Коронавирус: Covid-19 ни даволашда қайси дорига умид бор?

Covid-19 patient

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Жеймс Галлаҳер
    • Role, Саломатлик ва илм-фан масалалари бўйича мухбир

2020 йилнинг 24 апрел санасида бутун дунё бўйлаб Covid-19 вирусидан 190 мингдан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмди.

Аммо касалликни даволашда ҳалигача ҳам бирорта дорининг шифокорларга ёрдам бергани исботланмади.

Хўш, биз инсон ҳаётини асраб қоладиган медикаментдан қанчалар узоқдамиз?

Даво топиш йўлида нималар қилинмоқда?

Дунё бўйича 150 дан зиёд турли хил дори-дармон устида тадқиқот ишлари давом этмоқда. Улар орасида энг умидбахшларини вирусга қарши синаб кўриш бошланган.

Қайси турдаги дори-дармон самара бериши мумкин?

Ҳозир асосан уч йўналишда изланиш олиб борилаяпти:

  • Коронавируснинг инсон танаси ичкарисида тарқалиб ривожланиш қобилиятини ўлдирадиган антивирус медикаментлар
  • Иммун тизимини тинчлантирадиган дори-дармон - иммун тизими вирусга қарши ҳаддан зиёд кучли қаршилик кўрсатишни бошлаши билан танага қўшимча шикаст етади, бунинг оқибатида беморнинг аҳволи оғирлашади
  • Вирусни ҳужумга тутадиган соғайган инсонларнинг қонидан ёки лаборатория шароитида тайёрланган аксилтаналар

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотидан доктор Брюс Эйлварднинг айтишича, Хитойга борганида бошқа медикаментларга нисбатан ремдесевир самаралироқ эканининг гувоҳи бўлган.

Ўзи аслида Эболани даволаш учун яратилган антивирус ремдесевир Хитойда коронавирусга қарши қўлланганда бошқа дори-дармонга нисбатан кучлироқ таъсир кўрсатгани кузатилган.

Бу антивирус бошқа ҳалокатли коронавируслар - (Middle East respiratory syndrome - Яқин Шарқ Респиратор Синдроми ва Severe acute respiratory syndrome - Ўта оғир Респиратор Синдроми)нинг ҳайвонлардаги синовларида яхши натижа кўрсатган, шунинг учун у Covid-19 вирусига қарши ҳам самарали бўлиши мумкин деган умидни уйғотган.

Бу медикамент Жаҳон Соғиқлни сақлаш ташкилотининг "Бирдамлик" синовида синаб кўрилаётган тўрт доридан бири ва уни ишлаб чиқарадиган Gilead ширкати ҳам коронавирусда синов ўтказаяпти.

ВИЧ медикаментлари коронавирусни даволаши мумкинми?

ВИЧни даволашда қўлланиладиган лопинавир ва ритонавир ҳақида ҳозир кўп гапирилмоқда, аммо уларнинг коронавирусга даво экани исботлангани йўқ.

Лаборатория шароитида бу медикаментларнинг натижалари яхши бўлса-да, инсонлардаги тадқиқотлар кўнгилдагидек кечмаган.

Улар соғайишни яхшиламаган, ўлимлар сонини камайтирмаган, Covid-19 туфайли аҳволи жиддий беморларнинг организмидаги вируслар даражасини камайтирмаган.

Аммо бу медикаментлар ҳаддан зиёд аҳволи оғир беморларга қўллангани учун(қўлланганларнинг чораги ҳаётдан кўз юмган) балки дори-дармон инфекцияга қарши курашиши учун вақт кеч бўлган бўлиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.

Безгакка қарши дорилар коронавирусни тўхтатоладими?

Ҳам "Бирдамлик" ва ҳам "Соғайиш" синовларида безгакка қарши қўлланиладиган медикаментлар ўрганилмоқда.

Хлорохин ва унга боғлиқ гидроксихлорохин ҳам антивирус ва ҳам иммун тизимини тинчлантириш хусусиятига эга.

Бу икки дори Президент Трампнинг баёноти ортидан кўпчиликнинг эътиборига тушди, аммо уларнинг чиндан ҳам коронавирусга қарши курашда самарали экани тўла исботини топгани йўқ.

Гидроксихлорохиндан ревматоид артритни даволашда фойдаланилади, у иммун тизимини назоратга олишда ёрдам беради.

Лаборатория синовлари у коронавирусни бўғиш хусусиятига эга эканини кўрсатган ва шифокорлар беморларга ёрдам берганини айтадилар.

Аммо Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти гидроксихлорохиннинг коронавирусга қарши самаралилигининг узил-кесил исботи ҳозирча йўқлигини айтади.

Иммунитет медикаментлари ёрдам берадими?

Агар иммун тизими вирусга қарши ҳаддан зиёд реакция кўрсатса, яллиғланиш бутун танага ёйилади. Иммун тизимининг инфекцияга қарши курашга бор кучини жамлаши яхши, аммо ҳаддан зиёд реакция кўрсатса, организмга яна қўшимча шикаст етиши мумкин, оқибати ҳалокатли бўлиши мумкин.

Бирдамлик тестида интерферон бета ўрганилаяпти. У склерозни даволашда қўлланилган, яллиғланишни пасайтириш хусусиятига эга. Интерферонлар вирус ҳужуми остига тушган танадан чиққан кимёвий моддалар группаси ҳисобланади.

Буюк Британиядаги "Соғайиш" тестида дексаметазон синаб кўрилаяпти. Дексаметазон ҳам яллиғланишни камайтиришда қўлланиладиган стероид ҳисобланади.

Соғайганларнинг қон зардоби даволайдими?

Инфекциядан соғайганларнинг қонида вирусга ҳужум қиладиган антитаналар бўлади.

Ғоя - аксилтанаси бор қон плазмасини коронавирусни юқтирган беморга қуйишдан иборат.

Biologist with nucleic acids isolated from human samples to be tested for infection with the Covid-19 coronavirus.

Сурат манбаси, Science Photo Library

Сурат тагсўзи, Россиядаги Covid-19 бўйича лаборатория тестлари

АҚШда "соғайтирувчи плазма" деб номланаётган зардобдан 500 бемор соғайган, бошқа мамлакатлар ҳам синаб кўраяпти.

Давони топгунимизча яна қанча бор?

Коронавирусни даволайдиган медикамент топилгунича.

Илк синовларнинг натижалари келаётган ойларда чиқади деб кутилаяпти. Аммо инфекцияни даволайдиган эмас, ундан муҳофаза қиладиган вакцина самарали бўладими-йўқлигини билишга ҳали анча бор.

Боиси шуки, ҳозир шифокорлар аллақачон синовдан ўтказилган ва хавфсиз экани исботланган медикаментларни коронавирусда синаб кўришаяпти. Вакцина яратаётганлар эса ҳам ишларини нолдан бошлашига тўғри келди.

Баъзи буткул янги, экспериментал коронавирус дори-дармонлари лаборатория шароитларида синовдан ўтказилаяпти, аммо одамлардаги тестгача ҳали анча бор.

Даво бизга нима учун керак?

Шундоқ ҳам аён сабаби инсонларнинг ҳаётини асраб қолиш. Шунингдек, давоси топилганидан кейин айрим карантин чекловларини бекор қилиш мумкин бўлади.

Самарали давога эга бўлиш коронавирусни ҳалокатли, бедаво эмас, ўртача оғирликдаги хасталикка айлантиради.

Коронавирусни тўхтатишга эришилса, шифохонага ётқизилган беморлар сунъий нафас вентиляциясига муҳтож бўлмайдилар, шифохоналарнинг интенсив терапия бўлимлари тўлиб кетмайди, одамларнинг шахсий ҳаётига чекловлар ҳам ҳозиргичалик қаттиқ бўлмайди.

Хўш, унда докторлар беморларни нима билан даволаяпти?

Кимдир коронавирусни юқтирган бўлса, кўпчилик одамда у ўртача оғирликда ўтади. Уй шароитида, тўшак шароитида ётиб, парацетамол ва кўп суюқлик ичиш билан соғайиш мумкин.

Аммо айрим одамларнинг аҳволи оғирлашиши мумкин, уларга шифохона шароити, ўпкасига кислород юборадиган вентиляторга улаш зарур бўлиши мумкин.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek