Коронавирус ваҳимаси: Қирғизистонда озиқ-овқат нархи ошмоқда, мактаб ва ОТМ ёпилган

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист
Қирғизистонда мактаб ва олийгоҳларга коронавирусдан сақланиш мақсадида уч ҳафталик таътил берилиши ортидан, одамлар дўконлардан озиқ-овқат сотиб олишга шошилган. Бу эса ўз навбатида нарх-навонинг кўтарилишига олиб келган.
Куннинг иккинчи ярмида ёйинланган хабар ортидан айрим одамларни ваҳима босиб, магазин ва дўконлардан асосан ун ва ёғ маҳсулотларини сотиб олишган.
Ўшнинг турли мавзеларида жойлашган озиқ-овқат маҳсулот дўконларида қисқа вақт ичида навбатлар пайдо бўлган. Одатда кечки соат 20:00 гача ишлайдиган дўконлар, тунги соат 22-23ларгача одамларга махсулотлар сотган.
"Олдимиздаги магазинда нарх-наво кўтарилиб, одамлар нарсаларни кўпроқ сотиб олаётганини эшитиб, мен ҳам уйга асосий ун, ёғ, чой, туз, сабзовотлардан сотиб олдим. Эҳтиёт чорасини кўрган яхши", дейди Ўшлик тадбиркор Музаффар.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган республикада "очарчилик бўлиши мумкин, Қоғозистон чегарасини ёпди, ун келмайди" дея ёйинланган видео ва аудио ёзувлар одамлар хавотирини тобора кучайтирган.
Ўш шаҳар болалар касалхонасида шифокор бўлиб ишлайдиган Рисбоева Муножот ҳам коронавирус ваҳимасида ўзи яшайдиган мавзедаги дўконлардан ун ва ёғ махсулотларини ҳарид қилмоқчи бўлган. Бироқ топа олмаган.
"Коронавирус ваҳимасида биз ҳам шу "Глобус" магазинига ун олайлик деб келдик. Баҳолар кўтарилиб кетган. "Южнийдаги" магазинларга бордик, у ерда ҳам нархлар кўтарилиб кетган. Ун йўқ деди. Барча нарса толомон бўлаяпти. Булар ўзимиздан чиққан маҳсулотлар. Бунчалик нархлар кўтирилмаслиги керак эди. 1400 сўмдан олаётган унларимизни, 1800 сўм дейишаяпти. Ҳозир умуман қолмаган. Эрта индинга келади дейишаяпти. Мана ҳозир бу магазинда ҳам ун тугабди. Биринчи навдаги ундан олайлик дегандик, қолмабди. Олий навдагиси турибди. Бизга биринчи навдагиси керак эди. Оилада кўпчиликмиз", дея ўйга чўмади шифокор аёл.
Унинг сўзларига кўра, нархларнинг ошишина расмийлар назорат қилишлари керак, акс холда тадбиркорлар нархларни сунъий кўтаришмоқда. Бу эса ҳалққа қийинчилик туғдиради.
Яна бир суҳбатдошимиз, Диёр ҳам, одамлар тасдиқланмаган маълумот, ваҳима сабаб ўзлари озиқ-овқат нархини сунъий кўтаришмоқда, пули борлар олишаяпти, пули йўқлар эса уйда, ололмаяти, бу инсофдан эмас деган фикрда. У ўзи ҳеч нарса сотиб олмаган.
"Ҳозир магазинлардан шошилиб нарсалар сотиб олаётганлар аҳолининг 30 фоизини, бойлар ташкил қилса керак. Қолган 70 фоизи пули йўқлар нима қилади? Бунчалик бўлишимиз керак эмас. Аллоҳга таваккал қилишимиз керак. Ўзи риқзимизни етказади", дейди суҳбатдошим.
Интернетда ёйинланаётган видеоларда, дўкон заҳираларидаги унларни кўплаб одамлар ваҳима билан навбат кутиб, ҳарид қилаётганини кўриш мумкин.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Шунингдек яна бир бошқа видеода, қирғиз - қозоқ чегарасидан юк мошиналари ўтаётгани акс этиб, улар Қирғизистонга ун олиб келаётгани айтилади.
Қирғизистон расмийлари аҳоли орасида тарқалаётган ваҳимани озайтириш ва озиқ-овқат нархининг кўтарилишини назорат қилиш мақсадида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Қирғизистон бош вазир муовини Олтиной Омурбекова коронавирусни олдини олиш ишлари олиб борилаётгани, давлат заҳирасида эса зарур маҳсулотлар, камида 3 ойга етарли эканини урғулайди.
"Бугунги кунда Қирғизистонда эпидемиология вазият муайян, республикада коронавирус инфекцияси қайд этилмади. Озиқ-овқат нархини оширишга асос йўқ. Нархни оширган тадбиркорлар жарима пули тўлайди", деди расмий.














