Ўзбекистон: Қийноқлар шикоятлари 1000дан ошган, лекин нега бу йил фақат 1 киши жазоланди?

Сурат манбаси, un.org
Ўзбекистон ҳукумати Бирлашган миллатлар ташкилотига тақдим қилган расмий маълумотга кўра, 2017-2018 йилда ҳибс ва турмаларда қийноқ қўлланилгани устидан 1069та шикоят келиб тушган. Ундан аввалги йили бу кўрсаткич атиги 189та эди, демак шикоятлар сони қарийб 10 баравар ошган.
Аммо, айни расмий маълумотга кўра, 2018 йилда 4 киши қийноқ қўллагани учун жазоланган бўлса, бу йил фақат 1 киши жазога тортилган.
БМТнинг Қийноққа қарши қўмитаси Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтаётган 68-сессиясида нега қийноқлар устидан шикоятлар бу қадар ошганига қарамай, жазоланганлар сони кескин камайиб кетганини савол остига олди.
Қўмита сессияси очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази директори Акмал Саидов нутқ сўзлади ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни олқишлади.
Саидов узоқ йиллардан бери Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вакили сифатида БМТ инсон ҳуқуқлари идораларига ҳисобот бериб келади.
Саидов чиқиши ортидан сўз олган Қийноққа қарши қўмита раиси ўринбосари Фелис Гаэр Ўзбекистон ҳукумати тайёрлаган ҳисоботлардан қониқмаганини билдирди.
Унинг айтишича, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрида судларда қийноқлар ёрдамида олинган далил-исботлардан фойдаланишни тақиқловчи фармонига имзо чеккан бўлса-да, бу фармон амалда қандай тадбиқ қилинаётгани борасида маълумот берилмаяпти.

Сурат манбаси, IIV
Гаер хонимга кўра, буни Ўзбекистон томони суд ишларининг қанчасида қийноқ иддаолари бўлгани борасида статистик маълумот йиғилмаслиги билан изоҳлаган.
Гаернинг айтишича, қийноқлар устидан шикоятлар 10 баравар ошганига қарамай, ўзбек тарафи бунинг бошқа шикоятларга қараганда камлигини айтиб, аҳамиятини пасайтиришга уринмоқда.
Қийноққа қарши қўмита, шунингдек, Ўзбекистонда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) тизимида бу борада қандай ислоҳот қилингани, ҳамда прокуратура тизимида қийноқлар бўйича тушаётган шикоятларни ўрганиш учун махсус идоралар тузилиши борасида ҳам берган саволларига аниқ жавоб олмаган.
Фелис Гаер Ўзбекистон ҳукуматидан ҳибсхона ва қамоқхоналардаги қийноқнинг жинсий зўравонлик тури қўлланилиши ҳақида ҳам аниқ маълумот сўраганида, "Омбудсман бундай шикоятларни олмаган" дея жавоб олганини билдирди.
"Милиция ходими Санъат Умаров аёл кишини яланғоч ечинтириб видеога олгани ортидан жазога тортилганини ўзи айтиб турган ҳукумат нега жинсий зўравонлик ҳоллари йўқ деяпти? Жинсий зўравонлик Ўзбекистонда ҳам аёллар, ҳам эркакларга қарши кенг қўлланиладиган ҳолат", - дея қизиқди Гаер.
Қўмита раиси ўринбосарига кўра, Ўзбекистонда кўплаб сиёсий ва диний маҳбуслар озод қилинган бўлишига қарамай, ҳали ҳам "минглаб сиёсий маҳбуслар" қамоқда қолмоқда. У, хусусан, имом Руҳиддин Фахриддинов, навоийшунос олим Акром Маликов, сиёсатшунос Рустам Абдуманнопов, продюсер Мирсобир Ҳамидқориевлар ишини тилга олди.

Сурат манбаси, Bobur Yusupov
Гаернинг айтишича, айни дамда қийноқлар бўйича юқори даражали янги ҳолатлар бўйича ҳам ўзбек томонидан жавоб олинмади.
Хусусан, унга кўра, ўтган йил декабрида ўзини поезд остига ташлаб ўлдириш ҳаракати ортидан ҳибсга олинган ва давлатга хиёнатда айбланаётган собиқ дипломат Қодир Юсуповнинг ўзига ва оила аъзоларига жинсий зўрлаш билан таҳдид қилингани "нотўғри маълумот" дея ҳукумат томонидан рад қилинган.
"Бу даъволарни текширишни ўйлаб кўрдингизми? Нега бу иш жамоатчилик учун ёпиқ тарзда ўтяпти?" - деб сўради Гаер.
Сессиянинг уч соат давом этган биринчи қисмида қўмита хоразмлик блогер Нафосат Оллошукурова (тахаллуси - Шабнам Оллошукурова) аҳволидан хавотирда эканини изҳор қилди. Оллошукурова ўтган сентябрда Хоразмдаги норозилик намойиши ва милиция зўравонлигини видеога олишга уриниши ортидан ҳибсга олинган. У ҳозирда мажбуран руҳий касалхонада қолмоқда.
Гаер Ўзбекистон ҳукумати мажбурий руҳий муолажа каби жазони қайта кўриб чиқишни режалаётгани ё режаламаётгани борасида ҳам изоҳ талаб қилди.
Унга кўра, Ўзбекистонда журналистлар ва блогерлар таъқибга олиниш давом этяпти. Ўзбекистон томонидан 2013 йилги ҳисоботда исми тилган олинган 18 фаол озод қилинганини айтса-да, улар оқланган ё оқланмагани, ҳамда уларга компенсация тўлангани ё тўланмагани борасида маълумот берилмаган.
Раис муовини Эссадия Белмир ўз чиқишида айтишича, Ўзбекистонда суд тизими ислоҳотига киришилган бўлса ҳам, у ҳали ҳам "Совет мероси" остида қолмоқда. Унга кўра, ўзбек суд тизими мустақил эмас.
13 ноябрь куни давом этадиган сессия йиғилишида Акмад Саидов юқорида санаб ўтилган хавотирларга жавоб бериши кутилади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












