Газ бўлмаса, электр токи, ток бўлмаса, кўмир бор – ўзбеклар ва дунё, Qirg‘iziston, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

    • Author, Шоҳруҳ Соипов,
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Газ бўлмаса, электр токи, ток бўлмаса, кўмир бор - Ўшда ҳам қалин қор ёққан. Ҳаво ҳарорати тунлари -10 га етмоқда. Аммо газ, электр токи, кўмир йўқлигидан шикоят қилган одам деярли йўқ, дейди Ўшдан мустақил журналист. Аммо қандай қилиб?

Қирғизистоннинг иккинчи йирик бўлган шаҳар Ўзбекистонга бевосита чегарадош Ўш вилоятининг маркази бўлади.

Ўш аҳолиси асосан ҳовлиларда истиқомат қилади.

Аммо уч минг йиллик тарихга эга Ўш ҳам эски шаҳар қиёфасини йўқотиб, тобора замонавийлашиб бормоқда.

Сўнгги йилларда шаҳарда қад ростлаётган кўп қаватли уйлар сони кескин ортган.

2010 йилнинг июнида Ўш ва Жалолободда юз берган миллий низо пайтида куйиб, кулга айланган уйлар халқаро ташкилотлар кўмагида қайта тикланиб, воқеада жабрланганлар учун ҳам кўп қаватли уйлар қурилган.

Расмий маълумотларга кўра, июнь воқеаларидан кейин Ўш ва Жалолободда давлат тарафидан икки юзга яқин турар-жой биноси қуриб битказилган. Ўш шаҳрининг ўзида 24 кўп қаватли бино қад ростлаб, олти юздан ортиқ жабрланган оилага берилган.

Шаҳардаги кўп қаватли уйлар марказий иситиш тизимига уланган бўлиб, айниқса, сўнгги беш йилда газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминланиб келади.

Аммо кўмир ёрдамида иситиладиган тизим шаҳардаги барча кўп қаватли уйларни ҳам бирдек иссиқ билан таъминлай олмаслиги бор гап. Баъзи хонадонлар қиш кунларида қўшимча электр иситиш мосламасини ҳам ишлатишади.

Расмий маълумотга кўра, Ўш шаҳрида 300 мингдан ортиқ одам доимий истиқомат қилади. Норасмий манбаларда эса, шаҳарда яшаётганларнинг сони ярим миллиондан ошиши айтилади.

Жорий йилнинг октябрида куннинг совуши билан Ўшдаги ижтимоий объектлар ва турар-жой биноларига ҳам иссиқлик берила бошланган. Одатда марказий иситиш корхонасидаги қозон ускуналари ишга туширилгандан сўнг, уч-тўрт кун ичида иссиқлик шаҳарнинг барча истеъмолчиларининг уйларига етказиб берилади.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Корхона сайтидаги маълумотга кўра, Ўш иссиқлик электр тармоғига 330та кўп қаватли уйлар, 200та ҳовли, 88та давлат ташкилотлари, 5та саноат истеъмолчилари ва 298та турли хилдаги ташкилотлар уланган.

Жорий йилнинг июль ойида аҳолининг иссиқлик тизими корхонасига бўлган қарзи 41 млн сўм ёки 483 ярим минг долларни ташкил этган.

Қирғизистон бўйича барча иссиқлик тизими корхоналари кўмир билан ишлайди. Улар асосан республика ҳудудида қазиб чиқарилган қора олтин билан таъминланади. Агар ички маҳсулот етмаса, қўшни Қозоғистондан қўшимча кўмир олиб келинади.

Бугунги кунда Ўш вилоятига қарашли Олай туманида қазиб олинувчи кўмирнинг бир килоси 6 сўмдан сотилмоқда. Бу ўтган йилгига нисбатан бир ярим сўмга қиммат.

Ҳар қиш мавсумида одамлар орасидаги ис газидан нобуд бўлиш ҳоллари эса, матбуот ёки мухолифатнинг жиддий танқидларига сабаб воқеълик даражасига ўсиб етмаган.

Мустақил газ ва электр таъминоти

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

2014 йилнинг 10 апрелида пойтахт Бишкекда "Қирғизгаз"ни Россиянинг "Газпром" ширкатига 1 долларга сотилиши тўғрисидаги шартнома имзоланган.

Шартнома имзоланишидан олдин "Газпром" раҳбари Алексей Миллерни қабул қилган ўша пайтдаги Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев бу кун тарихда қолишини алоҳида таъкидлаган.

"Шартномага асосан "Газпром" Қирғизистонда газ соҳасини ривожлантириш учун $600 миллион доллар сармоя ётқизади,"Қирғизгаз"нинг $40 миллион доллар қарзини тўлайди. Бундан буён қишда мамлакатимизда газ ўчиб қолмайди", деган собиқ президент Алмазбек Атамбаев.

Унгача Қирғизистон газни асосан Ўзбекистондан олиб келган. Бироқ қирғиз томони газ пулини ўз вақтида тўлай олмагани сабабли, Ўзбекистон газ таъминотини узиб қўйган ҳолатлар кўп кузатилган.

Масалан, 2011 йилда Қирғизистон Ўзбекистондан газ учун қарийиб $5 миллион доллар миқдорида қарз бўлиб қолгани туфайли таъминотда узилишлар юзага келган ва бу Қирғизистоннинг катта шаҳарларида энергетик инқирозга сабаб бўлган.

Каримов даври Ўзбекистони ўзбек газидан Қирғизистонга сиёсий босим воситаси сифатида фойдаланиб келганига оид фикрлар ҳам кенг тарқалгани кузатилган.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Бугунги кунда Россиянинг "Газпром" компанияси Ўзбекистондан газни сотиб олиб, Қирғизистонга минг кубометрини $220 доллардан етказиб беради. Аҳоли эса ишлатган "зангори оловнинг" бир кубометри учун 21 сент, корхоналар эса 25 сентдан ҳақ тўлайди.

2015 йилнинг 28 августида Қирғизистонда Датқа-Кемин электр тармоғи ҳам ишга туширилган.

Ўшанда бу электр тармоғи Қирғизистоннинг Ўзбекистонга қарамлигидан қутилиши ва Тошкентга электр қуввати транзити учун йил сайин тўлаб келинган $10 миллион доллар маблағни иқтисод қилиб қолиш мақсадида амалга оширилгани айтилган.

Юқори қувватли 405 километрдан иборат Датқа-Кемин электр тармоғи Қирғизистоннинг Тўқтўғул каскадида ишлаб чиқарилган электр энергиясини Ўзбекистонга транзит қилиш орқали эмас, балки ўз ҳудуди орқали тарқатиш имкониятини беради.

Расмий Бишкек мазкур лойиҳа амалга оширилиши ортидан, Қирғизистон электр энергияси мустақиллигини таъминлай олгани, Ўзбекистонга бўлган қарамликдан қутилганини билдирган.

Бугунги кунда Қирғизистонда 700 киловатгача бўлган бир киловат электр энергияси учун 0,01 сент тўланади. 700 киловатдан ошиқ ҳар бир киловатлар учун эса 0,03 сент ҳақ тўланади.

Ўзбекистонни чорак аср бошқарган биринчи президент (ҳозирда марҳум - таҳр.) Ислом Каримов Қирғизистон билан муносабатларида газ, сув масалаларига алоҳида урғу бериб, келажакда сув юзасидан давлатлараро жанжал чиқишидан огоҳлантириб келган.

Ислом Каримов Қирғизистондаги Тўқтўғул сув омборида қўшимча каскаднинг, Тожикистонда эса Рўғун сув омборининг қурилишига ҳам қарши бўлган. Ҳар иккала сув ҳавзаларининг оқими Ўзбекистонинг Фарғона водийси вилоятларини сув билан таъминлайди.

Сув оз, электр энергиясини тежанглар...

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Расмий маълумотга кўра, жорий йилнинг 20 ноябрь ҳолатига кўра, Тўқтўғул ҳавзасидаги сув ҳажми 14,2 миллиард кубометрни ташкил этади. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 2,4 миллиард кубометр оз.

"Тоза Кўл" нодавлат ташкилоти жорий йил ёзида Тўқтўғул сув омборида сув даражаси кескин пасайганини айтиб, бу қиш мавсумида ёруғликни ўчирилишига сабаб бўлишидан огоҳлантирган.

Ташкилотнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда сув омборидаги сув номаълум ҳолатларда оқизилган, натижада ҳавзадаги сув йилига 5-10 фоизга камайган.

Октябрь ойида ҳокимият алмашгандан сўнг, Бош вазир вазифасини бажарувчи Артем Новиков 19 ноябрь куни йиғилиш ўтказиб, қиш пайтида электр таъминотида узилишлар бўлмаслигини айтган.

Ундан аввал Бош вазир ўринбосари Равшан Собиров 5 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Қирғизистон бу йил сув миқдори озлиги сабаб, Қозоғистондан 500 миллион киловат соат электр энергиясини сотиб олишини маълум қилган.

Қирғизистонда бу йил қиш фасли нисбатан эртароқ келган, ҳаво ҳам аллақачон кескин совуган.

Ўртача ойлик иш ҳаққи 200 долларни ташкил қилган Қирғизистон аҳолисининг учдан бири қашшоқликда яшайди.

Ўш аҳолисининг аксарияти қишда уй иситиш тизимларига асосан кўмир ёқишни маъқул кўради.

Чунки вилоятнинг ўзида қазиб олинадиган қора олтин газ ва электр энергиясига нисбатан икки баробар арзон ҳисобланади.

Айниқса, сўнгги беш йилда маҳаллий аҳоли орасида қиш пайтида иссиқлик таъминотидаги узилишлар ёки унинг қимматидан шикоятлар сони кескин камайган:

Муфаззалхон Абдураҳманова, нафақадаги аёл

Уйимизнинг бир хонасини газли Эрон печкаси билан иситамиз. Яна бир хонасини эса, электр энергияси билан ишлайдиган печка билан. Икки йилдан бери кўмир ишлатмаяпмиз. Бир ойда газга $30 долларга яқин, светга эса $40 доллар атрофида, жами $70 долларча пул тўлаймиз. Бир тонна кўмир пули. Ўтин кетмайди, чанг бўлмайди. Кўп йиллардан бери свет, газ ўчмаяпти. Бу йил ҳам шундай бўлар...

Исломбек, мутахассис

Уйимизда иккита печка бор. Ҳар йили бир қишда ўртача тўрт тонна кўмир ёқамиз. Орада электр печка ҳам ишлатамиз. Лекин кўп эмас. Унга ойига минг сўмгача тўлаймиз. Газни ошхонада фақат овқат пишириш учун ишлатамиз. Свет, газ ўчиб қолса ҳам, печкадаги ўт билан уйимиз иссиқ туради.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Отабек, сотувчи

Ёзда ховлида, қишда эса бир хонали кўп қаватли уйда яшаймиз. Иситиш тизимига ҳар ойда ўртача йигирма доллар тўлайман. Шу бизга иқтисодий тарафдан фойда бўлади.

Дилшодбек Токурбаев, тадбиркор

Бу йил уйимни иситиш учун 240 квадрат метрли газ котел ўрнатдирдим. Авваллари отопленияга кўмир ёқар эдик. Ҳозир иккаласи ҳам бор. Октябрь ойида газли котелни озгина ишлатгандим, $30 доллардан сал кўпроққа квитанция келди. Бу ойда қанча ишлатдик, пули келганда кўрамиз. Газ кўп кетаркан. Ишлатганлар қишда ойига $120-$170 доллар оралиғида тўланади, дейишди.

Агар адашмасам, ўтган йили отопленияга қиш ичи 5 тонна кўмир ёққанмиз. У пайтда кўмирнинг бир тоннаси салкам $60 доллар эди. Ўтинларни ҳам шундай нархга олсак, бир қишда умумий $350 доллардан сал кўпроқ харжлардик.

Бу қиш, ноябрдан бошлаб, кейинги йил апрелгача газли отопленияни ишлатсам, ўрта ҳисобда умумий $700 доллардан сал кўпроқ тўлар эканман. Ҳозир газнинг бир куб метрига 21 сентдан тўлаймиз. Доллар қимматлаётгани сабаб, газ нархи ҳам ошаяпти. Авваллари 14 сентдан тўлардик. Газга кўмирга нисбатан икки баробар кўп харажат қиламан. Муҳими, уйимиз қорайиб, исламайди ва бир одам ўт ёқиш учун овора бўлмайди. Тугмани босиб қўясиз, ишлайверади. Бироқ бунинг бир хавотирли тарафи бор, свет ўчиб қолса, ишламай қолади. Сабаби, стабилизатори билан насоси светга уланган, улар ишламаса, котел ҳам ўчади. Бир-бирига узвий боғлиқ. Агар свет ўчса, унда яна кўмир котелни ёқамиз.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Қирғизистон об-ҳавони кузатиш маркази маълумотига кўра, бугун, 23 ноябрь куни кечаси ва эрталаб Қирғизистоннинг аксарият ҳудудларида вақти-вақти билан яна қор ёғади.

Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларнинг айрим туманларида туман тушиб, йўллар музлайди.

Ҳавонинг ҳарорати эса, кечаси -5 ...- 10, кундузи -1 ... + 4 градусни ташкил этади.

Баланд тоғли ҳудудларда эса ҳаво ҳарорати кечаси -20 ...- 25, кундузи -8 ...- 13 даражага етади.

Мазкур ҳаво ҳароратининг унчалик катта бўлмаган фарқ билан ушбу ҳафтада сақланиб қолиши кутилмоқда.

Бу йилги анчайин эрта келган қиш, аллақачон ёғиб берган қалин қор ва қаттиқ совуқлар аксарият минтақа давлатларида глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek