Коронавирус, Ўзбекистон: Вирусга чалинганлар 18 кишига етди, Мирзиёев халққа мурожаат қилди - O'zbekiston

18 март куни Тошкент вақти билан 21.00 ҳолатига Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 18 кишига етган.
Охирги уч ҳолат Президент Шавкат Мирзиёевнинг коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича Ўзбекистон халқига мурожаатидан бир неча соат ўтиб эълон қилинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, коронавирусга чалинган биринчи бемор - Францияда бўлиб қайтган фуқаронинг онаси, келини ва бирга ишлайдиган ҳамкасбида коронавирус инфекция борлиги тасдиқланган.
Ҳар уч фуқаро ҳам тиббий назоратда бўлгани билдирилган.
Чоршанба куни Президент Мирзиёев шунингдек, Қозоғистон ва Туркманистон президентлари билан телефон мулоқотида минтақадаги эпидемиологик вазиятни муҳокама қилган.
18 март куни Қирғизистон илк уч коронавирус ҳолатини тасдиқлаган, Туркманистон ва Тожикистон эса ҳануз расман коронавирусдан ҳоли давлатлар ҳисобланади.
Бу икки давлатдаги эпидемиологик вазият ҳақида унча кўп маълумот йўқ.
Туркманистонда коронавирусни тилга олиш расман тақиқлангани ҳақида хабар қилинган.
Минтақада энг кўп вирус тарқалиш ҳолати Қозоғистонга тўғри келмоқда, у ерда 18 март ҳолатига вирусни юқтирганлар сони 36 кишини ташкил этган.
"Кўпга келган бало"
Биринчи коронавирус ҳолати тасдиқланганидан 4 кун ўтиб, Президент Шавкат Мирзиёев халққа мурожаат билан чиқди.
Президент коронавирусни "кўпга келган бало" деб атаб, Ўзбекистон халқи бу синовни енгиб ўтишини таъкидлаган.
"Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади", деб айтган Президент.
Расмий хабарда айтилишича, Мирзиёев чоршанба куни Оила ва маҳалла масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошида коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталган.
Президент мамлакатда озиқ-овқат заҳираси етарли эканини айтиб, одамларни ваҳимага тушмасликка чақирган.
«Биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир.
Иккинчидан, озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бу борадаги ишларни кучайтириши керак.
Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим», — Шавкат Мирзиёев.
Иқтисодий таъсири
Мирзиёев коронавирус Ўзбекистон иқтисодига салбий таъсир қилишини айтиб, экспорт ва ялпи ички маҳсулот ҳажми камайиши ҳақида огоҳлантирган.
Президент аниқ рақамларни келтирмаган, аммо 17 март кунги ҳукумат йиғилишида Бош вазир Арипов иқтисодий прогнозлар қайта кўриб чиқилаётганини айтганди.
У мустақил иқтисодчиларни "асоссиз" башоратлардан тийилишга чақирган.
Ариповнинг ишонтиришича, ҳукумат ҳеч нарсани яшираётгани йўқ.

Сурат манбаси, Prezident Matbuot Xizmati
"Сўнгги икки ҳафтада жаҳон бозорида нефтнинг нархи (бир баррель 60 доллардан қарийб 30 долларга) кескин пасайиб кетгани оқибатида газ экспортимиз тушумлари қисқариши мумкин.
Хориждаги асосий савдо ҳамкорларимизнинг миллий валюталари қадрсизланиши республикамизга ҳам, албатта, валюта тушумини камайтиради.
Хорижий туристлар сони ва тушум миқдори камайиши мумкин. Булар, табиийки, ялпи ички маҳсулот ва экспорт ҳажмига таъсир қилмасдан қолмайди.
Менинг топшириғимга мувофиқ, Махсус ишчи гуруҳ туризм, транспорт, фармацевтика ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътиллари бериш, кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш, кечиктирилган ташқи қарздорлик учун жарима қўлламаслик тартибини жорий қилиш чораларини кўрмоқда», — Шавкат Мирзиёев.
Расмий хабарларга кўра, президент топшириғига мувофиқ, туризм, транспорт, фармацевтика ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътиллари бериш, кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш, кечиктирилган ташқи қарздорлик учун жарима қўлламаслик тартибини жорий қилиш чоралари кўрилмоқда.
«Ҳукумат қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириши зарур.
Бу жараёнда, аввало, молия ва хомашё бозорида беқарорлик юзага келишига йўл қўймаслик лозим.
Иккинчидан, молиявий барқарорликни сақлаш ҳамда бозорларда нарх-навонинг ўсишини олдини олиш зарур.
Учинчидан, иқтисодиётимизнинг базавий ва ҳал қилувчи тармоқлари узлуксиз ишлашини сақлаб қолиш керак.
Бунинг учун ҳар бир тармоқ, корхона ва ҳудуд кесимида манзилли ва аниқ тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.
Тўртинчидан, марказдан ҳудудий бюджетларни ва аҳолимизни қўллаб-қувватлаш асосий вазифаларимиз бўлиши шарт.
Бутун халқимиз аниқ билиши керак: биз коронавирусга қарши кураш фаолиятини ошкоралик тамойиллари асосида олиб боряпмиз.
Жаҳон жамоатчилигини ҳам, халқимизни ҳам вақтида хабардор этиб боряпмиз. Керакли чораларни янада кучайтирамиз», — Шавкат Мирзиёев.
Коронавирус, 18 март
18 март ҳолатига Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 18 кишига етган.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Сўнгги ҳолатлар аввалроқ Истанбул ва Лондондан борган шахсларнинг турмуш ўртоқларида аниқланган.
Ҳукумат мамлакат бўйлаб карантин тартибига қатъий амал қилинаётганини таъкидламоқда.
Аммо 17 март куни тунда Москвадан махсус рейс билан Тошкентга олиб келинган юзлаб фуқаролар аэропортда тартибсиз вазият ҳукм сураётганига гувоҳ бўлишган.
Бу ҳақда Podrobno. uz нашри ёзди.
Тошкент вилоятидаги дам олиш масканида карантинга олинганлар шароитларнинг йўқлигидан шикоят қилганлар.
Вилоят ҳокимияти шароитни ўнглашга ваъда берган.
Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарлари билан минтақадаги эпидемиологик вазият борасида телефон мулоқоти ўтказгани хабар қилинган.
"Коронавирус инфекцияси аниқланганлар сони 15 нафарга етди. Бундан бир муддат олдин Истанбулдан келган Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланганлиги ҳақида хабар берган эдик. Сўнгги маълумотларга қараганда, унинг турмуш ўртоғида ҳам ушбу инфекция борлиги тасдиқланган. Шу билан бирга, Лондонда бўлиб қайтган яна бир мамлакатимиз фуқаросида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган. Ҳар икки фуқаро ҳам қатъий тиббий назоратда бўлган. Айни пайтга келиб, ушбу инфекция аниқланган беморлар сони 15 нафарга етди. Эслатиб ўтамиз, инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда", - дейилади Соғўиқни сақлаш вазирлигининг расмий ахборотида.
Чет элдан қайтарилаётган ва карантинга олинганлар ҳақида
Чоршанба куни Би-би-си билан суҳбатлашган, шахси очиқланмаслигини истаган шахс 17 ва 18 март кунлари турли чет давлатлардан Ўзбекистонга олиб келинган инсонлар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида антисанитария ҳолатида карантинда сақланаётганини иддао қилмоқда.Европа мамлакатларининг биридан Россия орқали чартер рейсда Ўзбекистонга олиб келинган бу манба, айни дамда, Бўстонлиқ тумани, Хўжакент посёлкасида жойлашган СОКОЛ пансионатида ўнлаб ўзбекистонликлар карантин шароитидан норозилик билдираётганини маълум қилади.Унинг сўзларига кўра, карантин кичик хоналарга айрим ҳолатларда текширувсиз тўрт-беш нафар одамни зах босган ва санитария талабларига жавоб бермайдиган кичик хоналарга жойлаштириш, озиқ-овқат ва ичимлик суви тақчиллиги кўринишида кечмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати айни иддаолар ҳақида расмийларга мурожаат қилмоқда, аммо ҳозирча уринишларимиз самара бермади.
-------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
17 март куни соғлиқни сақлаш, олий ва ўрта-махсус таълим ҳамда халқ таълими вазирликлари раҳбарлари иштирокида коронавирус муаммосига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Куннинг энг муҳим янгилиги 17 март куни Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олган инсонлар сони 11 нафарга етгани бўлди. Расмийларга кўра, 11-бемор Дубайдан Ўзбекистонга учиб келган.
Расмийларнинг маълум қилишича, мактаблар, боғчалар ва олий таълим муассасаларида жорий этилган карантин қанчага чўзилиши ҳозирча номаълум. Карантин муддатини, вазиятдан келиб чиқиб, Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигидаги ҳукумат комиссияси белгилайди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 18 мартдан бошлаб ўқитувчилар ҳам ҳақ тўланадиган таътилга чиқишини маълум қилган. Аммо у карантин муддати давомида мактабларда директор, директор ўринбосари, хўжалик ишлари бўйича мудир, фаррошлар ҳамда қоровуллар меҳнат фаолиятини давом эттиришини билдирган.
Шунингдек, вазир Шерматов ҳудудларда интернет муаммо бўлгани сабабли ўқувчилар учун уч давлат телеканалида онлайн дарслар бериб борилиши айтган.
Тошкент шаҳридаги мактаб ўқувчиларининг дарсларни ўзлаштириши kundalik.com сайти орқали баҳолаб борилиши ҳам маълум қилинган.
Шерматовга кўра, онлайн баҳолаш тизими, кейинчалик, вилоятларда ҳам жорий этилиши мумкин.
Анжуманда коронавирус дунё бўйлаб 10 ёшга қадар бўлган болаларда ҳали аниқланмагани, умуман олганда, болаларда бу касаллик деярли учрамаслиги айтилган бўлсада, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ота-оналарни ўз фарзандлари соғлиғига жиддий эътибор қаратишга чақирган.
Маълум қилинишича, айни вақтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг барча вилоятларда бўлинмаларга эга ва уларда аниқ ташхис қўя оладиган аппаратлар мавжуд.
Анжуманда эпидемияга қарши курашишда ёрдам берган, беморларга қараган шифокор ва ҳамшираларнинг ойлигини ошириш масаласи айни кунларда кўриб чиқилаётгани ҳам хабар қилинган.
Санитария-эпидемиология агентлиги раҳбари Баҳром Алматовнинг сўзларига кўра, коронавирусга чалинган одам унга яна қайта чалиниши ҳали тасдиқланмаган. Лекин касалликка чалиниб соғайган одамнинг ўпкасида асорат қолади.
Бундан ташқари анжуман давомида ҳукумат коронавирус боғлиқ ҳолатларни яширмагани, касаллик аниқланиши билан у ҳақида эълон қилингани, айни вақт 2100 инсон карантинда сақланаётгани ва коронавирусга чалинган беморлар тўлиқ давлат бюджети томонидан даволаниши каби маълумотлар ҳам журналистларга тақдим этилган.
Ички ишлар вазирлиги эса одамларни Телеграм каналлари орқали тарқалаётган турли хабарларга ишонмасликка чақирмоқда.
Вазирлик матбуот хизматининг хабар қилишича, Телеграм орқали коронавирусга боғлиқ одамларни ваҳимага туширувчи хабарлар тарқатаётган 33 аккаунт аниқланган ва улар ортида турган шахсларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Маҳаллий Кун.уз нашри Олий Мажлис қонунчилик палатасида ҳам карантин эълон қилинганини хабар қилмоқда.
Хабарда ёзилишича, палата қўмиталарининг мажлислари ва фракциялар йиғилишлари 16 мартдан бошлаб тўхтатилган.
Сўнгги янгиликлар жамланмаси

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият шиддат билан ўзгармоқда. Би-Би-Си расмий манбалардан 17 март ҳолатига Ўзбекистондаги вазият борасида маълумотларни жамлади:
- Коронавирусга чалинганлар сони 17 мартда 11 кишига етди. Ўн биринчи бемор Дубайдан учиб келган ва аэропортнинг ўзида карантинга олинган.
- Ҳукумат коронавирус билан боғлиқ ҳолатларни яширмаган. Касаллик ҳақидаги факт пайдо бўлиши билан эълон қилинган.
- Ўзбекистонда карантин кенг кўламда тарқагани йўқ.
- Ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди.
- Соғлиқни сақлаш вазири Шодмонов 16 март ҳолатига барча беморларнинг аҳволи барқарор эканини айтган.
- 212 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтарилди. Эрондан келган 37 киши ва Латвиядан олиб келинган 175 нафар фуқаро Наманган вилояти ҳудудида карантинга олинган.
- Вилоятларда вирусга чалинганлик ҳолати ҳозирча йўқ.


- Карантин ҳолати фуқаролар вирус тарқаган ҳудудлардан махсус рейс билан олиб келинганда ўтказилади. Ўз йўли билан қайтганлар уйларида карантин қилинади.
- 17 март ҳолатига 2100 одам карантинда.
- Ҳозиргача 8 мингга яқин одам карантинда бўлган. 5700га яқинига уйга жавоб берилган.
- Ўзбекистонда бўлиб турган хориж фуқароларининг визалари 10 апрелгача автоматик тарзда узайтирилади.
- Бозорларда одамлар камайган пайт ва автобусларнинг охирги бекатларида дезинфекциялаш ишлари олиб борилмоқда.
- Коронавирус сабаб ижтимоий тармоқларнинг мониторинг қилиниши, телефон қўнғироқлари ва хабарлар ёзиб борилиши ҳақида тарқалган маълумотлар рад этилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
- Халқ таълими вазирлиги 18 мартдан бошлаб барча ўқитувчиларнинг таътилга чиқишини эълон қилди.
- Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга кўра, боғча, мактаб ва ОТМларга берилган уч ҳафталик таътил қанча давом этиши ҳозирча маълум эмас.
- Мактабларда дезинфекциялаш йўқ, уларни ўқиш жараёнида амалга ошириш кўзда тутилган.
- Келаётган ҳафтадан Миллий телерадиокомпаниянинг учта канали орқали дарсларни эфирга узатиш бошланади.
- Электр таъминотида узилишлар бўладиган ҳудудларда ота-оналардан фарзандларининг масофадан таълим олишига кўмаклашиш сўралди.
- Олий таълим вазирига кўра, контракт пули фақат ўқиш муддати учун олинади.
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги эпидемияга қарши курашда ёрдамлашган шифокор ва ҳамшираларнинг ойлигини ошириш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
- Вазирликнинг айтишича, мамлакатда 70 минг тиббиёт ходими бор, ҳозирча кўнгиллиларнинг ёрдамига зарурат йўқ.
- Давлат карантинга олинган ходимларнинг маошларини тўлаб беради. Бошқа ҳолатларда ҳақ тўланмайди.
- Вирусга чалинган беморлар тўлиқ давлат ҳисобидан даволанади.
- ИИВ коронавирус билан боғлиқ вазиятни сохталаштириб талқин қилаётгани айтилган 33 та аккаунтни аниқлаган, 8 таси Ўзбекистон ичида.Чора кўрилмоқда.
- Марказий Банк коронавирус сабаб тадбиркорлик субъектларининг кредитларни қайтаришини енгиллаштириш айтилган чораларни эълон қилди.
- Марказий банк, шунингдек, нақд пул билан муомала қилишни камайтиришни тавсия қилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












