Россия, мигрантлар: Ҳасан коронавирусга қандай чалинди? Koronavirus

Коронавирус тести

Сурат манбаси, SERGEY MALGAVKO/TASS

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Бугун Росcиядаги юзлаб ўзбекистонлик мигрантлар Covid-19 ташхиси билан касалхоналарда ва ижара уйларида қолиб даволанишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати вирусдан зарарланиб, Москва шифохоналарининг бирида даволанаётган навоийлик меҳнат муҳожири билан телефон орқали суҳбатлашди.

Ҳасанбек касалликка чалиниши ва ҳозирги ҳолати ҳақида гапириб берди.

"Ниқоб тақинглар дердим, қулоқ солишмади"

Сув етказиш билан шуғулланаман: кола, фанта, минерал сувлар, пиво ва бошқа ҳар хил ичимликларни савдо марказлари ва бозорларга етказаман.

26-март куни ишни тўхтатдим. Унгача ҳам ниқоб, қўлқопда, доим ўзимни эҳтиётлаб юрардим. Ниқобим ҳам арзону оддий эмас, 750 рублли сифатлиси эди. Соғлигим учун пулни аямаганман.

Шерикларимга Худони зорини қилдим, мени эшитишмади. Ниқоб ҳам олишмади, пулдан қизғанишди. Ҳеч бўлмаса шуни тақиб юринглар, деб ахийри, қўлда ниқоб тикиб ҳам бердим.

Шерикларимнинг бири куёвим бўлади, бири жияним, яна бири қишлоқдошим. Квартирада бирга яшаймиз, куёвим билан бирга ишлаймиз. Мен ҳайдовчи етказувчиман, у юк ташувчи. Буларга мен кўп айтдим, ниқоб тақинглар деб, эътибор қилишмади.

Квартирамизга бир киши янги келганди. Икки-уч кундан кейин иссиғи чиқди. Нима бўлаяпти сенга, деб сўрадим. "Бизни ишхонадан бир кишини шу касалликдан олиб кетишди", деди. Гаплашганингга, кўришганингга неча кун бўлди, дедим. 10 кунча, деди. Касаллангандирсан, десам, йўқ, ака, яхшиман, деганди. Шундан икки кун ўтгандан кейин бизда касаллик бошланди.

Таним қақшаб оғриди, ҳид сезмадим

Иситмам 38 даражага чиқди, оёқлар, беллар, таним қақшаб оғриди, йўтал. Бош-кўзлар оғриб, овқат есангиз таъмини билмайсиз. Мен-ку таъмни йўқотганим йўқ, ҳид билишни йўқотдим. Ҳид сезмай қўйдим.

Дарров поликлиникага мурожаат қилдим. Икки марта ўзим бордим, 3-чисида уйга шифокорни ўзи келди. Дори-дармон ёзиб беришди, тўхтатмай ичиб турдим. 9 апрель куни коронавирусга таҳлил топширдим. 14 апрель куни тасдиқланган хати келди.

Мендан кейин яна бир шеригим - жияним иситмалади, уни аҳволи жуда қийинлашди. 4 куни "Тез ёрдам" чақирдик, олиб кетди. Меники енгил кўриниши бўлган экан, уники ўртача оғир тури. Уларда бўлган кўп нарса, шукр, менда бўлгани йўқ.

Оғир бўлмасангиз, "Тез ёрдам" олиб кетмайди

Мен поликлиникага қўнғироқ қилиб вазиятни айтдим, менга шифохонага йўлланма беришди. Боргач, рентгендан ўтгандим, ташхис қўйишди. Шеригимда ҳам вирус юқтирилгани тасдиқланди. Лекин иккаламизни ҳам хапдори бериб қайтариб юборишди. Кейин яна "Тез ёрдам" чақирдик.

Келиб кўришади, дори беришади, лекин аҳволингиз ўта оғир бўлмаса олиб кетишмайди-да. Иккита дори ёзиб беришади: бирини ўзлари беради, иккинчисини сотиб оласиз. Ўртача 850 рублга ёзган дорисини олдим. Аммо шифохонага келганимдан кейин бу дорини шифокор бекор қилди.

Уйда анча вақт касал ётдик

Жияним "Вихино"да шифохонада ётибди. Қайта-қайта «Тез ёрдам» чақириб, мен ҳам аҳволимни айтдим. Олиб кетмайди. Қарасам, уйда ётиб даволаниб бўлмайди. Поликлиникадан бир кунда бир хабар олади, бўлди. "Тез ёрдам" шифокори келганида иложим йўқлигини айтдим. Мени шифохонага олиб келди.

Ҳозир уйда яна икки киши ётибди, русча билишмайди. Бир амаллаб таҳлил топширтирдик, жавоби 4-5 кунда чиқади.

Энди борадиган жойимиз йўқ. Улар (ижара уй эгаси) тезроқ жой топинглар-да, кетинглар, дейишаяпти. Участка нозири ҳам чиқариб юборади. Квартирани дезинфекция қилиб, камида икки ойга ёпиб ташлайди.

Таваккал қилиб дўконга чиқдик

Эрталаб икки шеригимни аста бозорга юбордим, ҳеч ким билмайди. Саримсоқ, лимон, карам, гречка, шунга ўхшаш витаминли маҳсулотларни кўпроқ олиб келиб енглар, дедим. Балки яхши ейишса, уларда касаллик енгил ўтар, деб ўйладим.

Бу хавфли, лекин иложимиз йўқ. Бизни пулимиз бор, фақат ташқарига чиқмаётганимиз учун қийналаётгандик. Таваккал қилдик. Ўзи ташқарига чиқиш мумкинмас, қўл қўйдириб ёздириб олишган. Уларни аҳволи сал яхшироқ, лекин уларда ҳам касаллик бор.

26-мартдан ишимиз тўхтаган. Озроқ пулимизни уйга юбормай, "қора кун"га деб олиб қўйгандик. Шуни ишлатаяпмиз.

"Россиядан чарчадим"

Уйдагиларга билдирмадик. Дадамнинг ҳам, онамнинг ҳам қон босими бор. Хавотирланишларини истамадим.

Бу ердан чиққандан кейин турар жой топишни ҳал қилишим керак. Биласиз, бу ерда жой топиш қийин. Квартирага қайтиб бора олмаймиз. Шунга нима қилишни билмай, бошимиз қотиб қолган.

Уйни олдида машинам ҳам ётибди - "Газель". У ҳам керакмас, шу туришда ташлаб кетаман. Биринчи навбатда соғлигим керак. Машина кетса, 200 -250 минг рублга кетади. Бир тийин пули ҳам керакмас, чарчадим.

Йўқ, гап фақат касалликдамас. Россиядан чарчадим. 18 йилдан бери шу ердаман. 9-синфни тамомлаб келганман, кўп азоб чекканман. Жуда кўп одамларни кўрдим, кўп одамларга ёрдам бердим. Олдинги Россия қолмаган, ҳозир ҳар қадамда алдов. Аввал одамлар бошқача эди, ҳозир инсофни ҳам еб кетишди. Келиб ишлашга арзимайди.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek