Ўзбекистон: "Жумага борган ўғлим штраф олди" – Болаларнинг Рамазонда масжидга киришига чеклов қўйилгани ортидан баҳс кучаймоқда

Сурат манбаси, Screenshot/Social media
Ўзбекистонда болаларни Рамазон вақтида масжидга киришига тўсқинлик қилиш ортаётгани айтилган хабарлар кўпайган. Тармоқ фойдаланувчилари ўқитувчилар ва хавфсизлик ходимлари болаларнинг масжидга киришини чеклаётгани ҳақида ёзган.
Ижтимоий тармоқларда диний эркинлик билан боғлиқ вазиятдан хавотирлар кучайган бир пайтда, Мусулмонлар идораси раиси Нуриддин Холиқназаров одамларга мурожаат билан чиққан.
Муфтий Рамазон намозлари пайтида ота-оналарни фарзандларини уйда қолдиришга чақирган.
Бу чақириқ ижтимоий тармоқларда намоз пайтида болаларнинг масжидда ўйнаб юргани тасвирланган видеолар тарқалганидан кейин янграган.
Холиқназаров масжидга келган болалар ўйинқароқлик қилаётганини тилга олган, ибодат пайтида диққатни жамлаш лозимлигини таъкидлаган.
"Ёш болаларимизни уйларда ушлайлик, азизлар. Катталар… ҳаммамиз келиб, бир ойни бир хушрў билан, ҳузур билан, бир йиғлаб, маза қилиб, ибодатимизни ўтказайлик. Мана шу ибодатга халақит қиладиган бирор нарсани қилмаслик керак", деган Холиқназаров тармоқда тарқалган видеомурожаатда.
"Ҳоким масжидга келиб буйруқ берибди"
Муфтий Холиқназаровнинг мурожаати тарқалгандан сўнг тармоқда ички ишлар ходимлари болаларни масжидларга қўймаётгани, бу ишга таълим ходимлари ҳам жалб этилгани ҳақида хабарлар кўпайган.
"Қўқон шаҳрида Шайҳул ислом, Ғиштли масжид, Ҳадя ҳожи (Шалдирамоқ), Аҳмадхон ҳожи (Данғара), Шайхон каби масжидларда болалар қўйилмаяпти. Бугундан Тошлоқ масжиди ҳам қўшилди. Ҳеч қанақасига қўймаяпти. Орган ходимини айтишича шахсан ҳокимни ўзи масжидга келиб, буйруқ берибди. Диний қўмитадан ҳам буйруқ келибди.
Милиция ходими мусулмон эканлигини, мажбур бўлаётганини, жума кунлари болаларга индамаётганини, бугун мажбур эканлигини айтди", хабар қилган тармоқ фаоли Жамшид Бобобеков.
Кейинроқ ижтимоий тармоқда ички ишлар ходими масжидда ибодат қилаётган икки ёш болани чиқариб юбораётгани тасвирланган видео пайдо бўлган.

Сурат манбаси, Screenshot/Social media
Видеонинг айнан қачон ва қаерда тасвирга олинганини мустақил аниқлаш имконсиз, аммо кўплаб фойдаланувчилар бу ҳолат Фарғона шаҳридаги масжидлардан бирида бўлгани ҳақида ёзган.
Яна бир тарқалган видеода Косон туманида ҳам ички ишлар органлари ходимлари болаларни таровеҳ намозига киришига рухсат бермагани айтилади.
Бундай хабарлар ортидан фаоллар ўз хавотирини билдира бошлаган.
"Ваҳима қиляпсан деманг, бизлар аниқ секин-аста Шарқий Туркистон ҳолатига қараб кетяпмиз", ёзган Facebook фойдаланувчиларидан бири.
Зокиржон Атҳамов номи остидаги Facebook фойдаланувчиси эса вояга етмаган фарзанди жума намозига боргани сабаб жарима қўлланилганини даъво қилган.
"Ўғлим 11-синф ўқувчиси. Жума намозига борганига штраф дейди… 5 минималка. Масжид Аллоҳни уйи бўлса, эртага унинг жавоби оғир келади ким шу қонунни чиқариб қўйган бўлса".
Танқидлар кучайгани кузатилганига қарамай, болаларни масжидга олиб келмаслик ҳаракатини ёқлаганлар ҳам бўлган.
"Андижон шаҳридаги Ҳазрати Билол масжидида таровеҳ намозига чиққанлар гувоҳлик беришлари мумкин, биринчи куни ёш бола масжид ичида сийиб қўйди. Янги ва қиммат гиламга теккан сийдик натижасида гиламнинг шу қисми кесиб ташланди. Бугун эса икки киши гиламга қусиб юборди, улардан бири яна ёш бола эди.
Шу ҳолатлар ҳақида ҳолис фикримни билдирадиган бўлсам, баъзилар сингари бир томонлама ёндашмасдан ва шахсларга қараб эмас, балки масаланинг моҳиятини ўйлаб кўрсак, ёш болаларни таровеҳ намозига олиб келмаслик маъқулроқ деб ўйлайман. Чунки биз, катталар ҳам, узун намозда чарчаяпмиз, қийналаяпмиз, баъзан бетоқат бўлиб кетаяпмиз. Ёш болаларга масжидга меҳр уйғотмоқчи бўлсак, уларни қийнаб таровеҳга олиб келиш шарт эмас", ёзган тармоқ фаоли Дилнур Камилов.
Шундай бир манзарада болалар ҳозирда ўқиши кераклиги, улардан мактабдан чалғимаслиги лозимлиги таъкидланган изоҳлар ҳам кўп қолдирилган.
"Болалар ёшлигидан ҳар бир жойнинг ўз қоидалари борлигини ўрганиши керак. Масжид – ибодат учун, мактаб – илм олиш учун, ўйингоҳ – ўйин учун. Уларни ҳар жойга мос одоб ва қоидаларга риоя қилишга ўргатиш тарбиянинг муҳим қисми ҳисобланади. Шу боис нима қилиш керак?
- Болаларга масжид одобларини уйда ўргатиш;
- Уларга диний тарбияни ёшига мос равишда бериш;
- Масжидга фақат намоз одобларини тушунган ва ҳурмат қила оладиган ёшда олиб бориш;
- Уларнинг тун ярмида кўчада юриши турли нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши эҳтимоли бор", дейилади тармоқда кенг тарқатилган муаллифи номаълум хабарлардан бирида.
Жиддий хавотир
Ўзбекистонда диний эркинликлар чекланиши билан боғлиқ хавотир фақатгина болаларнинг масжидга киритилмаётгани манзарасида ошмаётир.
Шу ҳафта ўртасида Маданият вазирлиги санъаткорларни бир жойга йиғиб, уларни ўз фаолиятида диний тарғиботга йўл қўймасликка чақирган эди.
"Йиғилиш давомида "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан "Ўзбекконсерт" давлат муассасаси томонидан концерт-томоша фаолиятини амалга оширишда санъаткорларнинг мажбурий талабларга риоя қилишини ҳамда асосий лицензия талабларида ижрочиларнинг "концерт-томоша соҳасида у ёки бу динни тарғиб қилмаслик" масалалари ҳам муҳокама қилинди", дейилади вазирликнинг расмий ахборотида.
Бу ва бошқа хабарлар манзарасида айрим тармоқ фойдаланувчилари диний эркинликни чеклаш бўйича пухта режа мавжуд, деган фаразни ўртага ташлаган, жиддий хавотирда эканини билдирган.

Сурат манбаси, Ministry of Culture
Болаларнинг масжидга киритилмаслиги кўп йиллардан буён Ўзбекистонда кузатилади ва баҳсларга сабаб бўлиб келади.
2019 йилда Мусулмонлар идорасининг собиқ раиси Усмонхон Алимов болаларни масжидга киритилмаслигига оид тартиб борлигини рад этган ва бундай тартиб бўлмаганини таъкидлаганди.
2020 йил августида эса карантин чекловларига оид тарқатилган баёнотида ИИВ болаларнинг масжидга келишига қонунчиликда тақиқ йўқлигини эслатган.
"…карантин чоралари бекор қилинганидан сўнг Ўзбекистондаги барча масжидларда фуқароларнинг ҳеч қандай чекловларсиз намозларини жамоа билан адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар таъминланади. Шу ўринда, Ички ишлар вазирлиги масжидларга вояга етмаган фуқаролар ва болаларнинг ўз ота, ака-ука ва яқин қариндошлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкинлигини эслатиб, бунга қонунчилигимизда ҳеч қандай тақиқлар мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлайди", дейилганди вазирликнинг қарийб 5 йил аввалги расмий ахборотида.
Расмийлар шу кунларда баҳсларга сабаб бўлаётган ҳолат юзасидан изоҳ бергани ҳозирча кўзга ташланмаган.












