Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар ортмоқда, Қирғизистон ўқув юртларини ёпди

Сурат манбаси, AFP
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, айни дамда мамлакатда коронавирусга чалинган 6 ҳолат қайд қилинди. Уларнинг барчаси коронавирус авж олган давлатлардан келган Қозоғистон фуқаролари. Қирғизистон ҳукумати мамлакатдаги барча ўқув юртларини 3 ҳафтага ёпишга қарор қилди.
Қозоғистон коронавирус сабаб мамлакатдаги барча оммавий тарбирларни бекор қилмоқда.
Волейбол бўйича Қозоғистон чемпионати мусобақа ярмида тўхтатилди.
Олма ота шаҳрида 600 дан ортиқ тадбир коронавирус сабаб бекор қилинди. Шаҳардаги кинотеатрлар, ҳайвонот боғи, музей ва кутутбхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди.


Қозоғистон полицияси кучайтирилган режимда ишлаш тартибига ўтган.
Қирғизистондан мустақил журналист Шоҳрух Соиповнинг хабар беришича, мамлакада мактаб ва олийгоҳлар вақтинчалик ёпилади.
Коронавирус ҳозирча Қирғизистонда қайд этилмаган.
Жорий йилнинг 16 мартидан Қирғизистоннинг барча мактаб ва олийгоҳлари уч ҳафтага карантинга вақтинчалик ёпилади.
Бундай қарор 14 мартда бўлиб ўтган Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг йиғинида қабул қилинган.
Мутасадди идора раҳбарлари иштирок этган йиғинда, коронавирусни республикада ёйилишини олдини олиш ишлари, унинг таъсирида давлат иқтисодиёти хавфсизлигини таъминлаш бўйича бунгача қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши муҳокама қилинган.
Давлат раҳбари Сўўрўнбай Жээнбеков сўнги пайтда вирус сабаб иқтисодий қийинчиликлар бўлишига қарамай, ҳар бир давлат ўз халқининг саломатлигини биринчи навбатга қўйиб, чегараларини ёпаётганини маълум қилган.
"Биз ҳам, Қирғизистон, шу йўналишда ишлаяпмиз. Очиғини айтишимиз керак, иқтисодимизга салбий таъсири бўлади. Республика бюджетидан харажатларни озайтириб, огоҳлантириш, қийинчиликларга тайёр бўлишимиз керак", дея урғулаган президент.
У халқнинг саломатлиги биринчи навбатда экани, республикадаги вазият унинг назоратида бўлиб, ҳар соатда тегишли давлат идораларидан маълумот олаётганини қўшимча қилган.
"Албатта, халқда ҳар хил гаплар айтилмоқда. Технология ривожланган пайтда, аниқланмаган маълумотлар ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. "Коронавирус Қирғизистонда йўқ" дегандан гумонсираб, шубҳаланган фикрлар ҳам бўлмоқда. Қўшни Қозоғистонда бу вирус қайд этилгандан кейин, бизда ҳам хавфсираш кучайди. Бу табиий кўриниш. Бундан кейин ҳам ишни кучайтириб, энг асосийси халққа маълумотни очиқ, тезкор етказиб туриш керак", деган давлат раҳбари Сўўрўнбай Жээнбеков.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугунги кунгача Қирғизистон ҳудудида коронавирус қайд этилмаганини, хориждан республикага келаётганлар 14 кунлик карантинга олинаётганини айтиб келади.
Дунё бўйлаб тез тарқалаётган коронавирусни Қирғизистонда тарқалишини олдини олиш мақсадида, республика бўйлаб нишонланадиган Наврўз байрами, театр каби оммавий тадбирлар бекор қилинган.
Аҳолисининг 80 фоизидан кўпроғини мусулмонлар ташкил қиладиган Қирғизистон масжидларида ҳам жума хутбаларини қилмаслик, намознинг ўзинигина ўқишлик тавсия қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












