Ўзбекистон: Коррупцияга қарши жанговар руҳ ва Мирзиёев гапларидан сўнг свет бўладими? – Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон: Коррупцияга қарши жанговар руҳ ва Мирзиёев гапларидан сўнг свет бўладими? - Байрам ортидан яна шикоятлар ортган ва миллиардлаб сўм қийматдаги давлат харидлари қаерга кетмоқда? Би-би-си дайжести.
Электр таъминоти
Ўтган йиллар давомида "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари орқали минглаб ҳудудларда электр таъминоти яхшиланган.
Бу ҳақда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Рўзиқул Райимов ЎзАда эълон қилинган мақоласида ёзган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида тилга олинган энергетика соҳасига доир масалаларга бағишлаб ёзилган мақолада Райимов электр энергияси билан муаммолар республиканинг "чекка ҳудудлари"да юзага келаётганини билдирган.
Мақолада Райимов мамлакат бугунги кунда "қанча кўп электр энергияси ишлаб чиқармасин, унга талаб янада ошиб бораётгани", президент мурожаатномасида илгари сурилган кўрсатмалар эса "бундай муаммоларни ечишга хизмат қилиши" борасида мулоҳаза юритган.
Президент Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида 2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозорини шакллантириш бошланишини маълум қилган эди.

Сурат манбаси, official
Райимов президент 130 минг километр узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 40 мингдан ортиқ трансформаторни босқичма-босқич янгилаш дастурини 2021 йил 1 апрелга қадар тасдиқлаш ҳамда амалиётга татбиқ этиш борасида кўрсатма берганини қўшимча қилган.
"Бундай узоқ муддатга мўлжалланган ҳамда кенг қамровли ишларнинг амалга оширилиши чекка ҳудудларимизда электр энергияси билан вужудга келаётган муаммоларни ҳал қилишда муҳим ўрин тутади", ёзган у.
Райимов Энергетика вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар мурожаатда кўрсатилган ҳар бир вазифани бажариб, аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришини таъкидлаган.
Бироқ янги йилнинг илк ҳафтаси бошланиши билан ижтимоий тармоқда кўплаб одамлар байрам ортидан яна свет ўча бошлагани ҳақида ёзган.
Бундан ташқари жорий қиш мавсумида электр тақчиллиги, Рўзиқул Райимов таъкидлагандек, фақат "чекка ҳудудлар"да эмас, балки туман ҳамда вилоят марказларида ҳам кенг кўламда кузатилган.
Мисол учун, ўтган йилнинг декабрь ойида Андижон ва Қўқон шаҳарларида электр ҳамда газ таъминотидаги узилишлардан норози аёллар кўчадаги ҳаракатни тўхтатиб қўйишга уринган эди.
Президент таътилда

Сурат манбаси, facebook/saidamirziyoyeva
Президент Шавкат Мирзиёев 4 январь - душанба кунидан бошлаб қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан.
Бу ҳақда хабар берган президент матбуот хизмати давлат раҳбари ўзининг иккинчи меҳнат таътилини ҳам Ўзбекистон ҳудудида ўтказишни режалаштирганини ёзган.
2016 йилда ҳокимиятга келган президент Мирзиёевнинг меҳнат таътилига чиққани ҳақида илк бор 2019 йил август ойида хабар қилинган эди.
Таъбир жоиз бўлса, бу мустақил Ўзбекистон президентининг меҳнат таътилига чиққани тўғрисида тарқатилган илк расмий хабар эди.
Марҳум Ислом Каримов даврида ўзбекистонликлар давлат раҳбарининг меҳнат таътилига чиққани ҳақида бирор марта эшитишмаган эди.
Бироқ 2014 йилда Би-би-си олиб борган ўрганишлар ортидан Каримов ҳам меҳнат таътилига чиқиб тургани, фақат бу жамоатчиликка ошкор этилмагани аён бўлганди.
Коррупцияга қарши жанговар руҳ

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги миллиардлаб сўм қийматдаги давлат харидлари амалдорларнинг қариндош-уруғлари орасида тақсимлаб олинаётгани ва давлат буюртмалари бўйича тендерларда ҳам "таниш-билишчилик" ғолиб бўлаётганига ўз муносабатини билдирган.
Агентлик муносабатида коррупциянинг бундай кўринишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш масаласи шундай ишларга қўл урган амалдорларни жазолашга даъватлар соясида қолиб кетаётгани ҳақида сўз боради.
Декабрь ойида Telegram'даги Davletov.uz канали Андижон, Жиззах ва Хоразм вилоятларида давлат харидларини мансабдорлар шахсларнинг қариндош-уруғлари тақсимлаб олаётгани ҳамда давлат буюртмалари бўйича тендерларда ҳам улар ютиб чиқаётгани акс этган суриштирувларни эълон қилган эди.
Жамоатчилик ғазабига сабаб бўлган бу ҳолатлар бўйича суриштирув бошлаганини билдирган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш натижаларини, ҳозирча, маълум қилмаган бўлсада, бу каби жиноятлар 2020 йилда кўпаймаганини таъкидлаган.
"У олдинги йилларда ҳам мавжуд бўлган ва бунданда каттароқ ҳолатларда намоён бўлган. Аммо уларнинг аксарияти аниқланмай қолиб кетаверган. Давлат харидлари бўйича ягона ахборот порталининг ишга туширилиши ва у ерда зарурий маълумотларнинг очиқланиши натижасида барча харид жараёнлари тўғрисида аҳоли хабардор бўлмоқда", дейилади агентлик муносабатида.
Агентлик нега бундай ишлар бўйича тергов ўтказиш ваколати йўқлигини шундай изоҳлаган:
"Агентликда тергов ваколатининг йўқлиги эса агентлик мустақиллиги учун хизмат қилади. Боиси, агар агентлик тергов жараёнларини амалга оширса, терговни назорат қилиш функцияси бўлган идоралар ёки суд олдида қайсидир маънода қарам бўлиб қолишига туртки бўлади".
Агентлик коррупцияга қарши энг самарали восита ошкоралик эканини таъкидлаб, журналист ва блогерлардаги "коррупцияга қарши жанговар руҳни яна кучайтириш лозим"лигини билдирган.
IMEI учун энди сотувчи жавобгар

Сурат манбаси, official
2020 йил 31 декабридан жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлиб келаётган IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизимига ўзгартириш киритилган.
Эндиликда, республика ҳудудига олиб кирилган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказишга тадбиркорлар жавобгар этиб белгиланмоқда.
Шунингдек, агар мобил қурилманинг бир слотига тегишли IMEI-коди 2019 йил 1 ноябргача автоматик рўйхатдан ўтган ва базага киритилган бўлса, унинг бошқа слотидаги IMEI-коди 3 иш соати мобайнида бепул рўйхатдан ўтказилади.
Бир ҳафтада 21 коронавирус ҳолати

Сурат манбаси, official
Бир ҳафта ичида Ўзбекистонга ҳаво йўллари орқали кириб келган 21 инсонда коронавирус аниқланган.
Бу вақт давомида мамлакатга 12 давлатдан 12 минг одам келган, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш ташкилоти.
25 декабрдан бошлаб Ўзбекистонга кириб келаётган йўловчилардан коронавирусга экспресс-тест олиш тартиби жорий этилган эди.
Расмийлар коронавируснинг янги штамми дунё бўйлаб кенг тарқалиб бораётгани туфайли шундай қарор олинганини маълум қилган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















