Коронавирус: Қирғизистонда уч кишида вирус борлиги аниқланди

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Ўш, Қирғизистон

Коронавирусга чалинганлар олти кун аввал Умра зиёратидан қайтиб, уйларида шифокорлар назоратида бўлгани айтилмоқда.

Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш визири Космосбек Чолпонбаев Бишкекдаги матбуот анжуманида маълум қилди.

коронавирус

"Саудия Арабистонига бориб келган уч фуқаро аниқланди. Бу давлат биздаги категорияга кирмаган. Улар 12-мартда Шаржадан Қирғизистонга келишган. Анализлари олиниб, уйларида шифокорлар назоратидан бўлишган. 16-март куни уларнинг бири, Жалолобод вилоятидаги Сузоқ тумани яшовчисининг тана ҳарорати кўтарилган. Анализ натижалари у ва яна икки кишида коронавирусни кўрсатди", - дейди вазир.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда коронавирусга чалинганлар махсус кузатув остида сақланмоқда. Беморлар 70, 62 ва 43 ёшдаги инсонлар.

Улар билан 12-март куни Умра сафаридан Қирғизистонга Кувейтдан Шаржа-Бишкек йўналишида учиб келган 135 одамнинг 90 нафари ҳам карантинга олинган. Қолган 45 нафарини излаш ва аниқлаш ишлари олиб борилаётгани айтилмоқда.

Қирғизистон Мусулмонлар идораси одамларни Умра сафарига бориши учун муфтиятнинг рухсати керак эмаслиги, уларни олиб-бориб келиш билан ҳусусий туристик фирмалар шуғулланишини ва диний идора уларнинг ишига қонунан аралаша олмаслигини маълум қилди.

"Умра - бу кичик хаж амали. Бу идобатни адо этиш учун у ерда 15 кун бўлишади. Демак, зиёратчиларимиз 12-мартда қайтиб келишган бўлса, тахминан 25-26 февралда кетишган. Саудия Арабистони эса 27-феврал куни давлатга киришни таъқиқлади. Биз ҳозир одамлар қайси туристик фирма орқали кетганини аниқлаяпмиз", - деган муфтият матбуот котиби Масқат Атабаев маҳаллий нашрларга берган интервьюсида.

коронавирус

Коронавирус аниқланган Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида фавқулотда ҳолат эълон қилинган.

Сузоқ тумани ҳокими Эрмек Омошевнинг сўзларига кўра, фуқаровий сақланиш комиссиясининг қарорига кўра, туман ҳудудида биологик-ижтимоий мазмундаги фавқулотда холат эълон қилинган. Унга кўра, Благовешенка ва Бўстон қишлоқларидаги оилаларни ўзаро қатновига чеклов қўйилиб, туман бўйича тўй қилиш ва йиғилишлар ўтказиш тақиқланди.

коронавирус

Қирғизстон Жўғўрқу Кенгаши депутатлари ҳам коронавирусни янада кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида републикада зудлик билан фавқулотда холат эълон қилиш кераклигини таклиф қилмоқда.