Ўзбекистон: Дориси тўхтатилган дипломат Қодиржон Юсупов борасида халқаро хавотирлар ошган

Сурат манбаси, Bobur Yusupov
Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизмати ҳибсхонасида сақланаётган собиқ дипломат Қодиржон Юсуповга дори-дармонлар олиб кирилишига рухсат берилмаяпти.
Айни дамда Юсуповнинг саломатлиги борасида халқаро ташкилотлар ва сиёсатчиларнинг хавотирлари ошган.
Унинг адвокати ва оиласига кўра, Юсупов руҳий хасталилигини назорат остида ушлаб туриш учун "Севпрам" дорисига муҳтож. Шунингдек, у ҳибсга олинишидан сал аввалроқ олган оғир жисмоний жароҳатлари учун "Суставин" дорисини қабул қилиши керак.
Ўтган декабрь ойида 67 ёшли Қодиржон Юсупов ҳибсга олинишидан бир ҳафта аввал ўзини Тошкент метросидаги поезд остига ташлаб ўлдиришга уринган, бироқ қатор оғир жароҳатлар олиб омон қолганди.
Унинг кенжа ўғли Темурнинг билдиришича, отаси касалхонада нималарнидир алжираган ва ўзининг хорижий агент эканини ҳам айтиб, тушунарсиз баёнотлар қилган. Буларга гувоҳ бўлган милиция сўнгра ДХХ зобитларини чақирган. Бир ҳафтадан сўнг эса у олиб кетилган ва давлатга ҳиёнатда айбланган.
Би-би-си танишиб чиққан икки шифокор хулосаларига кўра, Юсупов кўп йиллардан бери руҳий хасталикдан жабр чекиб келади.
Юсуповни ҳимоя қилаётган адвокат Аллан Пашковскийнинг Би-би-сига айтишича, мижози дориларга муҳтож.
"Ўз мижозим билан учрашувимда менга маълум бўлишича, унинг дорилари деярли тугаб бўлган. Оиласининг менга айтишларича, иккита алоҳида ҳолатда оиласи унга турли буюм ва маҳсулотларни тергов изоляторига олиб келишганида, дори-дармон киритилишига рухсат берилмаган", - дейди Пашковский.
Юсуповнинг шифокори, "DYAKOV VLADIMIR MED" шифохонаси бош врачи Владимир Дьяков имзолаган билдириш хатида айтилишича, "Севпрам" антидепрессант дорисининг қабул қилинишини тўсатдан тўхтатиш беморда салбий оқибатларга, хусусан, ўз жонига қасд қилиш истагига етаклаши мумкин.
ДХХ баёноти
Подробно.уз сайтида 16 июнда чиқарилган ДХХ баёнотида Юсуповга дори-дармонлар бериб келингани айтилади.
"Юсуповга дориларни бериш бўйича қариндошлари қилган баёнотларга жавобан ДХХ хабар қилишича, у қариндошларидан 14 марта передача олган, хусусан 7 марта "Остегенон", "Дуадар", "Севпрам", "Кальций", "Витопрост", "Грасулан" дориларини олган", - дейилади ДХХдан иқтибос келтирган подробно.уз хабарида.
Аммо, хабардан бир кун ўтиб, 17 июнда Юсуповнинг оиласи яна бир бор "Севпрам" ва "Суставин" дорисини киритишга уринганида, яна рад жавобини олган. Дорилар нега киритилмаётгани изоҳланмаган.
Оиланинг ДХХ тергов изолятори катта терговчиси Антон Кимга ёзган ва Би-би-си танишиб чиққан хатларидан маълум бўлишича, Юсуповнинг оиласи унинг соғлиғи учун "Севпрам" нақадар муҳим дори эканини таъкидлаган.
Халқаро хавотирлар

Сурат манбаси, Twitter/GregHands
Британия парламенти аъзоси Грег Ҳандс Қодиржон Юсупов аҳволидан безовта бўлаётганини билдирди.
"Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига кўпдан бери қизиқиб келаман, мен ушбу масалада сайловчимнинг отаси аҳволидан чуқур хавотирдаман ва бу масалада устида фаол ишламоқдаман", - деди у 25 июнда ёзган твитида.
Британиянинг нуфузли нашри ҳам Telegraph 12 июнда чоп қилган мақоласида 1999-2002 йиллар орасида Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси фаолият юритган Қодиржон Юсупов аҳволидан хавотир билдирган.
Мақолада ёзилишича, ДХХ изоляторида Юсуповга дубинка билан жинсий зўрлаш, ҳамда хотини ва қизини жинсий зўрлаш билан таҳдид қилинган.
Мақола муаллифининг Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳидан иқтибос келтириб ёзишича, Юсупов ишидаги қийноқлар ва таҳқирлашлар Хавфсизлик хизматларининг қудрати чексиз бўлган "эски Ўзбекистон ҳалиям тирик" эканига ишора қилади.
Аввалроқ Human Rights Watch гуруҳининг Марказий Осиё бўйича директори Стив Свердов Юсупов ишида шаффофликка ва қонунлар ҳурмат қилинишига чақирган.

Сурат манбаси, Iphronline
Айни дамда, Юсупов иши 24 июнда Бельгия пойтахти Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи-Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари диалоги учрашувида ҳам кўтарилган.
Учрашувда муҳокама этилиш учун тақдим этилган Инсон ҳуқуқлари учун халқаро шериклик (IPHR) брифинг тақдимотномасида Юсуповга ўз адвокати ва оиласи билан беш ой давомида кўришишга рухсат берилмагани қораланади.
"20 июнь куни, суд иши вақтида Юсуповнинг оиласи унга шифокор томонидан белгиланган дориларни бера олмаётганини билдирди (Севпрам антидепрессанти). Юсупов шифокорига кўра, Юсупов мунтазам равишда бу дорини қабул қилиб бориши керак. Аммо, вазият (ДХХ мавқеи) ўзгаришсиз қолмоқда ва биз Юсуповнинг саломатлигидан хавотирдамиз", - дейилади IPHR Ўзбекистонга тақдим қилган брифинг ҳужжатида.
Уч нафар вояга етган фарзанднинг отаси, пенсионер Қодиржон Юсуповнинг суд иши ёпиқ тарзда, ҳарбий судда кўриб чиқилмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












