Россия мигрантлар: очликдан ўлишдан ҳам ёмони йўқ - O'zbekiston

Ишлаётган мигрант

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Москвадаги аксар мигрантлар ишсиз ва пулсиз, аммо ободонлаштириш соҳаси истисно.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

"Очликдан ўлишдан ҳам қўрқинчлироқ нарса бўлмаса керак".

Москвада ишини йўқотган қурувчи мигрант Иброҳим ҳозирги ҳолатини шундай тасвирлайди.

"Ҳаво ва сув билан озиқлана олмайсанк-ку" - дейди Иброҳим Би-би-си билан суҳбатда.

Владимир Путиннинг сўнгги эълони Иброҳим ва Россиядаги яна 10 миллиондан кўп мигрантга умид бериши мумкин.

Видео лавҳамизни томша қилинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Россия президенти ишсиз таътиллар тугаб, қарийб барча соҳалар бугун 12 майдан бошлаб ишга қайтиши мумкинлигини билдирган.

Бироқ минтақавий раҳбарлар ўз ҳудудларидаги шароитларга қараб, якуний қарорни беришади.

Президент Путин хавф ҳамон мавжудлигини урғулади, шу боис одамларнинг бир ерда тўпланиши ва кўп кишилик тадбирларга рухсат берилмайди.

Россиядаги коронавирус ҳолати:

  • Россия - коронавирус энг кўп аниқланган иккинчи мамлакат.
  • Расман ташхис қўйилган беморлар сони 232 мингдан ошган.
  • Ҳар куни 10-11 мингдан кўпроқ кишида коронавирус аниқланмоқда.
  • Қурбонлар нисбатан кам - 2 минг атрофида.

Аммо айримлар бу рақамни савол остига олишади ва аслида коронавирус туфайли ўлганлар сони кўп бўлиши мумкинлигини айтадилар.

Москва нима бўлади?

Пойтахт Москва - вирус ўчоқларидан бири.

Ўзбекистонлик мигрантларнинг салмоқли қисми эса айнан Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарларда ишлаб, яшашади.

Олдинроқ Москвадаги карантин май ойи охиригача чўзилиши айтилганди.

Президент Путин ишга қайтиш бошланишини айтса-да, шаҳар раҳбарияти шароитга қараб иш тутади.

Хуллас, Москвадаги барча мигрантлар ҳам ҳали ишга чиқа олмаслиги мумкин.

Ишини йўқотганларнинг тезда иш топишлари эҳтимоли ҳам савол остида.

Бироқ кўплаб корхоналарнинг очилиши мигрантлар жамоаси учун умумий маънода енгиллик яратади.

Аксарият ишсиз ва пулсиз

мигрант

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Ишламасак, ҳаво ва сув билан озиқланиб бўлмайди-ку, дейди Иброҳим.

Ўзбекистонликлар - Россиядаги энг катта сонли муҳожир жамоалардан бири.

Айни пайтда, улар энг ҳуқуқсизи ҳамдир.

Қатновлар тўхтатилгани боис уларнинг аксарияти ватанга қайтиб кета олишмаган.

Бунинг устига, мигрантлар жўнатган пулга яшаб келаётган Ўзбекистондаги оилалари ҳам қийин шароитда қолишмоқда.

Ўзбекистонликлар Россиядаги умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш, кичик савдо, ободонлаштириш, омборлар ва қурилиш соҳаларида кўп ишлашади.

Ҳозирги юмшатишлар эса бу соҳаларнинг айримларини тезда иш бошлашини таъминласа, бошқалари ҳали узоқ вақт карантиндан олдинга ҳолатига қайтолмаслиги мумкин.

Ингичка узилди деганда...

Олти ҳафталик карантин сабабли кўплаб муҳожирлар қўлидаги пул жуда оз ёки қолмаган.

Тўғри, Россия ҳукумати июнь ойи ўртасигача патент тўловларини бекор қилганди.

Аммо оила боқиш, ижара ҳақи, озиқ-овқат ва коммунал тўловлар учун барибир маблағ зарур.

Карантинни юмшатиш ва ишга қайтиш чоралари нефть-газ хомашёси нархи тушииб кетишидан зарар кўрган Россия иқтисоди учун ўта муҳим.

Бу эса миллионлаб мигрантлар учун янада қийин кечган карантин давридан чиқишга умид беради.

Аммо коронавирус юқиш хавфи Россияда юқори бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонликлар кўп ишлайдиган йирик шаҳарларда, улар тиқилиб яшайдиган тор квартира ва хоналарда, гигиена қоидаларига риоя қилиш имконлари чекланган шароитларда эса вируснинг қайта бош кўтариш эҳтимоли юқори бўлиб қолаверади.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek