Ўзбекистон: Андижондаги қийноқлар - Омбудсман "бу уят" деди - O'zbekiston

Сурат манбаси, Sof.uz
Андижондаги қийноқлар: Омбудсман "бу уят" деди - қийноқлар ва шахс ҳуқуқларининг бузилиши масаласига тўлиқ ечим топиш учун Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тизимини тубдан ислоҳ қилиш кераклигини таъкидлади.
Ўзбекистондаги қийноқлардан навбатдаги ўлим ҳолати хабари шанба, 13 июнь куни юзага чиққан бўлса, gazeta.uz интернет нашри, орадан икки кун ўтиб, Омбудсман Улуғбек Мухаммадиев билан бу ҳақдаги суҳбатини эълон қилди.
Андижондаги котиллик бунгача Ўзбекистон Сенати ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказининг диққат-эътиборига ҳам тушган.
Ҳар икки идора ҳам зўравонлик ҳодисасини қоралашларини бирдек баён қилишган.
Мазкур ҳолат ўзлари томонидан назоратга олингани, адолат қарор топиши, бундай фожеа такрорланмаслиги учун ўз имкониятларини ишга солишларини айтишган.
Миллий марказ аллақачон бу хусусда Ўзбекистон Бош прокурори ва Ички ишлар вазирига расмий хат билан мурожаат қилганини ҳам билдирган.
Бу - сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларни том маънода ларзага келтирган Ўзбекистон билан боғлиқ яна бир мавзу бўлган.
Кибер фазодаги акс-садолар фонида ўзбекистонлик айрим депутатлар томонидан мамлакат Ички ишлар вазирининг истеъфосига оид даъватлар ҳам янграган.
"ИИВ раҳбарияти марҳум йигитнинг оиласидан лоақал бир оғиз кечирим сўраб қўйса яхши бўларди", деган фикрлар ҳам ўртага отилган.
Бу каби чиқишларга вазир ўзининг бирор бир шаклдаги муносабати ҳозирча кўзга ташланмаган.
Худди шу манзарада Андижондаги ҳодисага шахсан Ўзбекистон президентининг ўзи эътибор қаратишига оид айрим постлар ҳам кўзга ташланган. Аммо ҳалича ўзининг расмий тасдиғини топмаган.
А.Абдукаримовнинг Андижонда милиция ходимлари томонидан айнан қандай қийналгани тафсилотлари маълум эмас.
Хабарларда унинг Ички ишлар бошқармаси маъмурий биносида олган жароҳатлари туфайли 30 май куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига келтирилгани, 11 июнь куни эса, ҳаётдан кўз юмгани айтилган.
Унинг "ноқонуний ушлаб турилгани", "руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилиши натижасида комага тушгани" хабар берилган.
Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг яшанба кунги билдиришномасидан ҳодисага "қимматбаҳо тош" сабаб бўлгани англашилган.
Юз берган ҳодиса юзасидан жиноий иш очилган, тергов ҳаракатлари олиб борилган, уч нафар ҳуқуқ-тартибот ходимига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
14 июнь куни Андижон вилояти Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник Содиқ Усмонов ишдан олинган.
Телефон орқали уюштирилган суҳбати чоғида Омбудсман "ягона тергов қилувчи органнинг ташкил қилинишига зарурат борлиги"ни таъкидлаган.
"Лекин бу ҳам қийноқлар ва шахснинг ҳуқуқларини бузилишига тўлиқ ечим эмаслиги"ни айтган.
"Бунинг учун ИИВ тизимини тубдан ислоҳ қилиш керак"лигини урғулаган.
Ўзбекистон ва қийноқлар

Сурат манбаси, MAGERRAM ZEYNALOV/BBC
Омбудсман шу йил 29 май куни мамлакат Бош прокуратурасида бўлиб ўтган брифинг чоғида ҳам қийноқлар масаласига тўхталган.
"Ўзбекистонда қийноқлар олдиндан бор, фақат ҳукумат буни тан олмасди", деб айтган.
"Лекин охирги йилларда Ўзбекистонда қийноқлар масаласи мавжуд эканини ошкор этаётгани"ни қайд этганди.
Ўзбекистон ҳукумати ўтган йил Бирлашган миллатлар ташкилотига тақдим қилган расмий маълумотга кўра, 2017-2018 йилда ҳибс ва турмаларда қийноқ қўлланилгани устидан 1069 та шикоят келиб тушган.
Ундан аввалги йили бу кўрсаткич атиги 189 та эди, демак шикоятлар сони қарийб 10 баравар ошган.
Ҳибсхоналардаги "кенг тарқалган"и қайтиб келинувчи шафқатсиз қийноқлар масаласи эса, президент Ислом Каримов бошқаруви билан уйғунликда кўрилган ва халқаро миқёсда диққат-эътиборда турган энг хавотирли, энг актуал муаммолардан бири бўлган.
Янги ҳукумати ва президентининг ўтган тўрт йилча вақт оралиғида қилган қатор баёнотлари ва қўл ураётган айрим ислоҳотлари эса, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ана шу имижини яхшилаш илинжида эканига оид умидларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Ўзбекистон яқин-яқингача Марказий Осиёнинг қамоқхоналарида энг кўп маҳкумлар сақланаётган давлати бўлиб келган.
Худди шу фонда жазони ижро этиш муассасалари ҳам яна энг ёпиқларидан бири сифатида кўрилган.
Қамоқхоналаридаги шарт-шароитлар ва маҳкумларнинг сонларига оид расмий маълумотлар ҳам халқаро ташкилотлар томонидан анчайин скептик қарши олинган.
Халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари томонидан Ўзбекистонда биргина диний ва сиёсий маҳкумлар сонининг ўзи мингларга нисбат берилган.
Уларга нисбатан муносабат ва тутиб турилган шарт-шароитлар ҳам узоқ йиллар давомида халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келган.
Алоқадор мавзулар:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













