Коронавирус давоси топилдими? Ремдесивир самараси кўринди Koronavirus

Ремдесивир

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 2 дақ

АҚШ расмийлари Covid-19 вирусидан соғайишда ёрдам берадиган дори топилганини айтмоқдалар.

Ҳозирча, синовларнинг аниқ тафсилотлари эълон қилинмаган, аммо экспертлар агар дорининг самарадорлиги тасдиқланса, бу "фантастик натижа" бўлишини айтган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Агар чиндан дорининг коронавирусга қарши самараси тасдиқланса, у кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши, касалхоналарга тушаётган юкни енгиллатиши ва локдаунни юмшатишга имкон яратиши тахмин қилинмоқда.

Ремдесивир аслида Эболага қарши даво ўлароқ ишлаб чиқилган. У вирусларга қарши курашиш хусусиятига эга бўлиб, ҳужайраларда вирус ўзини кўпайтириши учун зарур бўлган ферментларга ҳужум қилиш орқали ишлайди.

Ремдесивирнинг коронавирусга қарши самараси устидан синов АҚШнинг Аллергия ва Юқумли Касалликлар Миллий Институти томонидан олиб борилган. Синовда 1,063 бемор иштирок этган.

"Олинган маълумотлар Ремдесивир даволаниш муддатини қисқартиришда аниқ, муҳим ва ижобий самарага эга эканини кўрсатди", деган институт раҳбари Антони Фаучи.

Синов давомида беморларнинг бир қисмига Ремдесивир, қолганларга плацебо таъсирига эга сохта дори берилган.

Ремдесивир қабул қилган беморлардаги ўлим даражаси 8 фоиз бўлган бўлса, сохта дори ичганларда бу кўрсаткич 11.6 фоизни ташкил этган. Бироқ олимлар Ремдесивирнинг ўлим даражасига қандай таъсир кўрсатиши ҳали номаълум эканини айтмоқда.

Дорининг самараси эътироф этилган бўлсада, кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.

Ремдесивир беморларнинг тезроқ даволанишида ёрдам берадими ёки у одамларни махсус даволанишга муҳтож бўлишдан халос этадими? Бу дори ёшларда яхшироқ самара берадими ёки кексаларда? У бошқа хасталикларга чалинган беморлар танасида қандай ишлайди?

Мутахассислар синовларнинг тўлиқ тафсилотлари эълон қилинганда, одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ва карантин чекловларини юмшатишда ёрдам бериши умид қилинаётган ушбу дори бўйича яна бошқа муҳим саволлар туғилишини айтмоқда.

Европа Иттифоқидаги синовларга бошчилик қилган профессор Маҳеш Пармар шундай дейди: "Бу дори кенг истеъмолга чиқарилишдан аввал бир қанча ишлар қилинмоғи лозим: дорига лицензия берилиши ёки йўқлигини баҳолаш учун маълумотлар ҳамда натижалар назоратчилар томонидан кўриб чиқилиши керак ва уларга турли давлатлардаги соғлиқни сақлаш тизимлари расмийларининг баҳоси ҳам зарур бўлади".

Профессор Пармар бу жараён давомида Ремдесивир ва бошқа дориларнинг Covid-19'га қарши самараси ўрганилишда давом этишини билдирган.

Агар дори одамларнинг коронавирус туфайли жонлантириш бўлимига тушиб қолишидан сақлай олса, у ҳолда, касалхоналарнинг аҳволи оғир беморларга тўлиб кетиши хавфи камаяди ҳамда ижтимоий масофа сақлашга деярли эҳтиёж қолмайди.

"Биз натижаларни тўлиб кўриб чиқишимиз керак, лекин агар тасдиқланса, бу Covid-19'га қарши курашда фантастик натижа ва ажойиб янгилик бўлар эди", дейди коронавирус бўйича дунёдаги энг йирик синовга бошчилик қилаётган Оксфорд Университети профессори Питер Ҳорби.

Бундан аввалроқ хитойлик шифокорлар ҳам айни дори устида синовлар ўтказган, аммо натижалар Ремдесивирнинг коронавирусга қарши самарасиз эканини кўрсатган.

Бироқ Ухан шаҳрида вазият яхшиланиши ортидан шифокорлар бемор топа олмай, синов охиригача етказилмагани хабар қилинган.

"Қўлга киритилган маълумотлар умидбахш ва қўлимизда Covid-19'нинг синалган давоси йўқлиги ҳисобга олинса, Ремдесивир даво сифатида зудлик билан тасдиқдан ўтиши мумкин", сўзлайди Кембриж Университетидан юқумли касалликлар бўйича профессор Бабак Жавид.

Бироқ профессор Жавид омон қолиш даражаси 30 фоиз эканини ҳисобга олиб, Ремдесивир "мўъжизавий дори" эмаслигини ҳам қўшимча қилади.

Безгак ва ОИВ учун ишлаб чиқилган бошқа дорилар ҳам Covid-19'га қарши даво сифатида синаб кўрилган.

Аммо вирусга қарши дорилар касалликнинг илк босқичларида, иммун тизимини кучайтирувчилар эса кейинги босқичларда кўпроқ самара бериши тахмин қилинади.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek