Ўзбекистон: Қаттиқ совуқ келмасдан электр энергияда узилишлар бошландими? Янгиликлар

Сурат манбаси, Ezgulik
Ўзбекистонда ҳали қаҳратон совуқ бошланмасдан электр энергиясида узилишлар бўлаётгани айтилмоқда. Ҳукумат бу йил қишга ҳар доимгидан ҳам қаттиқ тайёргарлик кўрганига ишора қилганди.
Мутахассислар бир ҳафтадан сўнг Ўзбекистон бўйлаб қаттиқ совуқ бўлишини тахмин қилмоқда. Ўтган йили аномал совуқ вақтида Ўзбекистонда чуқур энергия инқирози кузатилганди.
Аммо ҳали совуқ тушмасдан Ўзбекистоннинг айрим жойларида электр энергиясида узилишлар бўлаётгани ва метан газ таъминотига чекловлар қўйилгани айтилмоқда.
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятининг ёзишича, Самарқанддаги бозор электр тармоғидан асоссиз узилган.
Хабарда айтилишича, Самарқанд шаҳар ҳокимлигига қарашли "Самарқанд Сиёб Савдо" унитар корхонаси ҳудудида автомобил эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи тадбиркорлар электр энергия тармоғидан асоссиз узиб ташланган.
"Орадан икки ҳафта ўтганлигига қарамасдан элект-энергия учун тўловларни олдиндан тўлаб қўйган тадбиркорларга бирон бир амалдор чиқиб электр узилишининг сабабларини очиқламаётир", деб ёзади "Эзгулик" жамиятининг Самарқанд вилоят бўлими раиси Мирзо Субханов.
Электр энергиясида узилишлар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида кузатилаётгани айтилади.
Жиззах вилоятининг айрим туманларида ток ўтган йилдагидек ҳар куни бир неча соатлаб ўчмаётган бўлса-да, лекин 2 кунда бир марта, 15 дақиқа атрофида ўчаётгани айтилмоқда.
Фарғонадан блогер Дима Қаюмнинг айтишича, туманда ҳозирча электр узилишлари йўқ. Аммо у совуқда ҳам ўчмаслигига ишонмаслигини таъкидлайди.
"Ҳали ҳаво илиқлиги учун светлар ўчаётгани йўқ. Баъзи жойларда ўчаяпти. Метан газ шаҳобчаларида турнақатор навбат бошланган ва унга ҳам чекловлар киритилди. Риштондан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, аҳолининг 50-60 фоизида табиий газ узилган. Газ баллон билан таъминланган. Уйини ўтин, кўмир, таппи билан иситади", дейди Дима Қаюм
Мирзиёев нима қилмоқчи - Ўзбекистонда бу қиш энергия инқирози бўлмайдими?

Ўзбекистон мулозимлари бу йил қишга ҳар йилгидан кўра кўпроқ тайёргарлик билан келганини айтмоқда. Президент Мирзиёев тизимни яхшилаш учун 14,5 триллион сўм (тахминан 1 милларддан кўп) пул ажратилганини ва қолгани амалдорларга боғлиқ эканлигини айтди.
Ўзбекистон расмийлари шу йил бошида келган аномал совуқдан хулоса қилиб, тизим салоҳияти оширганини таъкидламоқда.
Президент матбуот хизматига кўра, аввало, ички имкониятлар тўла ишга солиниб, тармоқлар модернизация қилинди.
Бу соҳадаги муаммолар ўрганилиб, ҳар бир маҳаллагача етиб боргани айтилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев йил давомида энергетика тизимини яхшилаш учун 14,5 триллион сўм ёки 1 миллиард 179 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратилганини айтди.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, соҳа мутахассисларига нима керак бўлса ҳаммаси олиб берилган, қолгани уларнинг масъулиятни ўз зиммасига олишига боғлиқ.
"Бу йил энергетика тизимини яхшилашга барча манбалардан 14,5 триллион сўм бердик. Қандай хомашё, буюм, техника керак бўлса, олиб берилди. Энди соҳа раҳбарлари масъулиятни тўлиқ зиммасига олиб, аниқ режа қилиши ва энергия етказиб беришни кафолатли таъминлаши зарур, - деган Шавкат Мирзиёев.
Президент матбуот хизматининг айтишича, аҳоли ва корхоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида қўшимча 5 миллиард куб метр кафолатли газ манбалари ҳал қилинди. Ерости омборларида етарлича газ захираси жамланди.

Энергетика вазири Президентга берган хисоботида яқин ойларда 1 минг 700 мегаваттли 8 та қуёш ва шамол электр станцияси, Сирдарёда 500 мегаваттли газ турбинаси ишга туширилишини айтган.
Шунингдек, суюлтирилган газ, мазут, трансформатор, кабел ва бошқа зарур воситаларнинг захираси тайёрлаб қўйилгани таъкидланган.
Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, шунингдек, депутатларга энергетика инқирозининг олдини олиш учун Тошкентда қишга тайёргарлик қандай кетаётганини сўзлаб берган.
Вазир пойтахтда ўтган йили узилишларга сабаб бўлган хатолар ва муаммолар баратаф этилганини айтган
Вазирнинг таъкидлашича, аномал совуқ ва фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш алгоритми ишлаб чиқилган, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси, газ ва иссиқлик таъминотисиз қолдирмаслик мақсадида йирик истеъмолчилар (корхона, заводлар) керак бўлса, таъминотдан узилади.
Масъуллар қишга тайёргарлик бу йил қаттиқ бўлганини таъкидлаётган бўлса-да, маҳаллий матбуот саҳифаларида жорий йил ёзида бошланган пойтахт дохил турли ҳудудларда электр, газ таъминотидаги вақтинча ўчиришларга оид эълонлар ҳамон пайдо бўлмоқда.
Расмийлар буни куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасидаги чоралар сифатида изоҳлашади.
Ошиб бораётган талабни қондириш йўлида ҳукумат Туркманистондан газ сотиб олишни бошлаган.
Август ойида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов "Туркмангаз" билан йилига 2 миллиард куб метргача газ етказиб бериш бўйича "қисқа муддатли" шартнома имзолангани, томонлар узоқ муддатли шартномалар устида ишлаётганини маълум қилган.
Октябрь ойидан собиқ шўро замонида Ўзбекистон Россияга табиий газ узатган қувурдан Қозоғистон орқали рус гази Ўзбекистонга кела бошлаган.
Расмийларга кўра, Россия билан икки йиллик шартнома имзоланган, Ўзбекистон кунига 9 миллион кубометр, йилига тахминан 2,8 миллиард куб метр газ сотиб олишга қарор қилган.
Аммо рус ва туркман гази ўзбекистонликлар учун қанчага тушаётганига оид рақамлар ошкор этилгани йўқ.
1 ноябрь куни Санкт-Петербургда ўтган газ форумида иштирок этган Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов охирги олти йил ичида мамлакатдаги электр энергияси истеъмоли 40 фоизга ошгани, 2030 йилга қадар ҳам айни суръатдаги ўсиш кутилаётгани, шу сабабдан бир вақтлар фақат четга газ сотган Ўзбекистон, эндиликда, табиий газ сотиб олишга мажбур бўлаётгани ҳақида гапирди.
Мазкур тадбирда Мирзамаҳмудов Ўзбекистон газдан воз кечмаслиги, мамлакат газдан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқаришни қарийб икки бараварга оширишни режалаштираётганини айтиб, келажакда газ импорти янада кўпайтирилишига ишора қилди.
Би-би-си билан гаплашган айрим ўзбекистонликлар Россиядан газ кела бошлагани ҳақида эшитса-да, у қадар умидвор эмаслигини билдиришди.
"Эгарчи қишлоғимизда газ йўқ. Тахминан 20 йилдан ошди. 2002 йилларда газ ёнарди, аммо жуда паст эди, шунга қарамасдан кўп пул тўлардик. Кейин газ янада пасайиб кетгани учун одамлар трубаларни узиб ташлашди. Шундан бери газ йўқ. Таппи, ўтиндан фойдаланамиз. Сўнгги йилларда ёнилғиларимизга кўмир ҳам қўшилди. Тахминимча, яқин йилларда газ қишлоғимизга келмайди. Шунга қарамасдан, яқинда Россия Қозоғистон орқали Ўзбекистонга юбораётган газ бизга ҳам етиб келишидан умидвормиз", дейди самарқандлик суҳбатдош.
"Эртага кеч бўлади"
Ҳукумат январь ойидаги энергетика бўҳрони қайта такрорланмаслиги учун ҳаракатлар жадал олиб борилаётганини билдириш билан бирга аҳолини ҳам энергетик саводхонликка кўпроқ чақира бошлаган.
Одамларга юборилаётган асосий мужда - бу энергетика нархларини ошириш ҳаёт-мамот масаласи эканини тушунтириш.
Шунингдек, йил бошидан бери электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида тизимга етказилаётган миллиардлаб сўм зарарлар тўғрисида мунтазам хабарлар бериб бориляпти.
20 сентябрь куни Энергетика вазирлигининг аҳолига йўллаган мурожаатида табиий газ етказиб бериш тизимида зудлик билан йирик маблағ талаб этувчи ислоҳотлар олиб борилмаса, 2025 йилга бориб ҳатто ёз ойларида ҳам керакли ҳажмда газ етказиб бериш имконияти чекланиб қолиши ҳақида сўз боради.
Мурожаатда вазирлик электр энергияси ва табиий газ нархини бозор механизмлари орқали белгилаш ва тежамкорликни "бугундан бошлаш зарур"лигини таъкидлайди.
"Бир қоп пулингиз бўлади, аммо сотиб олиш учун маҳсулот топилмаслиги мумкин. Импорт маҳсулотлар эса бирмунча қиммат бўлади. Ҳар қандай соҳани ривожлантириш учун энг аввало иқтисодий асослар керак. Шундоқ ҳам зарар билан ишлаётган соҳага инвестор ҳам келмайди, давлатнинг ўзи сарфлаган маблағлар ҳам беҳуда кетаверади. Бу худди таги тешик идишда сув ташигандек гап", дейилади вазирлик мурожаатида.
Нархларни ошириш аҳолига қанчалик ёқмайдиган қадам бўлса-да, ҳукумат аста-секинлик билан бу йўлдан боришга қарор қилгандек кўринади.
26 октябрь куни Президент Мирзиёев энергетика ислоҳотларининг навбатдаги вазифаларига бағишланган йиғилиш ўтказганди.
Йиғилишда кўрилган асосий масала энергетика бозорини эркинлаштириш, соҳага хусусий инвестиция жалб этишни кўпайтириш бўлган.
Маълум қилинишича, иқтисодиёт ва аҳолининг энергияга нисбатан ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш йўлида янги генерация қувватларини ишга тушириш, тармоқларни тўлиқ замонавийлаштириш учун $52 миллиард доллар сармоя зарур бўлади.
"Бундай катта ҳажмдаги инвестицияларни хусусий сектор иштирокисиз шакллантириб бўлмайди. Соҳанинг хусусий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш учун эса, халқаро тажриба кўрсатганидек, энг аввало, очиқ рақобат муҳитига эга энергетика бозорини яратиш керак", дейилади ҳукумат порталида эълон қилинган хабарда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












