Янгилик: Ўзбекистон, Россия, Хитой БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашига сайланди - O'zbekiston, Mirziyoyev, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон, Россия, Хитой БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашига сайланди - янгилик халқаро миқёсда аллақачон ҳайрат, таажжуб ва тушунмовчиликларга сабаб бўлмай қолмади. Россия ва Хитойнинг кенгашга кириши жиддий танқидлар билан қарши олинмоқда.
Янгилик Россия бу гал мухолифат лидери Алексей Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан Европа Иттифоқининг санкцияларига юз тутиши маълум бўлишидан саноқли кунлар ўтиб бўй кўрсатди.
Хитой эса, уйғурлар ва мусулмон озчиликлар, яна Гонгконгга нисбатан сиёсати учун ҳали-ҳануз халқаро миқёсда кескин танқидларга тутиб келинаётган бир манзарада кенгаш аъзоси этиб сайланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича аҳвол, йилларки, жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келаётган Саудия Арабистони ҳам номзод давлатлардан бири бўлган.
Аммо БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига кириш учун етарлича овоз тўплай олмаган.
Номзодларни БМТ Бош Ассамблеясининг 193 аъзоси сайлашган.
47 ўринли кенгашга Ўзбекистон, Россия ва Хитойдан ташқари яна Фил Суяги Қирғоғи, Габон, Малави, Куба, Боливия, Франция ва Британия кирган.
Сенегал, Непал, Покистон, Украина ва Мексика эса, қайта сайланган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзолик уч йил муҳлатни кўзда тутади.
Аммо давлатларнинг кетма-кет икки бор сайланишлари имкониятини ҳам назардан соқит этмайди.
Тенг намояндаликни таъминлаш мақсадида овоз беришлар жўғрофий гуруҳига қараб, яширин тарзда бўлиб ўтади.
Сешанба кунги сайловда фақат Саудия Арабистони ҳам кирувчи Осиё-Тинч ҳавзаси гуруҳида бироз рақобат кўзга ташланган.
Бу гуруҳдаги тўртта ўрин учун бешта номзод давлат - Ўзбекистон, Хитой, Непал, Покистон ва Саудия Арабистони беллашган.
"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотининг айтишича, агар, гуруҳларида жиддий рақобат бўлганида, Россия, Хитой ва Куба ҳам кенгашга кира олмаган бўларди.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон эса, ўз тарихида илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзоси этиб сайланган.
Ислом Каримов даври Ўзбекистони инсон ҳуқуқлари бўйича абгор аҳвол юзасидан, йилларки, халқаро миқёсда жиддий танқидларга тутиб келинган.
Қийноқлар ва диндорларга нисбатан тазйиқлари, репрессив сиёсати билан танилган.
Мустақил Ўзбекистон бу каби ютуққа Шавкат Мирзиёев бошқаруви билан кечган ўтган тўрт йилнинг ичида эришган.
Янгилик Ўзбекистонда президент сайловига саноқли ойлар қолган бир пайтга тўғри келган.
Аммо Ўзбекистоннинг кенгашга аъзолик даъвоси ҳам айрим халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари томонидан эҳтиёткорлик билан қарши олинган, орада матбуотда хосан чиқишларига ҳам сабаб бўлган.
Унда янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни яхшилаш йўлида қўлга киритган ютуқлари алоҳида қайд этилган, номзодлик истаги дадил қадам сифатида баҳоланган эса-да, ҳалича бу соҳада вазиятни ҳақиқатда ўзгартиришга эҳтиёж борлиги ҳам айтилган.
Янги аъзолар 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб ўз ваколатлари ижросига киришишлари мумкин бўлади.
АҚШ маъмурияти сайлов натижаларига аллақачон ўзининг кескин муносабатини билдириб чиққан.
АҚШ Давлат котиби Майк Помпео "БМТ Бош Ассамблеяси яна бир бор кенгаш аъзоси этиб инсон ҳуқуқлари бўйича аҳвол абгор бўлган давлатларни сайлагани"ни айтган.
Унга кўра, "бу сайлов АҚШнинг кенгашдан чиқиб кетиш, глобал инсон ҳуқуқларини бошқа ташкилот ва йўллар орқали ҳимоя ҳамда тарғиб қилиш қарори тўғри бўлганини исботлаган".
АҚШ 2018 йилда, аъзолик муддати тугамай туриб, кенгашни тарк этган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















