Ўзбекистон: Ҳукумат 2021 йилда автомобил импорт божини бекор қилмаслиги аниқ бўлдими? - Янгиликлар

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Президент Шавкат Мирзиёев автомобиль саноатида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқарувчилар сони кўпайтирилишини маълум қилди. Олдинроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors монополиясига барҳам беришнинг ягона йўли четдан кириб келаётган автомобилларга божхона тўловини пасайтириш кераклигини таъкидлаганди. UzAuto Motors эса бир йил давомида зарар кўриб ишлаганига матбуот ва ижтимоий тармоқларни айблади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 декабр куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида ижтимоий тармоқларда баҳс мунозараларга сабаб бўлаётган автомобилсозлик соҳасидаги режаларни ҳам тилга олиб ўтди.
"Автомобиль саноатида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва корхоналарга тенг шароитлар яратиш орқали соҳада ишлаб чиқарувчилар сони кўпайтирилади", деди Шавкат Мирзиёев.
Президент мурожаатида ишлаб чиқарувчилар сонини кўпайтиришни таъкидлагани, автомобилларга қўйилган бож тўловларининг пасайтирилмаслигини англатиши мумкин.
Расмийлар божхона тўловларининг баландлигини ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш билан изоҳлаб келади.
Бироқ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ҳамда бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунадиган Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бож тўловларини пасайтириш ҳақидаги фикри бу борада умид уйғотган эди.
7 декабр куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримов импорт автомобиллари учун божхона тўловини пасайтиришни UzAuto Motors монополиясига қарши курашишнинг ягона йўли деб атаганди.
"UzAuto Motors монополиясига қарши курашишнинг ягона йўли — кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловини пасайтириш. Агар рақобат бўлса, уларни текширишга ҳам ҳожат қолмайди. Рақобатнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди", — деганди у.
Бу орада Ўзбекистон автомобил соҳасида монопол бўлган UzAuto Motors 2020 йилдаги муваффақиятсизликларида журналистлар ва ижтимоий тармоқдагиларни айблаши баҳсларга сабаб бўлган.
Компания юридик департаменти директори Рустам Шаймардонов номидан эълон қилинган "UzAuto Motors: Кеча, бугун ва эртага" номли мақолада муаллиф ширкат номига бўлган танқидларни "махсус буюртма" эканлигини таъкидлайди.
"Бундай хабарлар тарқалиши жорий йилнинг август-сентябрь ойларида «UzAutoMotors»АЖ кунлик тушумини қарийб 30-40 млрд. сўмга кескин камайишига ёхуд жорий йилнинг август-сентябрь ойларида белгиланган режани 562 млрд. сўмга кам бажарилишига сабаб бўлган", дейди Рустам Шаймардонов.
У, шунингдек, ушбу хабарлар автосаноат соҳасининг инвестиция жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган.
"Учинчидан, хорижий ҳамкорлар билан Жамиятнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, заводнинг техник жиҳозларини модернизация қилиш ва айланма маблағларини кўпайтириш борасидаги 150 млн. евро миқдоридаги келишувини кечикишига ҳам айнан шундай хабарлар сабаб бўлган", - дейди UzAuto Motors юридик департаменти директори.
UzAuto Motors моддий зарар кўришда ижтимоий тармоқдагиларни айблаши эътирозларга сабаб бўлди.
"Компания 2020 йил август-сентябр ойларида белгиланган режани 562 млрд сўмга кам бажаришида, шунингдек хорижий ҳамкорлар билан 150 млн евро миқдоридаги келишуви кечикишида ОАВ ва блогерларнинг айбини нима билан исботлайсиз", - дея савол беради ҳуқуқшунос Аббос Салайдинов kun.uz сайти орқали.
У, шунингдек, компания ҳақида «махсус буюртма»лар асосида ёзган ОАВ ва блогерлар рўйхатини ҳам жамоатчиликка тақдим этишни ва нега судга даъво ариза киритилмагани сабабларига изоҳ бериб ўтишни сўраган.
UzAuto Motors монополиясига қарши курашишда фаол бўлган блогер Умид Гафуров 2020 йил 9 ойида компания томонидан бюджетга тўланмаган 582 миллиард сўмлик йиғимни эслатган.
Бу ҳақда шу йилнинг 18 ноябрида Ҳисоб палатаси хулосасидан маълум бўлганди.
2019 йил 1 октябрдан бошлаб жорий қилинган ушбу йиғим автомашиналар нархига киритилган, натижада ушбу йиғим харидорлар ҳисобидан ундирилиши айтилганди.
Блогер шунингдек, UzAuto Motors четдан 8750 та Chevrolet Equinox сотиб олиб Ўзбекистонда қарийб 10 минг доллар қимматига сотганлигини ёдга олган.
"10 минг долларни қайси хизматларингиз учун олдиларингиз? Чунки Хитойдан жўнатилган Equinox лар Тошкентгача логистик харажатлари ичида бўлиб етиб келган. Ҳеч қандай одамларингиз бориб контейнарларга ортиш ишларини қилмаган. Шунчаки пул жўнатилган ва Хитойдан Тошкентгача Equinox лар етиб келган. Ва устига 10 минг (доллар)дан ортиқ қўйиб сотиляпти", дейди у.
Гафуров UzAuto Motors томонидан Ўзбекистонда сотилаётган автомобилларнинг Дубайдаги муқобиллари нархларини солиштирган.
Аҳолининг ўртача даромади 2 минг доллар бўлган Дубайда машиналар нархи Ўзбекистондан анча арзонлигига эътибор қаратган.
Блогер четдан автомобилларни деярли бож тўловларсиз импорт қилиш ҳуқуқи нима учун фақат UzAuto Motors га берилганини савол остига олган.
"Тайёр машиналарни олиб келади-да сотади. Мана яқинда Хитойдан Tracker ларни сотиб олди. Бизга устига пул қўшиб фалон пулга сотади. Нима ишлаб чиқариш бор бу ерда? Олиб сотар компания. UzAuto олиб келаётган машиналар GM га тегишли уларда Chevrolet логотипи бор, шунинг учун фақат UzAutoнинг уларни импорт қилишга ҳаққи бор дейдиганларга савол. Нега унда Ўзавтосаноат Volkswagen ҳамда Skoda машиналарини импорт қиляпти", дейди Умид Гафуров.
Расмийлар UzAuto Motors Ўзбекистонда минглаб иш ўринлари яратгани ва шунинг учун ҳам унга айрим имтиёзлар берилганини айтишади.
Бироқ ижтиомий тармоқларда чиқаётган хабарларга ишонилса компания ишчилари бу йил ишлаш шароити ёмонлашиб кетгани ва маошлар асоссиз равишда қисқартириб юборилганидан шикоят қилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил май ойида Асакадаги автомобил заводини танқид қилганди. У GM Uzbekistаn ни ҳеч кимга фойдаси йўқ заводлигини айтган.
"Бундай заводдан ўнта қилса, фойдаси бор. Рақобат бўларди. Бу машина завод учун ўтган 27 йил ичида жуда кўп имтиёзлар берилди, солиқдан озод қилинган, локализация кам қиляпти. Бу завод аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлаб бермайди", деган Шавкат Мирзиёев.
"Ўзавтосаноат" раиси Шавкат Умурзоқов 2019 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи машиналар нархини 9 фоизга туширишга ваъда берганди. Бироқ 2020 йилга келиб UzAuto Motors нархларни 21 фоизгача кўтарди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















