Нега масжидлар ёпиқ, тунги клублар очиқ? - Минтақа ва сиёсат, Tojikiston, O‘zbekiston, koronavirus, dunyo, yangiliklar

- Author, Мустақил журналист,
- Role, Тожикистон
Нега масжидлар ёпиқ, тунги клублар очиқ? - Намозхонлар орасида норозилик кучаймоқда. Тожикистонда қарийб 9 ойдан буён масжидлар ёпиқ. Тожикистон минтақанинг учта йирик мусулмон давлатидан биттаси бўлади.
АҚШ Давлат департаменти куни-кеча Тожикистонни Туркманистон билан бирга яна "алоҳида хавотирга молик" давлатлар рўйхатига ҳам киритганди.
Расмийлар масжидларнинг ёпилиши COVID-19 туфайли қўлланган мажбурий чора эканлигини такрорлаб келишади. Уларга кўра, мамлакатда коронавирус хавфу хатари камайгач, масжидлар очилади.
Намозхонлар эса, Тожикистонга қараганда коронавирус қаттиқроқ кечаётган қўшни мамлакатларда масжидлар қайта очилганига бир неча ойлар бўлганини айтиб, масалан, Қирғизистонда COVID-19 юқиши йўқми, деган савол қўйишмоқда.
Агар, расмий маълумотларга таянилса, Тожикистон коронавирус расман қайд қилинган тўрт минтақа давлати орасидан вирус энг кам тарқалгани бўлади.
Тожикистон президенти эса, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида тақиқланган террористик ташкилотларнинг ягона рўйхати тузишни таклиф қилди.
Эмомали Раҳмон бу ҳақда бугун, 18 декабр куни МДҲ давлат раҳбарлари саммитида айтиб ўтди.
Тунги клубларда коронавирус юқмайдими?
Расмийларга кўра, гарчи Тожикистон дунёвий давлат ҳисобланса-да, аҳолисининг асосий кўпчилиги мусулмон бўлгани ҳисобга олинган ва масжидларда ибодат этиш учун ҳеч қандай муаммо ва тўсқинликлар йўқ. Уларга кўра, масжидларнинг ёпиқлигича қолаётгани вақтинча чора бўлиб, бутун жаҳонни қамраб олган пандемия сабабли мажбурий йўл тутилган.
Тожикистон Ҳукумати қошидаги Диний ишлар, анъана ва маросимларни тартибга келтириш қўмитасидан билдиришларича, ҳозирда мамлакатда 3900 тага яқин масжид мавжуд. Уларнинг 50 тага яқини марказий Жомеъ масжиди, 326 таси Жомеъ масжиди эканлиги айтилади.
Мамлакат пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиёда энг катта масжид очилиши кутилмоқда. Қатар давлати маблағи ҳисобига қуриладиган бу масжид аввалига 50 минг нафар намозхонга мўлжалланган эди. Лекин масжид лойиҳасига ўзгартишлар киритилди ва уни қуриш учун Тожикистон катта маблағ ажратди. Энди 12 гектар майдондаги янги марказий жоме масжидида бирйўла 120 минг нафар намозхон ибодат қилиши мумкин.
«Янги масжидларнинг деярли ҳаммаси мустақиллик йилларида очилди. Шўролар пайтида бизнинг вилоятимизда бор-йўғи учтагина масжид бор эди», дейди Суғд вилоятидаги ўша уч масжиддан бирида имом-хатиблик қилганини айтган руҳоний.

Сурат манбаси, courtesy
Лекин айнан Тожикистон Ҳукумати қошидаги Диний ишлар, анъана ва маросимларни тартибга келтириш қўмитаси маълумотларига кўра, кейинги йилларда 1938 та масжид ёпилган. Мазкур масжидларнинг аксарияти ижозат берилган зарур ҳужжатларга эга бўлмаганлиги аниқлангани ва бу ҳужжатларни тайёрлаш учун берилган вақтдан фойдаланмаганлари сабабли ёпилган.
Маҳаллий ҳукуматлар қарорларига кўра, ёпилган масжидлар бинолари эҳтиёжманд оилаларга берилган, ё кутубхоналар, болалар боғчалари, чойхоналар, тиббий нуқталар очилган.
Ёпилган масжидлар намозхонлари бошқа масжидларга қатнай бошлашган. Лекин, таҳлилчиларга кўра, жорий йилда бу масжидларнинг ёпилиши, жаноза намозидан ташқари бошқа намозларнинг жамоа бўлиб ўқиш вақтинча тақиқланиши чўзилиб кетаётгани норозиликлар боиси бўлмоқда.
«Тўғри, бу норозиликлар кўпинча кичик давралар, ўзаро суҳбатлардан ташқари чиқмаяпти. Лекин намозхонларнинг иддаоларида жон йўқ эмас. Улар нега мактаблар, бозорлар очиқ, бир муддат тўхтатишдан кейин ҳатто тунги клубларга рухсат берилди, масжидларга эса, ҳамон йўқ», дейишади», мулоҳаза юритади таҳлилчилардан бири.
«Қўшни Қирғизистонда масжидларни очишибди, одатдагидек ёнма-ён эмас, масофа сақлаб намоз ўқишаркан. Бизда ҳам шундай қилса бўлади-ку!», дейди намозхонлардан бири.
«Шайх Маслаҳатуддин масжидимизда камида ўн минг одам намоз ўқийди. Намозхонлар кўплигидан ҳовлигача тўлиб, ташқарида ҳам ўқиларди. Энди ана шу ўн минг намозхон масжид очилишини кутяпмиз», дейди хўжандлик эллик ёшлардаги Мирзоюнус исмли намозхон.
Айни пайтда Хўжанд шаҳри санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари тўйлар каби, жаноза намозларида Kовид юқиш ҳоллари кўпайганлигидан ташвиш билдиришган. Марказ мутахассислари шаҳардаги имом-хатиблар билан ўтказилган мажлисда уларни жаноза намозларини озчилик билан, барча санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказишга даъват этишган.
Ижтимоий тармоқларда масжидларнинг ёпиқлигича қолаётганига турлича муносабатлар билдирилмоқда. «Нега масжидлар ёпиқ, тунги клублар эса, очиқ. Пандемиянинг бу клубларга дахли йўқми? Тунги клубларда коронавирус юқмайдими», деб ёзади бу тармоқ фойдаланувчиларидан бири. Бошқа бир фойдаланувчи эса, «Тожикистонда масжидлар сони мактаблардан кўп, яна хориждан туриб Тожикистонда виждон, диний эркинликка риоя қилишмайди, дея жар солишади», деб ёзган.
«Адолатдан эмас» ва шикоятлар
Ижтимоий тармоқда фикр қолдирган бу киши АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг Тожикистонда диний эътиқоддаги эркинликлар бузилиши борасидаги расмий баёнотига ҳам норозилик билдиради.
Майк Помпео жаҳондаги Диний эркинликлар бузилаётган 10 мамлакат қаторига Тожикистонни ҳам қўшган эди. Тожикистон Ҳукумати қошидаги диний масалалар, анъана ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси ҳам бу борада норозилик билдирди. Қўмита Майк Помпео гапларининг асоссиз эканлиги, Тожикистондаги ҳақиқий вазият ўрганилмасдан, юзаки хулоса чиқарилганини изҳор этди.

Сурат манбаси, courtesy/arxiv
«Қўмита диний фазодаги реал вазият билан танишиш учун Тожикистонга махсус комиссия юборишни ва бу асосда ҳаққоний ҳисоботлар тузишни сўраб, бир неча карра мурожаат этган. Тожикистон диний соҳада қатор муваффақиятларга эришган ва уни кўрмасликка олиш, виждон эркинлиги бузилаётган мамлакатлар рўйхатига қўшиш адолатдан эмас!», дейилади, жумладан, қўмита эълон қилган баёнотда.
Тожикистонлик таниқли олим, фалсафа фанлари доктори Рустам Ҳайдаров АҚШ Давлат котиби баёнотининг салоҳиятли эмаслиги, бирёқлама, мавжуд қолиплар асосида тайёрланганини иддао қилади. Олимнинг фикрича, бу баёнот ё Тожикистондаги чин вазият билан таниш бўлмаган, ё мамлакатнинг халқаро миқёсдаги обрўсини тўкишдан манфаатдор бўлган кишилар томонидан тайёрланган.
Рустам Ҳайдаров АҚШ Давлат котибининг Тожикистонда аёллар «ҳижоб», қора тусдаги кийим кийганлари учун таъқибга олинаётгани борасидаги гаплари ҳам ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлайди.
Тожикистон Ҳукумати қошидаги Диний масалалар, анъана ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси матбуот котиби Афшин Муқимга кўра, Тожикистонда биронта қонунда фақат миллий кийим кийиш белгиланмаган.
Кузатувчиларнинг айтишларича эса, айни бир пайтда Тожикистонда исломий либос кийганлиги ё соқол қўйганлик учун тазйиқка олишлар устидан шикоят қилишлар оз эмас.
Исломий таълим қаерда олинади?
«Пандемия тугаб, масжидлар очилиши мумкин. Лекин мадрасалар қачон очилади?» .
Душанбе яқинидаги қишлоқлардан бирида яшайдиган Жумахон исмли кишининг саволига қўшиладиганлар оз эмас.
Ўтган ҳафта Жумахоннинг ҳам қишлоғи қарайдиган Ваҳдат туманида яшайдиган Абдуҳалим Ашуров ҳибсга олинган. Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан билдиришларича, у ўз уйида ноқонуний исломий мактаб очган.
Гарчи Ашуров диний маълумотга эга бўлмаса-да, болаларга исломий дарс берган. Ашуровнинг ўзи билдиришича, у маҳаллий руҳонийлардан диний таълим олган.
Ашуровнинг болаларни пул олиб ўқитганлиги ва уйида ўқитиш учун зарур шароитлар мавжуд эмаслиги айтилади.
Болаларини яширин иш юритадиган мактабларга беришга мажбур оталардан бирининг айтишича, агар мадрасалар ёпилмаганда, албатта фарзанди у ерда ўқиган бўларди.
Кузатувчиларга кўра, Тожикистонда охирги мадраса бундан тўрт йил олдин ёпилган. Мадрасалар ёпилиши сабаби уларнинг битирувчилари орасида экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетганлар кўпайганлиги билан изоҳланган. Масалан, Ашт туманидаги мадрасани битирган айрим йигитларнинг экстремистик гуруҳларга қўшилганлари иддао қилинган.
Таҳлилчиларнинг айтишларича, диний мактабларда ўқиш истагида бўлган ёшларнинг кўпайиб кетиши расмийларда хавотирлик уйғотган. Айни бир пайтда хорижий мамлакатлардаги исломий таълим муассасаларида ўқиётган тожикистонлик ёшлар қайтариб олиб келинган.
«Аслида фақат экстремистик эмас, балки террорчи гуруҳларга қўшилиб кетишлар, Сурияга, Ироқ ва Афғонистонга яширин йўллар билан ўтиб, урушда қатнашишлар исломий саводсизлик туфайлидир. Ҳақиқий Исломдан хабари бўлган ёшлар халифалик тузиш тўғрисидаги хомхаёлларга алданиб қолмаган бўлардилар», дейди таҳлилчи Аҳмад Бобожонов.
Тожикистон Ҳукумати қошидаги Диний ишлар, анъана ва маросимларни тартибга солиш қўмитасига кўра эса, мамлакатда олий таълим берувчи Ислом институти фаолият юритмоқда ва унинг эшиклари исломий билимлар олишни истаган ҳамма учун очиқ.

Сурат манбаси, courtesy
«Аҳолиси 10 миллионга етган Тожикистон учун битта исломий олий ўқув юрти етарли, дейиш кулгили эмасми? Устига чет элларда исломий таълим олиш тақиқланган», деб ёзади ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан Абдусами исмли киши.
Бошқа бир фойдаланувчи фикрича, ўрта мактабларнинг юқори синфларида ҳафтасига бир соат Ислом асосларини ўрганиш фойдадан холи бўлмайди. Айнан исломий олий ўқув юртларини битирган мутахассислар бу дарсларда сабоқ ўргатишлари зарур, дейди у.
«Болалар аслида оилада оталари, боболаридан исломий тарбия олишади. Муллалар, домлалар, масъул шахсларгина Исломни чуқур, нозикликлари билан билишса, бўлгани», дея фикр билдиради яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси.
«Аввал дунёвий фанларни яхшилаб ўрганиш зарур. Диний билимлар билан олға боролмаймиз. Мен исломий давлатларда саккиз йил ишладим. Жуда кўплар саводсиз, инсонга ҳурматсизлик, айниқса аёлларни одам ўрнида кўришмайди. Шафқатсизлик…» Ижтимоий тармоқда бу фикрини қолдирган киши ҳам ўз исмини очиқламаган.
Масжидлар ёпиқ турар экан, намозхонлар тезроқ пандемия орадан кўтарилишини кутишмоқда. 16 декабрдаги маълумотларга кўра эса, бир кеча-кундузда яна 38 киши коронавирус юқтирган.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги маълумотларига қараганда, мамлакатда бу касалликка чалинганлар сони 12.815 нафарга етган. Уларнинг 12. 253 нафари (95,6%) тузалган. 89 нафар киши вафот этган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













