Газ ва электр йўқ, лекин экспорт кўламини ошириш талаб этиляпти O'zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, Anonymous
Ўзбекистонда об-ҳаво кескин совуши билан Самарқанд вилоятидаги иссиқхоналарда етиштираётган помидор ва бодринг экинларини совуқ урди. Бу ҳолат акс этган суратларни Би-би-сига йўллаган маҳаллий давлат ходимига кўра, бунга газ ва электр йўқлиги сабаб бўлди.
Ўз исми сир тутилишини сўраган ходимнинг айтишича, электр ва иситиш таъминотидаги узилишларга қарамай, вилоят ҳокимлиги экспорт ва инвестиция рақамларини ошириш бўйича талабларини сўндирмаяпти.
Самарқанд вилояти ҳокими ва вилоят прокурори номига бир туман ҳокими ўринбосари қўлидан ёзилган кафолатномада у йиллик экспорт режасини 6,7 миллион долларга етказишни кафолатлашини ёзади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
«График ижроси таъминланмаган тақдирда ҳар қандай қонуний чора кўрилишига тайёрман» дея ўз кафолат хатини якунлайди бу ходим.
Ўзбекистонда қўлланиб келинаётган режа ва буйруқ иқтисодига кўра, вилоят ҳокимликларига экспорт ва инвестицияни ошириш режаси белгиланади. Вилоят ҳокими ўз навбатида шаҳар ва туман ҳокимларига бу каби режани тўлдиришни буюради. Режани бажармаганлар жазоланиши айтиб қўрқитилади.
Вилоят ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосари юритадиган ёпиқ Телеграм каналида туманлардаги инвестиция ходимларига бу йўлда босиб ўтказилиши ва ҳатто прокуратура томонидан чора кўрилиши билан таҳдид қилинишини кўриш мумкин.
«Пахтачи, Ургут, Самарқанд туман ва Самарқанд шаҳар, йиғилишдан чиқиб кафолат хатини топшириш эсингиздан чиқмасин!!»
«Кафолат хати тайёрлашда хорижий инвестиция ўтган йилгидан кам бўлмаслигига эътибор беринглар.»

Сурат манбаси, Prezident.uz
«Прокуратурадан тинимсиз телефон қилиб сўраляпти! Соат 16:00гача берилмаса, чора кўриларкан! Тезлаштириб беринглар!»
«Тезлаштиринглар!!! Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан прокуратура талаб қиляпти!!!»
«Буюк ходимлар, етиб келяпсизлар, бу кетишда барчани буюк келажак кутяпти. Барчаларингиз кафолат хати бергансизлар. Прокуратурада огоҳлантириш олгансизлар, хулоса қилинглар!!!»
Бу чақириқ ва таҳдидларни тарқатувчи ҳокимнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари махсус графикларни ҳам юритиб, режа ва буйруқни эслатиб турадилар. Қаттиқ оқсаётган туманлар қизил қилиб белгиланади ва сиқувга олинади.
Туман ҳокимлигининг аноним ходими Би-би-сига айтишича, экспортни таъминлаш йўлидаги муаммолар, хусусан газ ва электр узатилишини таъминлаб бериш ҳақида гапирилса, бу шикоятлар гўёки ҳавога сингиб кетади.
«Бизнинг эса ҳадеб экспортёрларга бориб, қанча қиласиз, яна қилоласизми, тезроқ қилинг деб қисташдан бошқа қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Қизиғи, тепадан тўхтамай муаммоларни сўрашади, муаммоларни айтсангиз, ечиб бермайди. Оддий газ, свет муаммосини ҳам. На ҳокимлик, на вазирлик,» - дейди у.

Сурат манбаси, O'zbekiston 24
Бу каби иш услуби экспортга тўғаноқ бўлаётган ягона муаммо эмас. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини дунё бозорига экспорт қилишга ихтисослашган «Teodora Goods»
компанияси раҳбари Дилдора Отажонованинг «Ўзбекистон 24» каналидаги чиқишида айтишича, вилоятларга марказдан қўйиладиган режа туфайли ҳокимлар ўз вилоятидаги кўрсаткичларни кўтариш учун фақат ўз вилоятида қайд қилинган экспорт фирмалари билан ишлайди.
«Деряли ҳамма вилоятларда экспорт пайтида бўладиган ҳолат - ҳокимият ишчилари келиб «балки бу тумандан экспорт қилмайсиз, балки бу туманда корхона очиб кейин экспорт қиласиз» дейишади. Энди ўзингиз ўйланг, Ўзбекистонда 12та вилоят бор. Демак, мен 12та корхона юритишим керак экан,» - дейди у.
Хўш, нега буйруқ ва режа тизимидан воз кечилмаяпти?
Иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодировнинг айтишича, бу дарҳақиқат Совет Иттифоқидан қолган сарқит, аммо унга қандай муқобил усул бор, деган саволга жавоб топиш осон эмас. Газ ва электр таъминотининг фақат марказдан назорат қилиниши бунга асосий сабабдир, дейди у.
«Нега ҳудудлардан электр ва газ таъминоти масалаларида (муаммолари) сўралмайди? Нега бу масалаларга эътибор берилмайди, деб айтиш мумкин. Гап шундаки, газ ва электр таъминоти марказлаштирилган вазирликлар томонидан назорат қилинади ва улар томонидан ҳал қилиниши керак. Ҳудудлар фақат таклиф ва талаб бериши мумкин,» - дейди таҳлилчи.
Ўзбекистондаги энергия таъминотидаги узилишлар нафақат оддий халқнинг турмуш тарзи, балки барча турдаги ишлаб чиқариш ва экспорт кўламига таъсир қилаётгани аён. Пойтахтдаги ҳукумат томонидан ишлаб чиқариш ва экспортни ошириш тобора кўп талаб қилинар аммо жойлардаги муаммолар ечилишига кўмак берилмас экан, эскича «тепадан-пастга» тизими ислоҳотга тайёрми деган савол очиқ коляпти.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












