Россия, мигрантлар: Коронавирусга чалинган муҳожирларга ёрдам маркази очилди

Россия
    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, Би-би-си, Москва

Москвадаги бир қанча ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар, миграция агентлиги вакиллари ҳамда журналистлар пандемия шароитида марказий осиёликларга ёрдам кўрсатиш мақсадини кўзлаган Жамоат Кенгашига бирлашганлар.

Марказий осиёлик мигрантлар учун ягона рақамли колл марказ ҳам ишга туширилди. Бу рақамда Россиядаги муҳожирларга керакли маслаҳат ва ёрдам берилади. Рус тилини яхши билмаган мигрантлар учун ҳам муаммо йўқ: колл марказ операторлари ўзбек, тожик, қирғиз ва рус тилларида жавоб беришади.

Кенгаш аъзолари волонтёр сифатида коронавирус юқтирган муҳожирга ва улар билан бир хонада ёки бир уйда яшайдиган хонадош-қўшниларига ҳам ёрдам беришади.

Ёрдам нималардан иборат?

Аввало, руҳий кўмак, далда. Маълумки, ҳозирги вақтда касал бўлиб қолган ҳар қандай киши қўрқиши, ваҳимага тушиши мумкин. Мусофирчилик, ёнида бир яқини йўқ, бори ҳам ўзи каби муҳожир бўлса, уни ҳам ташвишга қўйиши мумкин. Касалланган одам кимгадир вазиятини айтгиси, ким биландир маслаҳатлашгиси келади. Бундай вазиятда унга тўғри маслаҳат бера оладиган одам, психологик ёрдам керак.

Шундай ҳолатдаги муҳожирлар жамоат кенгаши волонтерларига қўнғироқ қилиши мумкин.

Ҳозирги кунда колл марказ 4 хил тилда ишлаяпти, ундан ўзбек, қирғиз, тожик ва рус тилларида саволларга жавоб олишингиз мумкин.

Кейинги кўмак: «Тиббий тез ёрдам» чақиришда ёрдам.

Бизга мурожаат қилаётган ўнлаб мигрантлар тоби қочгани, касал ётишгани, «Тез ёрдам» чақиришгани, аммо келмаётгани ҳақида ёзишмоқда.

Москвада эпидемиологик вазият анча жиддий: коронавирус ўз кўламини тобора кенг ёймоқда. Шифохоналар хасталар билан тўлган, «Тез ёрдам»лар куну тун шифохонага касалларни етказиш билан банд.

Россия

Москванинг ёзилмаган қонунларига кўра, аввало маҳаллий аҳолининг манфаатлари муҳим. Шунинг учун кўплаб муҳожирлар касал ҳолида нима қилишни билмай ижара уйида ётибди.

Ёки рус тилини яхши билмаслик оқибатида «Тез ёрдам» чақира олмаслик ҳолатлари ҳам бор. Бизга «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилиб, аҳволи қандайлигини тушунтира олмаётганликларини айтишмоқда.

Шундай вазиятларда жамоатчилик кенгашининг колл марказига қўнғироқ қилинг, аҳволингизни тушунтиринг. Марказ операторлари дардингизни эшитиб, дарҳол ёрдамга шошадилар. Сиз учун «Тиббий тез ёрдам» чақиришади, касаллик жиддий бўлса, шифохонага жойлаштиришда кўмаклашишади.

Ёрдамнинг кейинги тури: Коронавирус касаллигини юқтирган муҳожирларга ва уларнинг хонадошларига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш.

Айни пайтда Бутун Россия «самоизоляция», яъни «ўзини яккалаш» тартибида яшамоқда. Бу тартиб вируснинг кенг тарқалиши ҳавфини камайтиришга хизмат қилади.

Агар бирор муҳожир ҳақиқатдан ҳам вирус юқтирган бўлса, бу ҳолда унинг ўзига ва хонадошларига уйдан чиқмасликлари учун уларга кимдир озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришлари керак. Улар камида 14 кун «самоизоляция»да бўлишлари, бу пайтда кўчага чиқишга эҳтиёжлари бўлмасликлари лозим.

Шундай пайтда ташқаридан кимдир уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж молларини етказиб беришлари керак бўлади. Муҳожирларга ёрдам кенгашининг волонтёрлари бу вазифани ўз зиммасига олишган. Маҳсулотларни фақат етказиб беришгина эмас, озиқ-овқат сотиб олишга етарли маблағи бўлмаганларни маҳсулотлар билан таъминлашда ҳам ёрдам беришади.

Албатта, бу ёрдамларнинг кўрсатилиши учун моддий таянч бўлиши керак. Шундан келиб чиқиб, жамоатчилик кенгашининг жамғармаси тузилди ва ҳозирги кунда манзилларга зарур ёрдамлар етказилаяпти.

Кенгашни халқаро ташкилотлар ва фондлар қўллаяпти. Шу билан бу оғир кунларда ҳамюртларини қўллашни истаган кишилар кенгаш жамғармасига баҳоли қудрат пул ўтказишмоқда.

Шунингдек, Муҳожирларга ёрдам жамоат кенгаши яна кўнгиллиларни ўз сафларига қўшиш ниятидалар. Айниқса, Москва шаҳри ва вилоятида, Санкт-Петербург шаҳрида транспортга эга кишиларга эҳтиёжлари бор. Ва истаган киши кенгашга кўнгилли сифатида қўшилиши мумкин.

Россияда, айниқса, Москвада меҳнат муҳожирлари орасида вирус юқтириш ҳоллари тобора ёйилиб бораяпти. Кимда касаллик гумон қилинса, ваҳимага тушмасдан жамоат кенгаши волонтёрларига мурожаат қилишлари мумкин. Улар имкон қадар масалани ижобий хал этишга кўмаклашади. Зотан, кенгаш айнан шу мақсадда ташкил этилган.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek