UzAuto Motors "$22 845 га Equinox олиб 33 664 долларга сотгани" борасида сукут сақламоқда - видео, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, uzavtosanoat
UzAuto Motors ширкати $200 миллион долларга машина олиб Ўзбекистонда сотиши борасида сукут сақламоқда. Интернетда Ўзбекистондаги заводдан янги чиққан автомобилларда учраётган носозликлар ҳақида видеолар кўпайган:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
UzAuto Motors ширкати "четдан Ўзбекистонга жами 8750 дона Chevrolet Equinox автомобилини арзонга олиб, Ўзбекистон ичида қиммат нархда сотиш" бўйича хабарларга изоҳ бермаяпти.
Давлат харидлари порталидаги очиқ маълумотларга асосланиб, Gazeta.uz сайти ширкат Американинг General Motors Overseas Distribution LLC ширкати билан шартнома тузгани ҳақида хабар берди.
Ундан маълум бўлишича, 2019 йил 27 ноябрда имзоланган шартнома қиймати $199 миллион 902 минг долларни ташкил қилади.
Ҳар бир автомобиль Ўзбекистонга кириб келиш ва суғурта харажатлари билан 22 845 долларга тушади.
"Айни вақтда, UzAuto Motors компанияси Equinoxни Ўзбекистон бозорида $349 миллион сўм ёки 33 664 доллардан сотмоқда" — деб ёзади gazeta.uz.
Бу Америкадан сотиб олинган автомобилнинг импорт нархидан $10 819 долларга кўп.
Би-би-си ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида UzAuto Motors ширкатига қўнғироқ қилди.
Ўзини ишонч телефони рақами раҳбари Шаҳзод деб таништирган масъул матбуотда шов-шув бўлган хабарга муносабат олиш учун ҳам мактуб орқали мурожаат қилиш кераклигини айтди.
Ўзавтосаноат ва UzAuto Motors ширкатлари матбуот котиби Зумрад Шожалиловага боғланишнинг имкони бўлмади.
Шожалиловага электрон почта ва телеграм рақами орқали қилинган мурожаатимизга жавоб кутяпмиз.
Би-би-си UzAuto Motors раҳбариятидан ташкилот ушбу автомобилларни импорт қилгани учун бошқа тадбиркорлар каби бож тўлайдими, ички бозорда сотилаётган машиналар Америкадан келтирилганми каби саволларни бермоқчи эди.
Олдинроқ қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари UzAuto Motors АЖ ва «Жиззах автомобиль заводи» учун автомашиналарни импорт қилишда импорт божи ва утилизация йиғимидан озод қилиш борасида Ҳукумат қарори ёки имтиёзли ҳуқуқ тақдим этилганлигини билиш борасида Молия вазирлиги ва Божхона қўмитасига депутатлик сўрови юборган эди.
Давлат Божхона қўмитаси жавобни махфий ҳужжат сифатида юборган.
Депутат Расул Кушербaев жавобни олишдан бош тортишганини ва ширкат автомобилларни турли йиғимларсиз импорт қилаётгани борасидаги шубҳалар ўз тасдиғини топаётганини ёзди.
Видеошикоятлар

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Бундан ташқари сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors томонидан чиқарилаётган машиналарнинг сифатсизлиги борасида видеошикоятлар кўпайган.
Блогер Умид Гафуровнинг @stopuzam канали қисқа вақтнинг ичида 16 мингдан ортиқ ўқувчи йиққан ва канал заводдан сифатсиз чиққанлиги айтилаётган видеолар билан тўлган.
UzAuto Motors носозликлар ҳақидаги фото- ва видео тақдим этаётган фаолларга миннатдорчилик билдирган ва уларнинг контактларини компания мутахассисларига тезкор чора кўриш учун тақдим этишни сўраган.
Ширкат нима учун бу каби сифатсиз автомобиллар кўплаб учраётгани борасида изоҳ бермаган.
Аммо муаммони ҳал қилиш учун дилерларга ёки компания расмий алоқа каналига мурожаат қилишни сўраган.
Истеъмолчилар носоз автомобилларни ширкат айтганидек дилер ёки компанияга олиб борганда уни созлаш кўп ҳолларда имконсизлиги ва сўнгра ўзлари мажбур қўшимча пул сарфлаб тўғрилатишга тўғри келаётганини айтишган.
Монополист ҳисобланувчи UzAuto Motors билан боғлиқ машмашалар ўзбек ахборот оламида тез-тез чиқиб туради.
Компанияни мaшиналар нархини асоссиз кўтаришда айблаб, нархларни туширишни сўраган Монополияга қарши курашиш қўмитасини маҳкамага берди.
30 октябрь куни Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди UzAuto Motors фойдасига ҳукм чиқарди. Машиналар нархи тушмайдиган бўлди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















