Ўзбекистон: Президент айтди – энди ҳамма хонадонда газ бўладими? – Янгиликлар, video, дунё, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, facebook/dimaqayum

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон: Президент айтди - энди ҳамма хонадонда газ бўладими? Электр энергияси-чи ва яна нарх-наволар нима бўлади? bbcuzbek.com дайжести.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Кунлар совиши билан кўплаб ўзбекистонликларни қийнай бошлаган муаммога, ниҳоят, президент Шавкат Мирзиёев ҳам шахсан эътибор қаратган.

Давлат раҳбари 16 декабрь куни қишга тайёргарлик ишларини жиддий танқид қилган.

Президент йиғилишида бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 миллион куб метр танқислик мавжудлиги маълум этилган.

«Газ тизими билан боғлиқ муаммолар бугун юзага келмагани, балки ўттиз йилдан бери бизни қийнаб келаётганидан барчамиз хабардормиз. Лекин буни баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Халқимизга газ керак, уларнинг кўпчилиги бунинг учун тўловларни ўз вақтида ҳалол қилиб, тўлаб келмоқда», таъкидлаган президент.

Мирзиёев газ экспортини қисқартириб, аввало, аҳоли эҳтиёжларини қондириш юзасидан кўрсатма берган.

Шунингдек, аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун яна 217 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифасини ҳам қўйган.

«Менга баландпарвоз гаплар ва рақамлар керак эмас. Жойлардаги раҳбарларнинг ишлари натижасига ижтимоий тармоқларда халқимиз ўзи холис баҳо бермоқда», деган у.

Йиғилишда, бундан ташқари, электр энергияси тақчиллиги муаммосига ҳам тўхталиб ўтилган.

Аксар хонадонлар бу муаммо билан юзлашаётгани сабаби тақсимловчи тармоқларнинг 60 фоизи эскиргани ҳамда электр энергиясига талабнинг ошиб бораётгани билан изоҳланган.

Яна президент аҳоли ва ижтимоий объектлар учун ажратилган маҳаллий кўмирнинг 60 минг тоннаси ҳали эгаларига етказиб берилмаганини айтиб, масъулларни жиддий танқидга тутган.

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, "Менга баландпарвоз гаплар ва рақамлар керак эмас", - деди Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда ҳали куз фаслининг ўрталаридан аҳоли свет ва газ ўча бошлаганидан шикоят қила бошлаган.

Энергия тақчиллиги бугунги кунда ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида энг кўп муҳокама қилинаётган асосий мавзуга айланган.

Ўзбекистонликларнинг шикояти зум ўтмай, расмийлар эътиборига тушган.

Ноябрь ойидаёқ Сенат раиси Танзила Норбоева газ ва электр муаммоси тез фурсатда ўрганиб чиқилишига ваъда берган.

Сенатнинг ишчи гуруҳи вилоятларга бориб, энергия тақчиллиги сабабларини ўргана бошлаган.

Аммо расмийларнинг бу ҳаракатлари фонида аҳолининг газ ва электр тақчиллигидан норозилиги ошиб боргани кузатилган.

Декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида Бухоронинг икки тумани ҳамда Андижон шаҳрида, асосан, аёллардан иборат норози аҳоли катта йўлларни тўсиб қўйишга урингани тасвирланган видеолар тарқалган.

Бу каби ҳолатлар ортидан аҳоли талабига шахсан ўзи эътибор қаратган президент Мирзиёев 16 декабрь куни бундай муаммоларни юқори доираларга етказиб бераётгани учун ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларига яна бир ўз миннатдорчилигини билдирган.

Бироқ аҳолининг газ ва свет муаммоларини ёритгани учун Кун.уз нашри 23 ноябрь куни АОКА бош директоридан огоҳлантириш хати олган, унда таҳририят «жиддий ҳуқуқий оқибатлар»дан хабардор этилган эди.

«Нархлар ошмасин»

O'zbekiston

16 декабрь куни ўтган видеоселекторда президент Мирзиёев, шунингдек, байрам кунларида озиқ-овқат нархларининг ошиб кетишига йўл қўймаслик топшириғини ҳам берган.

«Агар байрам кунларида гўшт, шакар, гуруч, ўсимлик ёғи, нархи ошиб кетса, қатъий чоралар кўрамиз… Бизда захиралар етарли. Тизимли ишлаш керак. Ўғирлик бўлмаса, кўп нарсаларга эришиш мумкин», деган давлат раҳбари.

Президент Бош вазир Абдулла Ариповга қўшимча 5 минг тонна шакар ва гуруч, 2 минг тонна ўсимлик ёғи харид қилиб, байрам арафасида нархларнинг ошиб кетишига йўл қўймаслик топшириғини берган.

Газнинг 106 қурбони

Президент Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни ис гази ва чақнашлар билан боғлиқ нохуш ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтган.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, Мирзиёев йил бошидан буён 56 ҳолатда ис газидан заҳарланиш ва 106 ҳолатда газ туфайли портлашлар юз бергани, оқибатда, 106 инсон ҳаётдан кўз юмгани ҳақида гапирган.

Президент Фавқулодда вазиятлар вазирлигига бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича топшириқлар берган.

O'zbekiston

11 декабрь куни Сенат 2020 йилда ис гази ва газ чақнашлари қурбонига айланган ўзбекистонликлар сони 80 нафарга етганини маълум қилган эди.

«Электр энергиясини тўла таъминлаб бера олмаймиз»

Гидроэлектрстанциялар мамлакатдаги бутун энергетика тизими бўйича қувватни таъминлаб бера олмайди.

Бу ҳақида 16 декабрь куни Гидроэлектростанциялар ускуналарини эксплуатация қилиш ва ускуналарни таъмирлаш бўлими бошлиғи Анвар Ўрозов маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, ўтган асрда қурилган станцияларнинг барчаси бугун тўла қувватда ишлаб келаётган бўлсада, улар маънан ва жисмонан эскирган ускуналар ҳисобланади.

«Маълумки Ўзбекистонга сув асосан четдан келади. Фақат 15% сув ўзимизда ҳосил бўлади».

«Қишда узилишлар кўп бўлишининг сабаби, бу даврда гидроэлектрстанцияларнинг кўпи ишламайди. Чунки бу мавсумда ирригация тизими иши тўхтайди, суғориш мавсуми тўхтайди. Асосий юкламаларнинг ҳаммаси иссиқлик электростанцияларига тушади», деган Ўрозов.

Ўрозов ҳозирда гидроэлектрстанциялар бераётган қувват мамлакатдаги умумий электр энергияси ҳажмининг 10-12 фоизни ташкил этишини қўшимча қилган.

Nukus

Сурат манбаси, Makan.uz

Нукусда аёллар кўчани тўсиб қўйди

Нукусда ёзда ойлари - карантин вақтида жамоат ишларига жалб қилинган аёллар иш ҳақларини ололмагани учун шаҳар марказидаги кўчани тўсиб қўйди.

Бу ҳақида Makan.uz нашрига таяниб, Gazeta.uz хабар бермоқда.

Ҳолат 17 декабрь тонгида содир бўлгани айтилмоқда.

Gazeta.uz ўз манбаларига таянган ҳолда, аёллар шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази олдида туришгани, кейинроқ уларни шаҳар ҳокимлиги қабул қилгани ҳақида ёзган.

Қорақалпоғистонда етакчи интернет нашрларидан бири саналган Makan.uz ўзининг Telegram'даги каналида шаҳар ҳокимлиги вакили нашрдан ҳодиса содир бўлган жойдан олинган фотосурат ва хабарни ўчириб ташлашни сўраганини маълум қилган.

Нашр маҳаллий ҳокимлик норози аёллар билан суҳбатлашгани ва уларнинг ойлигини тўлаб бериш масаласи кўриб чиқилаётганини қўшимча қилган.

Қорақалпоғистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги йўлни тўсган аёллар, ҳақиқатан, ойлик иш ҳақи вақтида тўланмаганидан норозилик билдирганини тасдиқлаган.

Вазирлик ойликларини ололмаган фуқароларнинг ҳаққи тўлаб берилаётганини маълум қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek