Коронавирус: Ҳомиладор аёлларга бошқаларга яқинлашмаслик тавсия этилди

Коронавирус ҳомилага қандай шикаст етказиши бўйича тиббий тадқиқот ҳозирча етарли эмас

Сурат манбаси, Getty Images/Ricky Vigil M

Сурат тагсўзи, Коронавирус ҳомилага қандай шикаст етказиши бўйича тиббий тадқиқот ҳозирча етарли эмас

Ҳомиладор аёлларга коронавирус туфайли бошқаларга яқинлашмаслик тавсия қилинмоқда.

Британия тиббий экспертлари уларга камида 12 ҳафта барча ижтимоий мулоқотларни чеклашни маслаҳат берди.

Британия ҳукуматининг бош тиббий маслаҳатчиси Профессор Крис Виттининг айтишича, ҳозирча ҳомилага коронавирус шикаст етказмаслиги бўйича чекланган далил-исбот мавжуд.

Лекин, унинг қўшимча қилишича, ҳали бу вирус ҳақида билим жуда кам.

Охирги тавсияга биноан, ҳомиладор аёллар 70 ёшдан ошганлар ва бошқа бирор касали бор ёшлар кирувчи риск гуруҳига қўшилмоқда. Бу гуруҳдаги барчадан уйда қолиш сўралмоқда.

"Ҳомила ва инфекция кўп ҳолларда бирга бўлиши яхши нарса эмас, шунинг учун ҳам кўпроқ билимга эга бўлмагунимизча, мана шундай эҳтиёткорлик чорасини қабул қиляпмиз", - деди Профессор Витти.

Британия Бош вазири Борис Жонсон мамлакатдаги коронавирусга қарши қатор чораларни эълон қилди, аммо мактабларни ёпмади.

Бунинг ортидан баъзи ҳомиладор аёлларда бошқалардан қандай масофа сақлашлари ҳақида саволлар туғилган.

Ҳомиладор аёлларга нима маслаҳат бериляпти?

1.Коронавирус аломатларини кўрсатаётган шахслар билан мулоқотни чекланг. Бу аломатларга юқори ҳарорат ва давомий йўтал киради.

2.Зарурат бўлмаганда жамоатчилик транспортидан фойдаланманг, иложи борича одам гавжум бўладиган вақтларда сафар қилманг. Имкони бўлса, уйдан ишланг. Иш берувчингиз бу борада сизга дастак бериши керак.

3.Кўп одам йиғиладиган жойлар, ҳамда ресторан, кинотеатр, театр ва бошқа жамоатчилик жойларидаги кичикроқ сонли одамлар йиғинига қўшилманг.

4.Оиланингиз ва дўстларингиз билан йиғинларни чекланг. Имконқадар телефон, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот қилиб туринг.

Глазголик ҳомиладор шифокор қандай қилиб ўз фарзандидан масофа сақлаши кераклиги ҳақида боши қотган
Сурат тагсўзи, Глазголик ҳомиладор шифокор қандай қилиб ўз фарзандидан масофа сақлаши кераклиги ҳақида боши қотган

Глазголик доктор Пунам Кришан Би-би-си билан суҳбатда ўзига ўхшаган ҳомиладор аёллар қандай қилиб олти яшар ўғлини мактабга олиб бориши ва ундан масофа сақлаши кераклигини савол остига олди.

"Бутун дунё бўйлаб кўплаб ҳомиладор аёлларнинг бошқа фарзандлари ҳам бор", - деди у.

"Шундай экан, боламни мактабга олиб бора туриб, қандай қилиб ундан масофа ушлай? Ёши катта ота-онам ҳозир менга ёрдам бера олмайди. Бу жуда қўрқинчли ҳолат", - дейди у.

Янги чоп қилинган ҳукумат қоидаларида ҳомиладор аёлларга ўз оиласи ва яқинлари билан юзма-юз мулоқотни кескин чеклаш маслаҳат берилган.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek