Бухоро шаҳар прокурори можароси, туҳмат учун қамоқ бекор қилинадими ва ноқонуний диний ҳужралардаги “калтаклар” — янгиликлар, дунё, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, videograb/kun.uz
Бухоро шаҳар прокурори можароси, туҳмат учун қамоқ бекор қилинадими ва ноқонуний диний ҳужралардаги "калтаклар" - прокурор Жасур Фозилов важларини энди махсус комиссия ўрганади, Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ўзгариши мумкин ва Тошкентда нима аниқланди? bbcuzbek.com дайжести.
Республика идоралараро комиссияси
Бухоро шаҳар прокурори важларини ўрганиш учун Республика идоралараро комиссияси тузилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси расман маълум қилди.
Прокурор 11 декабрь куни ижтимоий мулоқот тармоқлари орқали Ўзбекистон президенти ва Администрацияси раҳбарига видеомурожаат билан чиққан.
Ўз мурожаатида мамлакат Бош прокурори ва прокуратуранинг айрим ходимлари устидан шикоят қилган, уларга қарши баъзи айбловларни ҳам илгари сурган.
Прокурор мақомидаги шахснинг Ўзбекистон президенти ва Администрацияси раҳбарига бу каби видеомурожаат билан чиқиши мамлакат тажрибасида "ғайриодатий" экани билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Бошқа томондан, бир Ўзбекистон фуқаросининг "важ"лари юзасидан Республика идоралараро комиссиясининг тузилиши воқеълиги ҳам худди шу каби баҳо, муносабатларга сабаб бўлмай қолмаган.
Маълум бўлишича, Республика идоралараро комиссияси энди Бухоро шаҳар прокурори видеомурожаатида қилган ана шу важларни ўрганади.
"Жасур Фозиловнинг важларини синчковлик билан ҳар томонлама, холисона текширади ва мазкур ҳолатга баҳо беради".
Хабарда комиссия, "мурожаатда келтирилган қонунбузарлик ҳолатларини жойига чиққан ҳолда, Бухоро шаҳар прокурорининг барча важларини бевосита ўзининг иштирокида чуқур ва холисона ўрганилишини ташкил этиши" хосан қайд этилади.
Комиссия таркибига эса, "Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасининг масъул ходимларидан ташқари Бош прокуратуранинг ўзи ҳам кириши" кўрилади.
Ўзбекистон Бош прокуратураси эса, худди ўша кун - 11 декабрнинг ўзидаёқ расмий баёнот билан чиққан.
"Бош прокуратура томонидан Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Жасур Фозиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақидаги аризаси текширилаётгани"ни расман маълум қилган.
Худди шу расмий баёнот тафсилотларидан Бухоро шаҳар прокурорига нисбатан хизмат текшируви тайинлангани, "текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш" учун унинг ҳали 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча озод қилингани англашилган.
Бош прокуратура текшириш давомида аризада келтирилган барча важлар ва Жасур Фозилов мурожаатидаги ҳолатларга "тўлиқ ва ҳаққоний баҳо берилиши", "шаффоф ва ошкора ўрганилиши", "бунда жамоатчилик назоратини таъминлаш учун доимий ҳамкорликка тайёрлиги"ни ҳам илова қилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасиники каби, Бош прокуратура расмий баёнотида ҳам текшириш натижаси бўйича қўшимча равишда маълумот берилиши айтилганди.
Туҳмат ва ҳақорат учун жазо ўзгарадими?

Сурат манбаси, facebook
Ўзбекистон Жиноят Кодексидан туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси олиб ташланиши мумкин.
Бугун, 15 декабрь куни бу ҳақда ўзбекистонлик депутат Расул Кушербаев маълум қилган.
Депутанинг ўз Telegram каналида ёзишича, Қонунчилик палатаси бугунги мажлисида Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини кўриб чиққан.
Англашилишича, лойиҳа Ўзбекистон Жиноят Кодексидан туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун мавжуд бўлган озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилиш, бунинг ўрнига жарима ёки мажбурий жамоат иши жазосини қўллашни кўзда тутади.
Депутатнинг маълум қилишича, янги қонун лойиҳаси билан ҳар икки кодексда ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланмоқда.
"Порнографик маҳсулотларни тарқатиш ва шафқатсизликни тарғиб қилганлик учун ҳам жарима миқдорлари оширилмоқда".
Расул Кушербаевнинг билдиришича, қонун лойиҳаси депутатлар ташаббуси билан киритилган ва кўриб чиқиши учун энди Сенатга юборилган.
Туҳмат учун озодликдан маҳрум этиш жазосини бекор қилиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси шу йил бошида жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани хабар берилган.
Сўнгги йилларда айрим блогерларнинг туҳмат, ҳақорат ва безориликда айбланиб, маъмурий қамоқ жазоларига ҳукм қилиниши фонида бу - алоҳида долзарблик касб этган, кибер фазода қизғин баҳсу мунозараларга сабаб мавзулардан бирига айлангани кўрилганди.
Тошкент, ноқонуний диний ҳужралар ва калтаклар

Сурат манбаси, Screenshot/gazeta.uz
Хабарларга кўра, Ўзбекистон пойтахтида ноқонуний диний ҳужралар фаолият юритганлиги аниқланган.
Бу ҳақда Ўзбекистондаги қатор етакчи интернет нашрлари "Янги давр" кўрсатувига таяниб, хабар тарқатишган.
Маълум бўлишича, "бу ҳужраларда ўқиган 30 дан ортиқ бола калтакланиб, мунтазам равишда оч қолдириш орқали жазоланган".
"Уч нафар шахснинг ўз уйларида ҳужралар ташкил этиб, болаларга ноқонуний равишда диний таълим бериб келаётгани ҳуқуқ-тартибот идораларининг тезкор тадбирлари чоғида аниқлангани" айтилган.
"Ўтказилган текширишлар давомида ҳужраларда болаларга нафақат диний таълим берилган, балки уларнинг аёвсиз равишда калтаклаб келингани ҳам маълум бўлган", дейилади "Ёшлар" телеканали кўрсатувида.
Лавҳа тафсилотларидан англашилишича, "ҳужраларда совуқ қуроллар ҳам топилган".
"Уй эгаларининг қўл телефонларида диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг ҳижрат ва жиҳодга чорловчи аудио ва видеоматериаллари борлиги аниқлангани" ҳам айтилган.
Уч нафар шахснинг ким экани, ўз уйларида дейиларкан, Тошкентнинг айнан қаерида, қачон ва қандай қилиб бу каби "ҳужраларни ташкил этишгани", бунга нималар сабаб бўлгани, уларнинг қай шаклда фаолият олиб боргани, ҳуқуқ-тартибот идораларининг тезкор тадбирига нима сабаб бўлгани, унинг қачон ўтказилгани тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.
"Ҳужра эгалари"нинг лавҳада тилга олиб ўтилган ҳолатларга муносабати ҳам ҳозирча ноаён.
Аммо ҳозирда бу шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш масаласи кўриб чиқилаётгани айтилган. Қонуний чора айнан нималарни кўзда тутиши тафсилотлари ҳозирча очиқланмаган.
Ўзбекистонда хусусий тартибда диний таълим бериш қонунан маън этилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















