Ўзбекистон: Қозоғистонда йиғилган Ravon UZAUTO MOTORS ни қутқара оладими?

Равон

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россияга машинасини сотолмай қолган UZAUTO MOTORS уларни Қозоғистонда йиғиш орқали муаммони ҳал қилмоқчи. Бироқ энди Ўзбекистондагидан ҳам қимматга тушаётган бу машиналар билан Россияда йўқотган бозорни қайта забт этиб бўладими?

Олма отада Қозоғистонда йиғилиши кутилаётган Nexia R3 автомобилининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Эътиборли томони автомобилларнинг нархи Ўзбекистондагидан қиммат.

"Ўзбекистонда ҳам нархлар шундай. Нархларимиз рақобатбардош. Шунинг учун ҳам нархларни кўтармаймиз, ҳам туширмаймиз ҳам. Ўзбекистондан келтириш ва бож тўловлари ҳаражатлари бўлгани учун, ҳатто Қозоғистон бозорида нархлар қимматроқ", - дейди Қозоғистон Равон моторс бош директори Рустам Матмусаев.

Қозоғистонда йиғилидиган Nexia R3 машиналарининг нархи 9900 доллардан бошлаб 11200 долларгача сотилади. Айни шу русумдаги машиналар Ўзбекистонда 8600 доллардан 10000 долларгача сотилади.

UZAUTO MOTORS корхонаси директори Александр Сахабов ўзбекистонликларга четдагиларга нисбатан қиммат автомобиль сотиш амалиёти ўтмишда қолганини айтади.

"Олдин фарқ бор эди. Икки йил давомида машиналарнинг таннархини тушириш бўйича ва улар ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам бир хил нархда бўлиши учун катта ишлар қилдик", дейди UZAUTO MOTORS бошқарувчи директори Александр Сахабов.

Шу йил охиригача Қозоғистоннинг Қўстанай шаҳрида 16 минг дона Nexia R3 машиналари йиғилади. Уларнинг 6 мингтаси ички бозорда сотилса, қолган 10 мингги Россияга экспорт қилиш кўзда тутилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мутахассислар бир вақтлар машиналарни ўз қийматидан паст нархга сотиш орқали собиқ МДҲ давлатларини забт этган GM Uzbekistan бу сиёсатини ўзгартириши орқали Россияда бир йил давомида машина сотолмай қолганини айтади.

Сиёсати ўзгарган ва шу кунларда номини ҳам UZAUTO MOTORS га айлантирган GM Uzbekistan Россия ва Қозоғистонда йиғиладиган машиналар билан рақобат қилишга мажбур бўлиб қолган.

Ҳаражатларга ҳар бир машина яроқлилик муддати тугагач йўқ қилиш учун сарфланадиган 1400 доллар атрофидаги йиғимлар қўшилган.

Евросиё иқтисодий минтақасига машина қисмларини божсиз олиб кириш каби имтиёзлар UZAUTO MOTORSни ўз автомобилларини Россия ёки Қозоғистонда йиғишга мажбур қилмоқда.

2017 йилда Nexia R3 Қозоғистонда энг кўп сотилган машиналардан бири бўлган бўлсада, UZAUTO MOTORS Россияда бир вақтлар йўқотган ўрнини тиклаши қийин бўлишини айтилмоқда.

Ўтмишда чўнтакбоп бўлганлиги учун Россияда кўп сотилган ва ҳозир деярли жиддий ўзгаришга учрамаган, аммо нархлари кўтарилган машиналарнинг харидорлари кўп бўладими, деган савол ўртага чиқмоқда.

Монопол эртаги тугайдими?

Оддий одамлардан тортиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг танқидларига нишон бўлаётган UZAUTO MOTORS нинг Ўзбекистондаги имтиёзли даври якунига етиб бораётган кўринади.

Давлат солиқ қўмитаси автомобиль ёки ҳар қандай техника ишлаб чиқарувчилар ўз хоҳишлари билан нархларни истаганча оширмасликлари учун импорт бўйича божларни кўриб чиқилишини маълум қилди. Иқтисодчилар ушбу хабарни сенсация, деди.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев журналистлар билан учрашувда , GM Uzbekistan компанияси йиллар давомида имтиёз олганига қарамасдан, бу автомобилсозлик соҳасини ривожлантириш учун шароит яратишга ёрдам бермаганини таъкидлаган.

У компаниялар учун рақобат муҳитини яратиш мақсадида импорт бўйича божлар қайта кўриб чиқилаётганини маълум қилган.

Солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш тартиблари бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги президент фармони лойиҳасига кўра, 1 октябрдан Ўзбекистонда енгил автомобил ишлаб чиқаришда монопол корхона бўлган GM Uzbekistan ҳам қўшимча қиймат солиғини тўлайди.

ҚҚС бўйича, жумладан қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, бутловчи қисмлар, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланувчи материаллар ва технологик ускуналарга нисбатан бир қатор имтиёзлар бекор қилиш режалаштирилган.

Мубин Мирзаев Андижонга ташрифи вақтида маҳаллий автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчилари билан учрашганганида импорт қилинаётган эҳтиёт қисмлардан 2−3 баробар арзон турувчи маҳсулотлар мавжудлигига гувоҳ бўлган.

Бироқ унга кўра, GM Uzbekistan маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан маҳсулотларни сотиб олмаяпти. Солиқ қўмитаси мулозими автомобиль заводи ҳеч кимга ҳисоб бермаслигини айтган.

"Завод импорт қилади. Биз имтиёзлар бердик, бироқ у ички бозордан 2−3 баробар қимматга импорт қилмоқда. Эртага ҚҚСни жорий этганимиздан сўнг, ҳужжат бўлади, ҳисоб-фактура бўлади. Унда барча импорт нархлари кўрсатилган бўлади. Ҳозир ҳеч қандай ҳужжатлар йўқ: қаердан, кимдан, қанчага Ҳеч ким текширмайди. Чунки имтиёзлар бор. Солиқчига бу керак эмас, чунки ҳатто текширган тақдирда ҳам у: „Солиқларни тўламасам, бу менга нима учун керак", - деб жавоб беради", - дея таъкидлган ДСҚ раҳбари ўринбосари.

Муносабат: Сенсация! Бунақаси бўлмаган!

Сўнгги вақтларда Ўзбекистондаги иқтисодий соҳада қабул қилинаётган қарорларга ўта танқидий ёндашаётган иқтисодчи Юлий Юсупов автомобил импортига божларининг туширилишини сенсация дея баҳолади.

"Сенсация, рақобат муҳитини яратиш учун импорт автомобилларининг нархи туширилади. Шундай қилиб биз бозор иқтисодиётини қурамиз. Мени чимчиланглар, бунақаси бўлмаган", дея ҳайратини изҳор қилган у.

Ўзбекистонда ҳозирча ягона енгил автомобиль ишлаб чиқарувчи GM Uzbekistan кўплаб танқидларга нишон бўлиб келади.

Харидорлар завод машиналари бошқа давлатлар билан солиштирганда қимматлиги ва уни сотиб олишда пора бериш ҳолларидан нолийди.

Автомобиль заводи Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам танқидларига сабаб бўлган.

Президент "10 минг ишчи ўрни яратмаса бундай завод бизга керакмас", деган.

Импорт автомобилларига қўйилган баланд божлар гоҳида кулгили ҳолатларга сабаб бўлгани ҳам айтилади.

ЎзАнинг хабар беришича, Фарғоналик киши Қирғизистондан 2та Нексия автомашинасини 1300 долларга сотиб олган ва 600 доллар сарфлаб Ўзбекистонга олиб ўтган. Айни шу машиналар 5200 долларга баҳоланиб давлат фойдасига мусодара қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek