UzAuto Motors нархларни пасайтирмайди, 2020 йилда Ўзбекистонда қанча одам ўлди? - O'zbekiston, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, courtesy

UzAuto Motors нархларни пасайтирмайди, 2020 йилда Ўзбекистонда қанча одам ўлди ва Ўзбекистон коррупцияга қарши энди пул мукофоти билан курашмоқчими? - bbcuzbek.com дайжести.

UzAuto Motors баёноти

UzAuto Motors ширкати расмий баёнот билан чиқди.

"Автомобиллар нархлари асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз" эканини айтди.

Ширкат баёноти Монополияга қарши кураш қўмитаси махсус комиссияси топшириғидан кун ўтиб бўй кўрсатган.

Махсус комиссия томонидан текширувлар UzAuto Motors автомобиль нархларини 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширганини тасдиқлаган.

Худди шу асосда комиссия ширкатга нархларни асоссиз оширилган қисмини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган.

Март ойидан буён, яъни янги асоссиз оширилган нархларда автомобилларни сотиб олган мижозлар билан қайта ҳисоб-китоб қилиш топшириғи берилган.

19 август куни Монополияга қарши ураш қўмитасида UzAuto Motors га қарши "Рақобат тўғрисида"ги қонун бузилишиа белгиларига нисбатан очилган иш бўйича навбатдаги тинглов ўтказилганди.

Компания баёнотидан маълум бўлишича, UzAuto Motors асос келтириш учун зарур қўшимча материалларни тайёрлашга муддат қисқа эканлиги туфайли, иш кўриб чиқилиши кейинроққа қолдирилишини сўраб илтимоснома юборган.

UzAuto Motors га кўра, "Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан иш бир тарафлама кўриб чиқилган, унинг якунида нотўлиқ маълумотларга асосланган қарор қабул қилинган".

Баёнотда қайд этилишича, автомобилларни ишлаб чиқариш мураккаб жараён бўлиб, уни ўрганиш етарлича вақт талаб этади.

"UzAuto Motors фаолиятини янада чуқурроқ ва асослироқ ўрганиш келгуси суд муҳокамалари давомида мумкин бўлади - компания ўзининг ушбу ҳуқуқидан фойдаланишни режалаштирган". Қарор юзасидан шикоят қилиш режасида экани англашилган.

"Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор узил-кесил ҳисобланмайди - кейинги хатти-ҳаракатлар суд муҳокамалари якунларидан келиб чиқиб белгиланади".

UzAuto Motors, ўз навбатида, компания автомобиллар нарх асосли эканлигини ва ҳозирги вазиятда нархни пасайтириш имконсизлигини маълум қилган.

Коррупцияга қарши янгича кураш

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCuzbek

Коррупция Ўзбекистонда янги муаммо эмас.

Мамлакат халқаро ҳисоботларда ҳануз ўз ўрнини жиддий ўнглаб олмаган.

Аксарият ўзбекистонликларнинг ҳам коррупция, порахўрлик ҳолларидан шикоятлари ҳамон тинмаган.

Кўринишича, Ўзбекистон энди бу муаммога қарши янгича усулда курашиб кўрмоқчи.

Бош прокуратурага коррупция ҳақида хабар қилганларга пул мукофоти бермоқчи.

Пойтахт Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, бу ҳақдаги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Лойиҳадан англашилишича, пул мукофоти ҳажми пора, етказилган зарар миқдори ёки ўғирланган мулк қийматига боғлиқ ҳолда белгиланади.

Базавий ҳисоблашнинг 3 бараваридан сумманинг 10-15 фоизигача берилади.

Ҳужжат ташаббускорларининг ҳисоб-китобларига таянилса, бунинг учун давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча ўрта ҳисобда 300-500 миллион сўм маблағ талаб қилинади.

Янги қарор лойиҳаси 3 сентябргача муҳокама остида бўлади.

Ўзбекистон ва ўлим ҳоллари

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда жами коронавирус ҳоллари расман 40 мингга яқинлашмоқда.

Ўлим ҳоллари эса, расмий кўрсаткичларда 250 тага етган.

Аммо масъуллар яқинда ҳақиқий рақамларнинг расмийсидан кўп экани эҳтимолини ошкора эътироф этишган.

Ўзбекистон, бундан ташқари, пневмония ҳолларини ҳалича бу маълумотларга қўшмаган.

Худди шу манзарада глобал коронавирус пандемияси билан кечаётган жорий йилда қанча ўлим ҳолати қайд этилгани маълум қилинган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси бу хусусдаги статистик маълумотларни ЎзА га тақдим этган.

Унга кўра, ўтган 7 ой давомида 92 минг 369 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Энг кўп ҳоллари июль ойига тўғри келган.

Ўтган ой вафот этганларнинг сони 17 минг 369 тани ташкил этган.

Июль карантин чоралари юмшатилиши ортидан, Ўзбекистонда коронавирус ва пневмония билан боғлиқ аҳвол кескин ёмонлашган ой бўлади.

Ўзбекистон худди шу ойда кучайтирилган карантин тартибига қайтган, уни кетма-кет узайтиришга ҳам мажбур бўлганди.

Аммо ўтган ярим йилги ўлим кўрсаткичлари, шунда ҳам, сўнгги икки йилнинг худди шу давр оралиғидагисидан нисбатан кам экани айтилган.

Расмий хабарда энг кўп ўлим ҳоллари сабабларига оид тафсилотлар кўзга ташланмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek