Ўзбекистон ва пахта: Совуқ душ, 90 кг норма ва халқаро танқид

"Пахта кампанияси" халқаро ташкилоти Маҳмуд Ражаб, Нафосат Оллошукурова, Давлатназар Рўзметов ва Малоҳат Эшонқуловаларга таъқиб бўлаётганини қоралади

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, "Пахта кампанияси" халқаро ташкилоти Маҳмуд Ражаб, Нафосат Оллошукурова, Давлатназар Рўзметов ва Малоҳат Эшонқуловаларга таъқиб бўлаётганини қоралади

"Пахта кампанияси" (The Cotton Campaign") ташкилоти Ўзбекистон пахта далаларидаги мажбурий меҳнатни ёритиб келувчи ва бошқа фаолларнинг таъқиб қилинишини талаб қилиб баёнот чоп қилди.

"Пахта кампанияси" ташкилоти пахта саноатидаги болалар ва катталар мажбурий меҳнатини йўқ қилиш йўлида курашувчи инсон ҳуқуқлари ва меҳнат фаоллари, сармоядорлар ва бизнес ташкилотларидан тузилган глобал коалициядир.

Ташкилотнинг охирги баёнотида ёзилишича, Ўзбекистонда фаоллар ва журналистларнинг таъқиб қилиниши пахта мавсуми қизиганда юз беради. "Ҳукумат пахта ҳосили даврида юз берадиган мажбурий меҳнат ҳоллари ҳақида хабар тарқатиш учун мустақил кузатувчилар, мустақил фуқаролик жамияти фаоллари ва журналистларга ижозат бериш бўйича халқаро ваъдалар берган".

"Пахта кампанияси" баёнотида пайшанба куни суд иши бошланиши кутилаётган шоир, инсон ҳуқуқлари фаоли ва журналист Маҳмуд Ражаб, фаол ва блогер Нафосат (Шабнам) Оллошукурова, журналист Давлатназар Рўзметов, ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоли ва журналист Малоҳат Эшонқуловаларга қарши бўлаётган босим ва таъқиблар тўхтатилишини талаб қилади.

Ташкилотга кўра, Маҳмуд Ражаб, Малоҳат Эшонқулова ва Давлатназар Рўзметов пахта далаларидаги мажбурий меҳнатни ёритиб келганлар.

  • Маҳмуд Ражаб - меҳнат ҳуқуқлари кузатувчиси, шоир ва журналист. У ўз қариндошлари ва тарафдорлари билан 22 сентябрда "пиёда юриши"ни уюштирганида ҳибсга олинган. Юриш қатнашчилари Хоразм вилоятидаги "қонунсизлик"ни ёритиш ва Ражабга қарши контрабанда китобларни мамлакатга олиб кириш айбловлари бекор қилишни талаб қилиб Ички ишлар вазири билан учрашишга Тошкентга йўлга отлангандилар. Ички ишлар ходимлари унга куч ишлатиб, уни ва қатор яқинлари, хусусан бир неча болаларни ҳам ҳибсга олган. У 10 кунлик маъмурий ҳибсдан 3 октябрда чиққан. Ражаб 2009 йилдан бери Германиядаги Инсон ҳуқуқларининг ўзбек-немис форуми каби ташкилотларга пахта секторидаги мажбурий меҳнат ҳақида хабар бериб келган.
  • Нафосат Оллошукурова - блогер ва фаол. Шабнам Оллошукурова тахаллуси остида ишлаган блогер Маҳмуд Ражаб юришини ва ички ишлар ходимлари куч ишлатишини фильмга олган. Мазкур видео турли каналларда икки миллиондан кўп марта кўрилган. Оллошукурова ҳам 10 кунлик маъмурий ҳибсга олинган ва санаси 30 сентябрь дея кўрсатилган суд қарори билан руҳий касалхонага ётқизилган. Унинг мажбурий руҳий касалхонага ётқизилиши борасида оила аъзоларига хабар берилмаган. У ҳануз руҳий ҳибс остида қолмоқда.
  • Давлатназар Рўзметов - журналист. Мажбурий меҳнат ҳоллари ҳақида хабар тарқатиб келувчи Рўзметов 5 октябрда ҳибсга олинган. Ички ишлар бошқармаси уни беш соат давомида Ражабга алоқаси ҳақида сўроқ қилган. Рўзметов ҳам Ражабнинг юриши ҳақида ўз Фейсбук саҳифасида хабар тарқатган. У Оллошукурова ҳақида мақола ёзиши ортидан 12 октябрда яна сўроққа чақиртирилган. Ўтган йил октябрида Рўзметов "безорилик" айби билан етти кунга қамоққа ташланган. Журналистнинг ўзи пахта мавсумидаги мажбурий меҳнатни ёритгани учун шу тарзда жазоланганига ишонади.
  • Малоҳат Эшонқулова - журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли. Эшонқулова бир туман расмийсини коррупцияда айблаб чоп қилган видео лавҳаси учун туҳмат айбларига юз тутмоқда. Эшонқулова ҳозирда Ўзбекистонни тарк этган ва ҳибсга олиниш хавотири билан ватанига қайтишга қўрқмоқда. Эшонқулова Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси, хусусан Инсон ҳуқуқларининг ўзбек-немис форумига пахта теримидаги мажбурий меҳнат ҳақида мунтазам хабарлар етказиб турган.
Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев (суратда чапдан тўртинчи) борасидаги чиқишлари учун Малоҳат Эшонқулова жиноий ишга юз тутмоқда

Сурат манбаси, Zomin tuman hokimligi

Сурат тагсўзи, Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев (суратда чапдан тўртинчи) борасидаги чиқишлари учун Малоҳат Эшонқулова жиноий ишга юз тутмоқда

"Ўзбекистон ўз ислоҳотлари жараёнидаги бурилиш босқичида турибди. У янги бурилиш қилиб, эркин жамиятга йўл очиб бериши ёки ўтмишдаги авторитар тизимни барбод қилмай ўз иқтисодини ривожлантириш йўлини танлаши мумкин. Ўзбекистондаги иқтисодий ўзгаришларга қўллаб-қувватловини изҳор қилиб келаётган халқаро шериклар ҳозирда таҳдид остида бўлган фуқаролик фаоллари тақдири борасида баралла гапиришлари керак", - деб ёзади баёнотда "Бирдамлик маркази" (Solidarity Center) ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Руди Портер.

"Баъзи фаоллар, журналистлар ва блогерларнинг таъқиб қилиниши ва ҳибсга олиниши фуқаролик жамиятини титратади. Ҳукумат фаолларга чеклов йўқ дейди, аммо уларни қамаш ва ҳатто руҳий касалхоналарга тиқиш билан у умуман ўзгача ишора бермоқда", - дейди Инсон ҳуқуқларининг ўзбек-немис форуми директори Умида Ниёзова.

"Биз Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатни йўқ қилишда ва бошқа ислоҳотлар ҳаракатида мустақил фуқаролик жамияти ишлаши учун муҳит яратиб берилиши ўта муҳим деб ўйлаймиз. Ҳақиқий мустақил фаоллар ишлай олгандагина, шаффофлик ва жавобгарлик бўлади. Унда турфахил фикрлар, хусусан ҳукуматни танқид қилувчи фикрлар ҳам қабул қилинади", - дейди "Пахта кампанияси" асосчиси Беннет Фриман.

Совуқ душ

Поп туманининг "Уйғур" посёлкасида пахта терувчиларга ажратилган ётоқхона

Сурат манбаси, Yelena Urlaeva/Solmaz Ahmedova

Сурат тагсўзи, Поп туманининг "Уйғур" посёлкасида пахта терувчиларга ажратилган ётоқхона

Айни дамда Ўзбекистон пахта далаларидаги мажбурий меҳнат ва пахтакорларнинг абгор яшаш шароитлари борасида тошкентлик фаол Елена Урлаева ва унинг шериклари ҳисоботлар тарқатишда давом этмоқда.

Елена Урлаева ҳам ўтмишда айни фаолияти учун бир неча бор ҳибсга олинган ва мажбурий руҳий муолажа олган.

Урлаеванинг Инсон ҳуқуқлари альянсидаги ҳамкори Наманганнинг Поп туманидан хабар қилишича, "Уйғур" посёлкасидаги тракторларни таъмирлашга ихтисослашган эски бинога мажбурий меҳнатга олиб келинган одамлар жойлаштирилган. Маҳаллий фаол Солмаз Аҳмедова хабар қилишича, пахтакорлар Поп ҳокими Азиз Султонов буйруғи билан олиб келинган 100дан ошиқ кадастр хизмати ходимларидир. Аҳмедова билдиришича, ҳаво совуқ ва ёғингарчиликка қарамай, ишчиларга совуқ сувли душ, сув ва гигиена қоидаларига риоя қилинмаган ошхона, деразалари синган ва деворлари дарз кетган совуқ ва нам ётоқхона берилган.

Шунингдек, "Қишлоқ қурилиш инвест" ташкилотидан келган 50 нафар аёллар "Уйғур" посёлкасидаги эски кутубхона биносида тунашмоқда. Бино деразасига "Диққат бу ерга сийганни энасини эшшак ......" деб ёзилган.

Ҳар бир теримчига кунига 70 кг пахта териш мажбурияти қўйилган. Техника умуман кўзга ташланмайди.

Елена Урлаеванинг талаби

Сурат манбаси, Yelena Urlaeva

Сурат тагсўзи, Елена Урлаеванинг талаби

7 октябрда фаол Елена Урлаева Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги биноси қаршисида ИИВ Академияси курсантлари ва ИИВ ходимларини пахта далаларидан қайтаришни талаб қилиб пикет ўтказган. Пикет ташкилотчисига кўра, ИИВ пахта теримида ИИВ ходимлари ўртасида юз берган ўлим ҳоллари ва жароҳатланиш ҳоллари тергов қилиниши керак.

Урлаева исми шарифи сир сақланиши шарти билан ИИВ ходимлари ва курсантларининг қуйидаги ёзма кўрсатмаларини тарқатди:

"1 октябрда бизни Жиззах вилоятидаги Арнасой туманига пахтага олиб кетишди. 90та зобит ва учта курснинг ҳар биридан 560тача курсант. Учта курсдан 1680 курсант. Академияда фақат хўжалик ишчилари ва 270 курсант қолган. Лекин уларнинг кўпи бетончи бўлиб ишлаяпти, бетон қуйишади. Бизга 1 октябрдан норма 70 кг дейилганди, 6 октябрдан 90 кгга кўтарилди. Кўплар 30-35 кг теряпти, қолганини маҳаллий аҳолидан сотиб оляпмиз. Ҳар зобитдан овқат учун 1 миллион 800 минг сўмдан ушлаб қолиняпти. Тонгда 5да туриб, кечқурун 7да қайтамиз. Берадиган овқатини ҳеч ким емайди, еб бўлмайдиган овқат. Кўчага умуман чиқаришмаяпти, инспекторлар назорати жуда кучли. Терган пахта учун бир тийин олганимиз йўқ".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek