўтаб бўлмайди, дейди у.

У 18 март куни тушдан сўнггина одамларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошланганини хабар қилди.

«Текширгани билан шароит ўзгармас экан, бу ердан бошқа касаллик орттириб чиқиб кетишимиз мумкин», сўзлайди у.

Расмийлар: Тезкор чоралар кўрилади

коронавирус

Би-би-си ушбу иддаолар юзасидан изоҳ олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент вилояти ва Бўстонлиқ тумани ҳокимликлари билан боғланишга уринди.

Аммо қўнғироқларга мутасаддилар томонидан ҳеч қандай жавоб бўлмади.

Тушдан сўнг Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус мавзуси бўйича расмий манбаси - Телеграмдаги Koronavirus Info каналида Би-би-си манбасининг даъволарини тасдиқловчи хабар эълон қилинди.

Хабарда Тошкент вилояти маъмурияти Сокол оромгоҳида карантинда сақланаётган фуқароларнинг муаммоларини энг қисқа вақт ичида ҳал этишга ваъда бергани айтилади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бошқарув ходимлари аллақачон муаммони ҳал этиш учун жўнаб кетишди.

Бундан ташқари, « Сокол » оромгоҳида Тошкент вилояти ҳокими ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлари фаолият кўрсатмоқда . Яқин вақт ичида одамлар карантин учун янада қулай шароитларга жойлаштирилади ва коронавирус инфекциясини аниқлаш учун тезкор тестларни амалга оширади", дейилади хабарда.

коронавирус