Коронавирус: Ўзбекистон Россиядан сотиб олиши айтилган ИВЛ аппаратлари ёниб кетмоқда - O'zbekiston

Россия

Сурат манбаси, Anadolu agency

Россиянинг коронавирус беморлари даволанаётган икки шифохонасида юз берган ёнғин ҳодисаси ортидан "Росздравнадзор" Уралдаги асбоб-ускуна заводида ишлаб чиқарилган "Авента-М" сунъий нафас бериш жиҳозларидан фойдаланишни тақиқлаган.

Давлат идораси иккала шифохонада ҳам айнан шу жиҳоз ишлатилганини тасдиқлаган.

Шу йилнинг 12 мартида Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирусга қарши чоралар муҳокама қилинган илк йиғилишида Россия Федерациясининг "Уральский приборостроительный завод" АЖ корхонасидан 500 та ИВЛ аппаратларини сотиб олиш ҳақида сўз борган эди.

Бош вазир Абдулла Арипов бошчилик қилган комиссия йиғилишининг баённомаси Би-би-сига келиб тушган.

Унда 10 банддан иборат чора-тадбирлар белгилаб олингани айтилган.

Жумладан, тиббиёт муассасаларини зарур тиббиёт техникаси билан тезкор жиҳозлаш, жаҳонда ИВЛ (сунъий нафас) аппаратига бўлган эҳтиёжнинг кескин ошиб кетганлиги, yшбу аппаратларни қисқа муддатларда Ўзбекистонга етказиб келиш шартлиги муносабати билан, Соғлиқни сақлаш вазирлигига Россия Федерациясининг "Уральский приборостроительный завод" АЖ корхонасидан 500 та ИВЛ аппаратларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг Эпидемияларга қарши кураш бўйича тадбирлар учун бюджет ассигнацияси жамғармаси ҳисобидан истисно тариқасида танлов (тендер) ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали сотиб олишга рухсат берилиши топширилган.

26 март куни коронавирусга қарши кураш чоралари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев 500 та сунъий нафас бериш жиҳозлари сотиб олиш ҳақида ҳукуматга топшириқ берганини айтган.

10 апрель куни эса Россиядан 500 та аппарат сотиб олингани ва тез кунда Ўзбекистонга етказиб берилишини маълум қилган.

Маҳаллий матбуот Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларига таянган ҳолда Россияда ишлаб чиқарилган ИВЛ аппаратлари 20 апрелда етиб келиши ҳақида ёзган.

ИВЛ

Сурат манбаси, Getty Images

17 апрель куни президент ҳукуматга яна қўшимча 2300та сунъий нафас бериш аппаратлари сотиб олиш ҳақида топшириқ берганини айтган.

Би-би-си Уралдаги заводдан сотиб олинган аппаратлар Ўзбекистонга етиб келганми, деган савол билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди ва ҳозирда расмий жавоб кутмоқда.

Вазирлик расмийлари Ўзбекистон шифохоналарида жами 1000га яқин сунъий нафас бериш жиҳозлари борлигини айтишган, аммо уларнинг қандай русумдаги аппаратлар экани ҳақида маълумот бермаганлар.

Президент Мирзиёевнинг 2300та сунъий нафас бериш аппаратлари сотиб олиш ҳақида ҳукуматга берган топшириғининг ижроси қай босқичда экани ҳақида маълумот йўқ.

Умуман, ўзбек расмийлари сунъий нафас бериш жиҳозларининг сони борасидаги маълумотни жуда кеч очиқлашган.

6 нафар бемор ёнди

Вақтинчалик тақиқ 2020 йил 1 апрелидан кейин ишлаб чиқарилган жиҳозларга тегишли.

"Авента-М" сунъий нафас бериш жиҳозлари Москва ҳамда Петербургдаги шифохоналарда ишлатилган.

Ёнғин натижасида аппаратга уланган 6 нафар бемор ҳаётдан кўз юмган.

Жиҳозларни ишлаб чиқарган ширкат Петербургдаги шифохонага ўз маҳсулотларини етказиб берганини тасдиқлаган, аммо ёниб кетган аппаратлар ўзига тегишлими, йўқлигига аниқлик киритмаган.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Мирзиёев ўтган ой Россиядан сотиб олинган 500 та ИВЛ аппаратлари тез кунда Ўзбекистонга етиб келишини айтган эди

9 май куни Москва шифхонасидаги ёнғин бемор аёлнин ҳаётига зомин бўлган, 12 май куни эса, Уралдаги завод жиҳозини сотиб олган Петербургдаги шифохонанинг жонлантириш бўлимида ёнғин чиққан.

Матбуот хабарларига кўра, ҳар икки ҳодисада ҳам "Радиоэлектрон технологиялар" концернига қарашли компаниянинг маҳсулотлари ёнган.

Интерфакс агентлиги манбасининг айтишича, Петербургда ёниб кетган беш нафар беморларнинг ҳаммаси коронавирусдан даволанаётган бўлган.

BBC

Айрим шифохоналар "Росздравнадзор" қарор чиқаришидан олдин ушбу тургани аппаратлардан воз кечганликлари хабар қилинади.

"Радиоэлектрон технологиялар" концерни матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, ҳозирда тиббий жиҳознинг ҳолатидан тортиб, ёнғиндан хавфсизлик қоидаларига қанчалик риоя қилинганига қадар кўплаб фаразлар ўрганилмоқда.

Америка жиҳозларни тўхтатди

Америка Россия шифохоналаридаги ёнғин сабаблари маълум бўлгунича, Москва етказиб берган айни турдаги сунъий нафас бериш жиҳозларини ўрнатиш жараёнини тўхтатиб қўйган.

АҚШ Фавқулодда вазиятлар федерал агентлиги (FEMA) матбуот котиби Жанет Монтезига кўра, Қўшма Штатларга худди шу русумдаги сунъий нафас бериш жиҳозлари етказилган, аммо улар ҳеч қачон ишлатилмаган.

"Аппаратлар шифохоналарга йўлланмаган", дея иқтибос келтирмоқда Рейтер агентлиги.

Агентлик вакилининг айтишича, Россияда ишлаб чиқарилган аппаратлар Нью-Йорк ва Нью-Жерсида вазият ёмонлашиб кетгани тақдирда ишлатиш учун сақланган.

Ҳозирда эҳтиёт чораси сифатида аппаратлар Фавқулодда вазиятлар федерал агентлигига қайтарилаётгани айтилади.

Апрель ойи бошида Россия АҚШга тиббий жиҳозлар, жумладан, "Авента-М" аппаратларини етказиб берган эди.

Хабарларга кўра, Нью-Йорк штати бу аппаратлардан 30 та, Нью-Жерси штати эса, 15 та олган.

Ҳар икки штат расмийлари ушбу жиҳозлар керак бўлмагани ва ҳозирда федерал агентлик ихтиёрига қайтарилаётганини айтишган.

Агентлик вакилига кўра, ушбу жиҳозлардан фойдаланиш-фойдаланмаслик ҳақидаги қарор Россия расмийлари бошлаган текширув хулосаларидан сўнг қабул қилинади.

Россия ўлимни камайтириб кўрсатмоқдами?

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Financial Times рўзномасининг Россия коронавирусдан ўлим ҳолларини камайтириб кўрсаатётгани ҳақидаги мақоласини танқид қилган.

У ғарб мабуотининг бу ҳақдаги хабарларини буюртма деб атаган.

Душанба куни чоп этилган мақолада Financial Times муаллифлари Москва ҳамда Санкт-Петербургдаги ўртача ўлим ҳолларини таҳлил қилганлар.

Уларга кўра, жорий йилниннг апрел ойида бу икки шаҳарда ўлим ҳоллари ўртача кўрсаткичдан юқорироқ бўлган.

Муаллифларнинг ёзишларича, апрель ойида Москвада ўлим ҳоллари ўртача рақамдан 1841 тага кўп бўлган, Санкт-Петербургда эса, 2073тага.

Журналистларнинг уқтиришича, ҳар икки шаҳардаги 1444 та ўлим ҳолати расмий ҳисоботга киритилмаган.

Россия расмийлари мамлакатда коронавирусдан ўлим ҳолатлари бутун дунёдагидан паст эканини айтишган.

Би-би-си рус хизматига кўра, бу ўлим ҳолатларини санаш услуби билан боғлиқ.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўллаётган услубга кўра, бевосита коронавирусдан ўлганлар сони билан бошқа касали бўла туриб, коронавирусни ҳам юқтирганлар алоҳида-алоҳида ҳисобланади.

Душанба куни Россия коронавирусга чалинганлар сони бўйича (232243) АҚШдан (1млн 347,9 минг) кейин иккинчи ўринга чиққан.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek