Газ ва свет: Президент Мирзиёев сайловолди ваъдаси энди бажариладими? - видео, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Газ ва свет: Президент Мирзиёев сайловолди ваъдаси энди бажариладими? - Ўзбекистонда газ ва свет масаласини ҳукумат ўз қўлига олди. Энди газ, свет бўладими?

Ўзбекистонда жорий ҳафта давомида совуқ ҳаво сақланиб туради, баъзи ҳудудларида яна қор ёғади.

Мамлакатнинг аксарият ҳудудларига аллақачон қор тушган, бу йилги қиш мавсуми ҳам аввалгиларидан деярли фарқ қилмаган, яна энергетик бўҳрон билан бошланган.

Илк қалин қор билан кечган бир неча куннинг ўзидаёқ ижтимоий тармоқлар ўзбекистонликларнинг газ ва свет тақчиллигига оид шикоят постларига тўлиб-тошган.

Жойлаштирилган постлардан муаммонинг бир вилоят ёки туман билан чекланмаслиги, бутун мамлакат миқёсида экани, бундан, ҳатто пойтахт Тошкент ҳам четда қолмаётгани англашилган.

Уни трендга олиб чиқиш ҳаракатлари кузатилган, айни мавзуда, ҳатто, шеърлар ҳам битилган.

Qor

Сурат манбаси, official

"Кўмир ёқиб, чиқмас унимиз,

Ўтин танқис, совуқ тунимиз,

Тезакларга қолди кунимиз,

Зангори оловли қувурлар...", дейилади ана шундай шеърларнинг бирида.

Газ ва свет тақчиллиги билан боғлиқ вазиятга ўз постларида Ўзбекистондаги айрим етакчи зиёлиларнинг ҳам эътибор қаратишгани кўрилган, улар мавжуд ҳолатдан ўз хавотир ва ташвишларини ошкора изҳор этишгача боришган.

Улардан бири, "Электр таъминоти масаласида қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Қозоғистон билан мавжуд бўлган "Халқа"ни тиклаш керак. Улардан сотиб олинган электрга бир цент қўшиб, аҳолига сотиш наҳотки қийин бўлса? Ахир бундан давлат зарар кўрмайди-ку?! Аҳоли ўзи ишлатган электр учун ҳақ тўлайди. Кейин электр таъминотини хусусий қўлларга бериб қўйиш вақти келди. Худди чет элдагидек, электр тармоғини қўлига олган хусусий тадбиркор ўз чўнтаги учун ҳам аҳолига электр беришга мажбур бўлади", - дея мавжуд муаммога ўз ечим йўлини ҳам таклиф қилган.

Бошқа бир постда эса, "ХХI асрда миллатни газсиз ва чироқсиз қолдириш - жиноят, кечириб бўлмас жиноят! Бунга енгил-елпи қараб бўлмайди. "Ҳа энди, қиш уч ойда ўтади-кетади, иқтисод қилганимиз қолади", деб қараётган бўлсангиз, ана ўша жиноятга қўл урган бўласиз. Бунинг ортида жуда аянчли қисмат кутиб турибди. Халқнинг қисмати, давлатнинг қисмати - сиз билан бизнинг, барчамизнинг қисматимиз!", деган фикрларни ҳам ўқиш мумкин бўлган.

Ҳар қиш мавсумида одамлар орасидаги ис газидан нобуд бўлиш ҳоллари эса, мавжуд муаммонинг яна бир хавотирли жиҳатига аллақачон айланиб бўлган.

Кибер фазодаги Каримов даврида кузатилмаган, таъбир жоиз, бу қадар дадиллик - матбуот, сўз эркинлиги борасида янги Ўзбекистоннинг қўлга киритаётган ютуғи каби баҳо, талқин ва таҳлилларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Минглаб шикоятлар

Senat

Сурат манбаси, official/facebook

Худди шу каби бир манзарада газ ва свет тақчиллиги билан боғлиқ вазият Сенат кун тартибига чиққан.

Олий мажлис Сенатининг 9-ялпи онлайн мажлисини минглаб ўзбекистонликлар беэътибор қолдиришмаган.

Мажлис жараёнидаёқ газ ва электр энергияси муаммосини қачон ҳал қиласизлар, деган савол билан иштирокчиларга мурожаат қилишга улгуришган.

Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева газ ва свет масаласида минглаб шикоятлар тушаётганини ўша пайтдаёқ эътироф этиб, масъулларга муаммо билан шуғулланишни топширган.

Сенат раисининг, "Мен сизларга ваъда бераман, бизнинг тегишли қўмитамиз - Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мана шу масалани махсус ўрганиб чиқади", деган сўзларини Kun.uz мухбири келтириб ўтган.

Маълум бўлишича, Танзила Норбоева Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоевга шу масалада тез кунларда танқидий йиғилиш ўтказиш вазифасини юклаган.

Норбоева хоним нега президент ислоҳотлари жойларга етиб бормаётгани ва одамлар токсиз, газсиз қолаётганини ўртага қўйган.

"Сенат ва қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида шу масала бўйича вазирларнинг ҳисоботларини эшитамиз. Нима учун президент ислоҳотлари жойларга етиб бормаяпти? Мана шу саволга жавоб олишимиз керак. Мутасаддилар жавоб берсин. Маблағдан муаммо йўқ-ку? Ҳеч қандай муаммо йўқ. Нега у (газ ва электр энергияси) жойларга етиб бормаяпти? Нима учун халқ биздан норози?", - дея мажлис аҳлига кетма-кет савол ташлаган.

9-ялпи мажлисдан келтирилаётган иқтибосларга таянилса, "буни тез орада кўриб чиқишлари"ни баён қиларкан, Танзила Норбоева, "Биз ялпи мажлисни ҳам кутиб ўтирмаймиз, тезда ахборот берамиз. Давлат раҳбарига албатта бу масала бўйича ахборот берамиз", деб айтган.

Ўзбекистонда газ ва свет масаласини ҳукумат ўз қўлига олди. Газ-свет қачон бўлади?

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Шавкат Мирзиёев ҳам одамларни ҳар қиш қийнайдиган газ ва свет масаласини ҳал қилишга ҳаракат қилишини айтиб келади.

Айниқса, қишлоқ ҳудудларини электр энергияси билан таъминлаш президент сайловолди ваъдаларидан бири экани ҳам кўрилган.

Минтақада энг катта (расман 34 миллондан ортиқ - таҳр.) Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти эса, айнан газ ва свет тақчиллиги, йилларки, ўткирлигича қолаётган чекка қишлоқ ҳудудларида яшаб келишади.

Ўтган йил қиш мавсумида одамлар мавжуд вазиятдан ўз норозиликларини ошкора билдиришгача боришган, мамлакатнинг қатор вилоятларида автомобиль йўлларини ҳам тўсиб қўйишган.

Ўшанда мавжуд вазиятга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳукумат мажлисида эътибор қаратган, ислоҳотлар реал ҳаётда ўз аксини топмаётганини эътироф этган, одамлар газ ва электр тизимидаги узилишларга ҳақли равишда норозилик билдираётганини таъкидлаган.

Мамлакат энергетика соҳасини такомиллаштириш - Шавкат Мирзиёев президентлигининг илк кунларидаёқ қабул қилган дастурлардан бири бўлган.

Аммо орадан тўрт йилча вақт ўтиб ҳам, мамлакат аксарият аҳолисининг газ ва свет тақчиллигидан шикоятлари ҳануз барҳам топмаган.

Энди тез вақтда одамлар газ ва свет билан тўлиқ таъминланадими?

O'zbekiston

Сурат манбаси, PA Media

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси газ ва электр таъминотида узилишлар бўлмаслиги учун энергетика тизимидаги монополияга барҳам берилиши кераклигини айтади.

Тизимнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги натижасида ҳудудлардаги электр ва газ таъминоти корхоналари истеъмолчиларни асоссиз равишда 270 миллион жаримага тортмоқда.

Ёки 2006 йилда вафот этган фуқаро 2020 йилдаги ишда гувоҳ сифатида қатнашиб, унинг номидан имзо чекилмоқда.

Би-си-си истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини мурожаат ва судлар орқали ҳимоя қилаётган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот котиби Шерали Саттаров билан суҳбат қилди:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Агар, кибер фазодаги шикоятларига танилса, газ ва ток йўқми, ўзбекистонликларда чора фақат ўтин, кўмир ёки таппига қолган.

Одамларнинг айтишича, бир оилага бир қишлик ўтин - кўмир $200-$300 долларга тушади. Ўзбекистонда баъзан ойликлар юз долларга етмайди.

Ўзбекистон энергетика мулозимлари мавжуд вазият борасида расман изоҳларини аллақачон бериб бўлишган, ток тақчиллигини - аҳоли совуқда уни кўп ишлатаётгани сабабли, дейишган.

Аммо аҳолида бошқа муқобил иссиқлик манбаи борми, деган савол очиқ. Чунки - Ўзбекистон четга газ ва электр қуввати сотади.

Янги Ўзбекистон ўтган йил Россия билан ҳамкорликда Марказий Осиёда биринчиси бўлиши кутилаётган атом электр станцияси қуриш борасида ҳам расман келишиб бўлган.

Бу мавжуд муаммонинг энг муқобил ечими сифатида ҳам баҳо топган.

Лекин қурилиш ишлари ҳалича бошланмаган, бошқа томондан, АЭСнинг қанчалик хавфсиз эканига оид янги хавотирларни ҳам пайдо қилган.

Кўпчилик энергияга бой давлат олдин ўз халқини таъминлаши керак дейишади.

Ўзбекистон ичкарисидаги тақчилликнинг бош сабаби четга ток ва газ сотилишими?

Ўзбекистон мустақиллик йиллари четга газ ва электр сотишни кўпайтирди.

Ичкаридаги етишмовчилик эса, баъзан совет давридан қолган тизим эскиргани билан ҳам изоҳланди.

Тўғри, айнан сўнгги йилларда таъмир ва янгилаш учун катта маблағлар сарфлангани ҳам айтилади, лекин негадир аҳвол деярли ўзгармаган.

Saparboy Jubayev

Сурат манбаси, facebook

Минтақадан етакчи иқтисодий эксперт Сапарбой Жубаевнинг айтишича, "электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш керак".

"90-йиллар бошларида Ўзбекистон бир 50 миллиард киловат/соат электр энергияси ишлаб чиқарган бўлса, бугунги кунда бу рақамлар 60-65 миллиард киловат/соатни ташкил қилади. Яъни, 20-25 фоизга кўпайган. Лекин шу вақт оралиғида Ўзбекистон аҳолиси 55-60 фоизга ошди. Шунинг учун, ростдан ҳам қиш фаслида бу етишмовчилик бор", - дейди у.

Хўш, нима қилмоқ керак, деган саволига эса, эксперт, "Албатта, бу соҳага жуда катта инвестициялар олиб кирилиши керак. Чунки Ўзбекистоннинг ўзидаги маблағнинг етиши жуда қийин. Газ тизимидаги узилишлар сабаби деб, газ тизимининг эскиргани, унинг модернизациясига унча кўп маблағ бўлмагани ҳисобланган. Лекин энди яқин орада бунга жуда кўп маблағ ажратилиб, газ таъминотини яхшилаш масаласи ҳам турибди", - дея жавоб беради.

Қишки энергия тақчиллиги Ўзбекистонда сурункали кўриниш касб этиб улгурди. Ва бу ҳолат ҳозир шаҳарлар, ҳатто, пойтахт Тошкентда ҳам кузатилаётгани айтилади.

Одамлар учун эса, шу кеча-кундузда иссиқлик ва ёруғлик керак.

Бироқ чорак асрдан бери фақат ёмонлашиб келган бу ҳолатни Ўзбекистон қанчалик тез тузата олади?

Ўзбекистон аҳли энергия таъминоти тўла тикланишига умид қила оладими?

Ҳозирча аниқ эмас...

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek