Ўзбекистон соф диктатурадан юмшоқ авторитарлик сари қандай кетмоқда? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Камолиддин Раббимов

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Камолиддин Раббимов - Европада яшаётган ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи ва жамиятшунос.
    • Author, Камолиддин Раббимов
    • Role, Сиёсий таҳлилчи, Франция

Ўзбекистон сиёсий тизими, Ислом Каримов даврида, дунё ҳамжамияти томонидан, жуда аниқ қабул қилинарди ва тасвирланарди.

Ўзбекистон сиёсий тизими ўтган чорак асрда фақат "диктатура", "якка шахс диктатураси", "қаттиқ авторитаризм", деб номланиши кузатилди.

Биринчи маъмуриятнинг сиёсий ислоҳотлар, сўз эркинлиги, демократия ва ҳуқуқий давлатчилик борасида зиддиятли сиёсати кузатилди.

Зиддиятли стандартлар мамлакати

Ахборот сиёсати даражасида Ўзбекистоннинг ҳуқуқий давлатчилик, демократик бошқарув, сўз эркинлигидан бошқа муқобил тараққиёт йўли мавжуд эмаслиги жуда кучли урғуланар эди.

Жумладан, интернетни бўғиш ақлий заифлик сифатида айтилар эди.

Лекин бу даврдаги энг асосий ёндашув ҳам ундаги икки хил андазаларидан иборат эди.

Бир томондан, Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамланган қадриятлар, тамойилларни урғулаш, давлат ва жамият тараққиётини ушбу қадриятларга боғлашга интилиш кузатиларди.

Айни пайтда ҳар доим "лекин", "тадрижийлик", "босқичма-босқичлик", "тайёргарлик" ва бошқа шартлар айтилар эди.

Ўзбекистон биринчи маъмурият даврида реал сиёсий ислоҳотлардан жиддий қўрқар эди.

Сўз эркинлиги, масалан, ижтимоий-сиёсий барқарорликни издан чиқариши муқаррар омил сифатида баҳоланарди.

Сиёсий плюрализмнинг энг кичик кўринишлари ҳам "анархия", "бошбошдоқлик"ка элтувчи йўлнинг бошланиши сифатида талқин қилинарди.

Барқарорлик! Бошқаси бекор

Ўтган чорак аср давомида Ўзбекистонда қаттиқ авторитаризм ва назорат тизимининг фалсафий, ҳуқуқий, маданий асослари яратилди.

Жумладан, олдинги маъмурият ўзини ва ташқи дунёни ўзига хос баҳолаш учун алоҳида мафкура ва дунёқараш тизимларини шакллантирди.

Унга кўра, Ўзбекистон - барқарорлик оролчаси сифатида эътироф қилинди.

Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистонда, барқарорлик - фаровонлик, иқтисодий ривожланиш, эркинлик, ҳуқуқий давлатчиликдан мутлақ устун қадрият сифатида белгиланди, қолган қадриятлар ва манфаатлар хавфсизлик ва барқарорликка бўйсундирилди.

Соф диктатурадан юмшоқ авторитаризм сари

Мирзиёев

Сурат манбаси, Sputnik

Сурат тагсўзи, Мирзиёев бошқарувида Каримовдан қолган диктатура юмшоқ авторитаризмга айланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви даврида Ўзбекистон бошқарувда "мажбурлаш" миқёсини камайтириш йўлига ўтди.

Онгли равишда бошқарув тизимидаги "мажбурлаш" ва "маҳрум қилиш" ҳажмини камайтириб борди.

Куч ишлатар тизимларини янгича фикрлаш ва ишлашга йўналтирди.

Натижада, Ўзбекистонда биринчи маъмурият даврида одатий ҳолга айланган оммавий репрессиялар, оммавий қамашлар, қариндош-уруғчилик асосидаги таъқиблар, диндорларга нисбатан ҳар хил расмий ва норасмий "қора рўйхатлар" бекор қилинди.

Ўзбекистон сиёсий тизими таркибида, мажбурлаш ва маҳрум қилиш тафаккурининг қисқариши, параллел равишда эркинлик ва рационализмнинг ошишига ва давлат бошқарув табиатининг жиддий ўзгаришига сабабчи бўлди.

Ўзбекистон, мустақилликнинг биринчи чорак асрида "соф диктатура" деб номланишдан чиқиб кета олмаган бўлса, бугунги тизимни "мўътадил авторитаризм" ёки "рационал авторитаризм" деб номлаш мумкин.

Ўзбекистон, ҳали тўлақонли ҳуқуқий-демократик тизимга ўта олгани йўқ.

Шу ҳолатнинг ўзи ҳам, Ўзбекистон бошқарув тизимини авторитар деб номлашга асос бўла олади.

Қолаверса, бошқарув тизимида эркинлик ва ҳуқуқий муносабатларнинг илдиз отиши учун жиддий амалий тажриба шаклланиши лозим.

Яъни қисқариб бораётган мажбурлов механизмлари ўрнини эркинлик ва ҳуқуқий муносабатлар эгаллаши ва мана шу жараён муттасил амалиёт ҳамда малака сифатида миллий давлатчиликка сингиб бориши назарда тутилади.

Бугунги бошқарувдаги асосий нуқта шундан иборатки, иккинчи маъмурият ўзининг имкониятларини эски қаттиқ авторитар тизимни сақлашга эмас, янги, замонавий ва рационал бошқарувни шакллантиришга сарфламоқда.

Асосий тенденция - авторитаризмни кучайтириш эмас, пасайтириш томонга кетаётгани кузатилмоқда.

Шу билан бирга, сиёсий тизим доирасида инерция ва эҳтиёткорлик кучли эканлиги, новаторлик ва либерал тафаккур танқислиги яққол кўриниб туради.

Каримовнинг тасаввурлари

Ислом Каримов

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ислом Каримов модерн давлат деганда, диндорларга зуғум қилишни тушунган.

Диний соҳада биринчи маъмурият жамиятнинг, одамларнинг диндорлик даражаси билан ашаддий курашиб келди.

Айнан шунинг учун, ташқи кўриниши диндорни эслатувчи шахслар, соқолли эркаклар ва ҳижобли аёллар давлатнинг қаттиқ таъқиби остида бўлди.

Марҳум Ислом Каримов тафаккурига кўра, Ўзбекистон модерн давлат бўлиши керак эди.

Бу "модернликка" эса мусулмон диндорларга нисбатан қаттиқ репрессия сиёсатини юргизиш асосидагина эришиш мумкин деб ҳисоблар эди.

Натижада, Ўзбекистонда бир неча минглаб диний-сиёсий маҳбуслар пайдо бўлди, кўп сонли сиёсий қочқинлар шаклланди.

Ўзбекистон давлатчилигининг легитимлигини энг кучли емирган омиллардан бири ҳам анъанавий Ўзбекистонда динга қарши репрессия усулларини қўллаб, анча мутассиб дунёвийликни сингдириш сиёсати бўлди.

Мирзиёевнинг ёндашуви

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, President.uz

Президент Мирзиёев ҳам Ўзбекистонни эркин ва модерн давлат сифатида кўриш йўлидан бормоқда.

Бироқ биринчи маъмуриятдан фарқли томони - Мирзиёев модернизмни мажбурлаш орқали эмас, имкон қадар эркинлик ва қадриятлар мувозанати орқали таъминлаш назарда тутилмоқда.

Бугун Ўзбекистоннинг дин ва виждон эркинлиги борасидаги сиёсати анча эркин ва вазмин ҳисобланади.

Жамиятга диний эркинликлар берилаётгани давлатчиликни, ижтимоий барқарорликни ва давлат-жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамламоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳали Ўзбекистон сиёсий-ҳуқуқий тизими дунё андазаларидаги дин ва виждон эркинликлари даражасидан узоқда.

Бу борада ижтимоий тафаккур ҳам, диний доираларнинг ҳуқуқий-сиёсий маданияти ҳам, давлат мулозимларининг малакаси ҳам ҳали ривожланиб бориши керак.

Гап бошқа, иш бошқа

Ҳуқуқий давлатчилик ва демократия борасида кейинги беш йилда кескин фарқли информацион сиёсат олиб борилмоқда.

Каримов соатлаб интервью беришни ва ҳуқуқий-демократик қадриятларсиз келажак йўқлигини исботлашга уринарди.

Шунинг билан бирга, ҳуқуқий-демократик давлатчилик тезда бўлмаслигини, бунинг учун жиддий замин яратилиши кераклиги урғуланарди.

Президент Мирзиёевнинг ёндашуви жуда фарқли.

Унинг лексиконида "ҳуқуқий", "демократик" каби сўзлар Каримовга қараганда бир неча баравар кам учрайди.

Амалиётда эса, кейинги беш йилликдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар Ўзбекистонни худди Горбачев давридаги "ўйғониш даври"га яқинлаштирганлигини, ижтимоий тафаккурда давлатдан қўрқиш даражаси жиддий миқдорда камайганлигини, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муаммоларнинг кўтарилиши даражаси кескин ошганлигини кузатиш мумкин.

Шу билан бирга, ўтган беш йил ичида Ўзбекистон олий ҳокимиятидаги сиёсий плюрализм, жамоат ташкилотлари борасидаги эркинлик, мухолифат каби масалаларда жиддий эҳтиёткорлик сақланиб қолаяпти.

Бу эса иккинчи маъмуриятда ҳам новаторлик ноқислиги, эски сиёсий фобиялар ёки қўрқувлар мавжуд бўлиб қолаётганини кўрсатади.

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, Getty Images

Эркинлик ва зиддият

Кенгайиб бораётган сўз эркинлиги - иккинчи маъмуриятнинг энг йирик сиёсий ютуқларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда шаклланиб, баъзан қийинчиликлар ва босимлар остида яшаб келаётган сўз эркинлиги иккинчи маъмуриятнинг стратегик мақсади - муаммоларни малакали англаш ва уларга тўғри ечим топиш сиёсати учун энг катта институционал воситачи ҳисобланади.

Ҳали Ўзбекистондаги сўз эркинлиги асосан интернет нашриётларида, ижтимоий тармоқларда кузатилади.

Лекин Ўзбекистон ичидаги телеканалларда, радиоканалларда сўз эркинлигидан кўра, эҳтиёткорлик ва ўзаро цензура анча юқори эканлиги кузатилади.

Биргина сўз эркинлигининг ўзи Ўзбекистон давлати ва жамоатчилигининг сиёсий тафаккурини жиддий бир шаклда ўзгартирмоқда, давлат легитимлигининг ўсиши йўлида жиддий омил сифатида хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати сўз эркинлиги борасида бир вақтнинг ўзида икки вазифани кўзлаётганини кўриш мумкин.

Биринчидан, сўз эркинлигини оҳиста парваришлаш орқали ижтимоий муаммоларни йўналишга солиш ва натижада ислоҳотлар ҳаётийлигини таъминлаш.

Иккинчидан, сўз эркинлиги меъёрини назорат қилиш орқали ижтимоий барқарорликнинг издан чиқишига имкон бермаслик ҳисобланади.

Шу сабабли бугунги кунда сўз ва ахборот эркинлиги борасида қисман зиддиятли вазият кузатилмоқда.

Шуни алоҳида урғулаш керакки, биринчи маъмурият даврида Ўзбекистонга дахлдор ахборот ташаббуси, ахборот оқимлари, ғоялар таклифи асосан ташқаридан амалга оширилди.

Бу борадаги барча ташаббусларда давлат тўлақонли ютқазди, ташқи ташаббусларнинг объектига айланиб қолди.

Бугун эса, ахборот ташаббуси Ўзбекистоннинг ичига қайтди ва зиддиятлар билан бўлса-да, ривожланиб бормоқда.

Ўзбек раҳбарлари ўзгармоқдами?

Давлат институтлари ва мулозимларининг ўзгараётган тафаккури борасида фикр юритиш лозим.

Қиёсий таҳлил қилганда, биринчи маъмурият даврида Ўзбекистон давлат институтлари ва уларнинг мулозимлари жамиятдан алоҳида, бошқа бир корпорация мақомига тенглашиб қолган эди.

Давлат сиёсатига кўра, ҳар қандай давлат институти ва мулозимини айблаш, танқид қилиш - Президент ва давлат сиёсатининг бир бўғинини, бир қисмини танқид қилиш, деб талқин қилинарди.

Бу мантиққа мувофиқ, агар одамлар бирон бир кичик мулозимни танқид қилса, демак, эртага Президентни ва давлат олий ҳокимиятини ҳам танқид қилишлари мумкин деб ишониларди.

Биринчи маъмуриятнинг сиёсий маданиятида экстраполяция қилиш, кичик масалаларни ҳам катта сиёсий жараёнлар билан умумлаштириш, ҳар қандай муаммо ва унинг ечимини Президент ва унинг хавфсизлигига олиб бориб тақаш тафаккури жуда кучли шаклланиб, амалда тадбиқ қилинарди.

Бугун эса давлат мулозимларининг ўзларини одамлар танқид қилишига муносабатлари анча рационал ва вазмин. Лекин ҳали ҳам маълум табулар ва эҳтиёткорликлар мавжуд.

Асосийси, Президент Мирзиёевнинг жиддий ёндашуви шундан иборатки, давлат институтлари ва мулозимлари имкон қадар жамиятга очиқ бўлишлари, жамиятда тўпланиб қолган муаммоларни имкон қадар тез ва малакали каналлаштиришлари керак бўлади.

Бугунги Ўзбекистонда давлат мулозимларининг сайёр қабуллари, очиқ мулоқотлари, интервьюлари одатий ҳолга айланиб улгурди.

Ҳокимият тушундики, ўтган чорак асрда жамиятнинг муаммолари ечилмади, балки фақат бостирилди.

Бостириш иш бермади

Андижон

Сурат манбаси, Human Rights Watch

Сурат тагсўзи, Андижон 2005 йил: Ислом Каримов бошқарувида барқарорликдан бошқаси бекор эди.

Глобаллашган дунёда эса муаммоларни бостириш усул ё чоралари - фақат ижтимоий портлаш ва сиёсий инқирозлар келиб чиқишини кафолатлайди.

Ўзбекистон биринчи маъмуриятининг сиёсий тафаккури ўтган асрнинг 90-йилларида, яъни ҳали интернет ва ижтимоий тармоқлар мавжуд бўлмаган даврда шаклланиб улгурди.

2000-йилларда эса, Каримов тизими интернет даври ўзгаришларга мос тарзда ўзини ўзгартира олмади ва, аксинча, ахборот оқимларини назорат қилишга уринди.

Бугунги интернет ва ижтимоий тармоқлар 2000-йиллардаги каби ўта примитив ва бошланғич даражада эмас.

Қолаверса, ахборот технологиялари ва оқимлари, нафақат жамиятнинг, балки, энг аввало олий ҳокимиятдаги бўлажак раҳбарларнинг ҳам тафаккурини ўзгартириб улгурган эди.

Каримовнинг кетиши мана шу пишиб етилган тафаккурнинг юзага чиқиб, кўриниш бериши учун имконият яратди.

Йўқолаётган қўрқув

Президент Мирзиёевнинг биринчи беш йиллик мандати - Ўзбекистон жамияти учун, ўзгаришларни англаш даври бўлди.

Бу беш йилликда жамият тафаккуридаги қўрқув секинлик билан, лекин муттасил эриб борди.

Бугунги ижтимоий фикрнинг асосий талаби шундан иборатки, энди Ўзбекистонда монополияларга, коррупцияга, тизим ичидаги малакасизликларга ҳамда нуқсонларга қарши жиддий курашиш палласи тўлалигича пишиб етилди.

Ўзбекистон жамияти бугун ҳокимларни сайлаш, янги партиялар тузиш, сиёсий рақобатни ошириш, амалдорлар синфини имкон қадар кучли ва жиддий назорат қилишни истайди.

Президент Мирзиёев ҳам ушбу ижтимоий ҳолатлар пишиб етилаётганини эътироф қилган ҳолда, кейинги беш йилликда ислоҳотлар йўлидан, эркин ва фаровон Ўзбекистон қуриш стратегик йўлидан чекинмаслигини жиддий шаклда такрорлаб келади.

Бугун Ўзбекистонда шаклланаётган сиёсий маданиятнинг муҳим хусусияти шундан иборатки, фуқаролик жамияти фаоллари, кенг жамоатчиликда танқидий фикрлаш ўсиб бормоқда, ҳокимиятни ва ҳукуматни танқид қилиш ҳажми ошиб бормоқда.

Айни пайтда, жамият Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар ва ўзгаришлар давом этишини, уларнинг самарадорлиги ошишини истайди.

Шу маънода, Ўзбекистон жамоатчилиги, менинг назаримда, Президент Мирзиёев сиёсий курсисини ижобий қабул қилади ва қадрлайди.

Келаси беш йилда нима кутиш мумкин?

Ўтган беш йиллик Мирзиёев маъмурияти учун анча сокин ўтди дейиш мумкин: ҳеч қандай кучли ижтимоий-сиёсий инқирозлар ё зўриқишлар кузатилмади.

Маълум сиёсий инқирозлар, зўриқишлар ҳам ҳокимият даҳлизларидан ташқарига деярли чиқмади ва узоқ чўзилмади.

Кейинги беш йиллик Ўзбекистон ҳокимияти учун жиддийроқ имтиҳонлар даври бўлиши кутилади.

Сабаби, ижтимоий тафаккурдаги қўрқув эриб, муаммоларни англаш даражаси кўтарилди.

Бюрократиянинг, айниқса, маҳаллий мулозимлар, қолаверса, монополияларнинг фаолияти эса жамият томонидан анча зиддиятли ёки салбий воқеълик сифатида қабул қилинади.

Мана шу манзарада ислоҳотларни давом эттириш учун сиёсий-ғоявий ташаббускорликни ушлаб туриш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни кучайтириш, давлат легитимлигини парваришлаш, жамият билан ўзаро ишончни кучайтириш ва ривожлантириш ҳамда шу йўл билан миллий бойлик яратиш, ниҳоят, бу бойликни адолатли тақсимлаш тизимини яратиш керак бўлади.

Яъни, биринчи беш йилликда давлатнинг легитимлиги замирида куч ишлатмаслик турган бўлса, бундан кейин эркинликни ва фаровонликни сезиларли даражада таъминлаш вазифаси туради.

Бу вазифани амалга ошириш учун эса ижтимоий барқарорликни, геосиёсий мустақилликни ва минтақавий ташаббускорликни қўлдан бермас лозим.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek