Ўзбекистон, “заправкалар”: Тошкентда ҳам соатлаб “очеред”лар бошланди – янги тақиқ қандай таъсир қилмоқда? – video, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, videograb

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон, "заправкалар": Тошкентда ҳам соатлаб "очеред"лар бошланди - янги тақиқ қандай таъсир қилмоқда? Фарғонадан Би-би-си билан гаплашган бир ҳайдовчининг сўзларига кўра эса, вилоятнинг айрим туманларида 5 январь куни давомида заправкалар, ҳатто, ишламаган ҳам. Наманган вилоятининг турли туманларидан Би-би-сига келган видеоларда 5 ва 6 январь кунлари газ қуйиш шохобчаларига кирмоқчи бўлган юзлаб машиналарни кўриш мумкин.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Тақиқ

4 январдан бошлаб Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг соат 15.00 дан сўнг ишлашига тақиқ қўйилди.

Бунинг ортидан, ҳатто, пойтахт Тошкентдаги метан заправкаларда ҳам узун навбатлар пайдо бўлган.

Энергетика вазирлиги мазкур чеклов ҳавонинг кескин совиб кетиши ортидан табиий газ истеъмолининг ошганлиги ва иссиқлик электр станцияларига газ етказиб бериш зарурияти ортидан ўрнатилаётганини билдирган.

Бу билан заправкаларга кундузги соат 15.00 дан тонгги 05.00 га қадар газ етказиб бериш тўхтатиб қўйилган.

Расмий хабарда заправкалар фаолиятининг чекланиши билан магистраль газ қувурларидаги босимнинг барқарорлашишига эришиш кўзланаётгани айтилади.

"Буёғига жиннихона бошланди"

Namangan

Сурат манбаси, videograb

Энергетика вазирлигининг Би-би-сига маълум қилишича, чеклов бутун республика бўйлаб жорий этилмоқда ва ҳаво ҳарорати кўтарилгунча амалда бўлади.

Турли ҳудудлардан Би-би-си билан суҳбатлашган ҳайдовчилар янги тартиб ўрнатилиши ортидан шундоқ ҳам навбатлар узун бўлган метан заправкаларига кириш деярли имконсиз бўлиб қолгани, ҳатто, айрим жойларда 5 январь тонгидан заправкалар умуман очилмагани ҳақида гапирдилар.

Наманган вилоятининг турли туманларидан Би-би-сига келган видеоларда 5 ва 6 январь кунлари газ қуйиш шохобчаларига кирмоқчи бўлган юзлаб машиналарни кўриш мумкин.

Бу ҳайдовчилар заправкаларнинг тушдан сўнг ёпилиши тўғрисидаги хабар кучли хавотир уйғотганидан ҳамма бор ишини ташлаб, машинасига ёқилғи тўлдириб олиш ҳаракатига тушиб қолганини айтадилар.

"Очеред жуда катта. Заправкада мингта мошина турибди», дейди Чуст туманидан Би-би-сига видео юборган "Дамас" ҳайдовчиси.

"Келганимизга икки, уч соат бўп қолди. Очеред катта. Буёғига секин жиннихона бошланяпти. Машиналар навбатнинг бошига ўтиб оламан, деб тиқилиб оляпти", дея Уйчи туманидаги 5 январь кунги ҳолатни тасвирлайди маҳаллий ҳайдовчилардан бири.

Фарғонадан Би-би-си билан гаплашган бир ҳайдовчининг сўзларига кўра эса, вилоятнинг айрим туманларида 5 январь куни давомида заправкалар, ҳатто, ишламаган ҳам.

"Бизда бугун эрталабдан кечгача заправкалар ишлагани йўқ. Соат 15 дан эмас, умуман, эрталабдан очилгани йўқ", дейди бу Фарғона яшовчиси.

Бироқ наманганлик яна бир ҳайдовчининг сўзларига кўра, 4 январдан кучга кирган чеклов чоралари Наманган шаҳридаги айрим заправкалар фаолиятига таъсир қилмаган.

Масалан, халқ орасида "Тешик тош" номи билан аталадиган мавзедаги заправка 6 январь куни ҳам сўнгги бир ойдан кўпроқ вақт давомида одатий тус олган ҳолда - соат 17.00 га қадар ишлади, дейди у.

Би-би-сининг тошкентлик ўқувчиси эса Сергели туманида жойлашган метан заправкасидаги 6 январь кунги ҳолатни тасвирлай туриб, пойтахтда ҳам газ қуйишга соатлаб навбат кутиш бошланганини маълум қилди.

"Ўзгаришдаги заправкада икки соатдан бери турибмиз, лекин ҳали навбатимиз келгани йўқ. Ўтган ҳафта бемалол, деярли очередсиз газ қуйдириб кетаётгандик", сўзлайди у.

Тан олинган чеклов

O'zbekiston

Сурат манбаси, daryo.uz

Эслатиб ўтиш жоиз, вилоятларда метан заправкаларнинг фаолиятига ноябрь охирида, пойтахт Тошкентда эса декабрь ойи бошида чеклов ўрнатилган эди.

4 январга қадар заправкалар соат тонгги 05.00 дан соат 17.00 га қадар хизмат кўрсатиб турган эди.

Расмийлар ўшанда кечга томон газ истеъмолининг ортишини ҳисобга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли ва ижтимоий объектларни табиий газ билан таъминлаш мақсадида заправкалар фаолияти чекланаётганини маълум қилган эдилар.

"Мана шу вақтда тирбандлик ҳосил қилмаслик мақсадида метан-заправкаларининг ишлаш вақтига ўзгартириш киритиш таклифи берилди. Яъни кундуз вақтида ёки тонгда заправка қилиш орқали кечки вақтда барча истеъмолчиларни бир меъёрда газ билан таъминлаш вазифаси қўйилди ва бу таклиф амалга оширилди", деган "Ҳудудгазтаъминот" АЖ раиси Баҳодир Эшмуродов декабрь ойи ўрталарида Kun.uz нашри билан суҳбатда.

Мамлакатда ўтган яқин йиллар давомида заправкалар газ таъминотидан узиб қўйилиши ёки газ лимити камайтирилиши ортидан турнақатор навбатлар юзага келиши айтилар, аммо расмийлар чекловлар ўрнатилгани тўғрисидаги хабарларни рад этиб келар эди.

2019 йилнинг ноябрь ойида метан заправкада соатлаб навбат кутишдан норози бўлган сирдарёлик ҳайдовчилар пойтахтга олиб борувчи магистраль йўлни ёпиб қўйган эди.

Бу сафар ўрнатилган чекловлар расман тан олинаётган бўлсада, янги тақиқ ҳаракатдаги машиналарининг катта қисми газдан ёқилғи ўлароқ фойдаланувчи мамлакат аҳолисининг қанча қисмига таъсир қилиши мумкинлиги изоҳланмаган.

Энергетика вазирлиги Би-би-сига тақдим этган маълумотларда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари ёки заправкаларнинг газ таъминоти тўлиқ ички ресурслардан қопланиши, заправкаларнинг газ истеъмоли эса мамлакатдаги умумий газ истеъмолининг 9 фоизини ташкил этиши ҳақида сўз боради.

Ўзбекистонда автомобиллар ва аҳолининг кўпайиши ортидан ёқилғига бўлган эҳтиёжни таъминлаш мақсадида автомашиналарни оммавий тарзда суюлтирилган ва сиқилган газда ҳаракатланишга мослаш ишлари 2000 йиллар ўрталарида бошланган эди.

2007 йилда Вазирлар Маҳкамаси бу ишни жадаллаштиришга мўлжалланган қарор ҳам қабул қилган.

Расмий рақамларга таянилса, 2007-2009 йиллар давомида атиги 106 минг машина сиқилган ҳамда суюлтирилган газда юришга ўтказилган бўлса, 2010-2016 йиллар давомида сиқилган газда ҳаракатланувчи автомашиналар сони 394 фоизга ортиб, 2018 йилда мамлакатдаги автомобилларнинг деярли 60 фоизи табиий газда ҳаракатланган.

Заправкалар фаолиятининг чекланиши қанча автомобиль соҳибларига дахл қилиши мумкинлигини тасаввур қилиш учун мамлакатдаги машиналар сонига назар ташлаш кифоя: 2020 йил февраль ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган автомашиналар сони 3 миллиондан ошиб кетган ва уларнинг 89 фоизини енгил автомобиллар ташкил этган.

Айни вақтда расмийлар тирикчилиги шахсий машинаси билан боғлиқ ҳайдовчиларга қандай ёрдам берилиши ёки газда юрувчи машина эгалари ёқилғининг муқобил манбалари билан таъминланиши ёки йўқлигини изоҳламаганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek