Ўзбекистон: Ислом Каримов модели "иш бермади"ми ва “мафия” кўчаларда бемалол юрибдими? - Янгиликлар, дунё, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон: Ислом Каримов модели "иш бермади"ми ва "мафия" кўчаларда бемалол юрибдими? - Рақамсиз машиналар нега депутат Расул Кушербаев эътиборини ўзига тортди ва Мирзиёевнинг иқтисодиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари аввалги иқтисодий модел ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди - дайжест.
Аввалига Россия вакцинаси ҳақида
Қибрайда Россия вакцинаси ишлаб чиқариладими?
Ўзбекистон Россияга коронавирусга қарши вакцинани биргаликда ишлаб чиқаришни таклиф қилди, дея ёзмоқда Gazeta.uz нашри.
Хабарда ёзилишича, 4 декабрь куни ўтган давра суҳбатида Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев Россия томонига шундай таклифни илгари сурган.
Коронавирусга қарши вакциналарни Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган Tashkent Pharma Park илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида ишлаб чиқариш таклиф қилинган.
Президент Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни имзолаган қарорда Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида вакциналарнинг турли хилларини ишлаб чиқариш бўйича майдонча ва замонавий тажриба-синов лабораториясини яратишга кўрсатма берилган эди.
Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистонга 4 декабрь куни Россиянинг коронавирусга қарши Спутник V вакцинаси олиб келинган эди.
Рақамсиз машиналар ва "мафия"

Сурат манбаси, videograb
Депутат Расул Кушербаев ўзининг Telegram каналида фуқаролардан Тошкент вилоятининг бир қатор туманларида "давлат рақами йўқ ёки яширинган" қора рангдаги автомобиллар бемалол ҳаракатланиб юргани ҳақида маълумотлар олаётгани ҳақида ёзган.
Депутат бундай машиналарнинг айримларини "ЙҲХБга тегишли кўринишдаги автомобиллар" олиб юрганини қўшимча қилган.
Кушербаев ушбу автомобиллар эгаларини кўча безориси ёки "мафия"га менгзаган.
"Кўча безориси ёки "мафия" каби қонунларни менсимай, жаримадан қочиб ҳаракатланиб юрган бундай қонунбузарларни зудлик билан аниқлаб, чора кўришларини талаб қиламиз. Зеро, Ўзбекистон- қонунлари барчага баробар ва қонун устувор мамлакат. Шундай эмасми ҳурматли ИИВ масъуллари?", дея ёзган у.
Ички ишлар вазирлиги, ҳозирча, депутат илгари сурган масала юзасидан изоҳ бермаган.
"Аввалги иқтисодий модель турғунликка олиб келди"

Сурат манбаси, official
"Совет давридан мерос қолган аввалги иқтисодий модель иқтисодий турғунликка олиб келганини англаган ҳолда мамлакат барқарор ўсиш йўлида ислоҳотларни амалга оширишга бел боғлади".
Президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова Франциянинг La Tribune нашрида эълон қилинган мақоласида марҳум Ислом Каримовнинг иқтисодий модели борасида шундай фикрни илгари сурган.
Мақолада Саидова аввалги модель ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан курсини икки ёки, ҳатто, уч баробарга ошиши тизимига олиб келгани, қора бозор ва соядаги иқтисодиётни рағбатлантирганини ҳам таъкидлаган.
Мулозим янги ҳукумат амалга ошириб келаётган валюта бозорини либерализация қилиш, солиқ тизимини ўзгартириш каби ислоҳотлар натижасида мамлакат хорижий инвестициялар учун очилганини маълум қилган.
Маълумот учун, 1956 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган Галина Саидова 2002 йилдан буён Иқтисодиёт вазирлигида турли лавозимларда ишлаб келган.
У 2010-2011 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири бўлган.
2011 йилдан 2017 йилга қадар Иқтисодиёт вазирлигини бошқарган.
$20 миллион ва "Саломатлик йўлаклари"

Сурат манбаси, courtesy
Пойтахтда умумий узунлиги 50 километр бўлган "Саломатлик йўлаклари" ташкил этилади.
Бу ҳақида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги хабар берган.
Хабарда 2021 йил давомида Тошкент шаҳрининг барча туманларида пиёда ва велосипедда юриш учун мўлжалланган, умумий узунлиги 50 километр бўлган махсус йўлаклар қурилиши ҳақида сўз боради.
Расмий хабарда йўлаклар қурилиши учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2023-2024 йилларда қайтариш шарти билан $20 миллион миқдорида фоизсиз ссуда ажратилиши маълум қилинган.
Махсус йўлаклар лойиҳаси президент Шавкат Мирзиёев 30 октябрда имзо чеккан "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ амалга оширилаётгани қўшимча қилинган.
Шунингдек, ушбу фармон бир суткада 10 минг қадам ва ундан ортиқ пиёда юрган ўзбекистонликлар моддий рағбатлантирилиши тўғрисидаги банди ортидан жамоатчилик эътиборига тушган эди.
Миллий гвардия ва дахлсизлик ҳуқуқи

Сурат манбаси, official
Парламент томонидан 2019 йилда қабул қилиниб, президент томонидан 2020 йил 18 ноябрда имзоланган "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида"ги қонун эълон қилинди, дея хабар берган Norma.uz ахборот-ҳуқуқий портали.
2021 йил 20 майдан кучга кирувчи қонунда Миллий гвардия фаолияти тартибга солинган.
Шунингдек, ҳужжатда Миллий гвардия ходимининг ўз ваколатлари доирасида қўйган қонуний талаблари барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийлиги ҳақида сўз боради.
Бундан ташқари қонунда тузилма ҳарбий хизматчилари ва ходимлари хизматни ўташ вақтида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлиши алоҳида таъкидланган.
"Ҳарбий хизматчи (ходим) тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас", дейилади қонуннинг 43-моддасида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















