Коронавирус, Россия: Москва карантин қилиниши керакми? Беморлар нима учун қочишмоқда?
- Author, Светлана Рейтер, Олеся Герасименко
- Role, Би-би-си
Россияда коронавирусга чалинганлар сони нисбатан оз. Расман 150 га яқин. Аммо мамлакат хавотирда... Ниқоблар тақчиллиги сезилмоқда. Туалет қоғози ва айрим дон маҳсулотлари озаймоқда.
Би-би-си шаҳарнинг 40- шифохонаси бош шифокори Денис Проценко билан суҳбатлашди.
"Мана сиз ҳам вақтимни оласиз энди... Телеканалларда фақат бир хил тасвирлар кўрсатилмоқда. Тушунтириш ишлари... нол!"
Би-би-си:Тушунтириброқ гапиришингизни сўраймиз энди...
Д.П.: Тушунтириш учун... сайтларни ўқиш керак, расмий сайтлар... Уларда ахборот кўп.
Би-би-си: Денис Николаевич,айтингчи, қанча одам вирус юқтирган?
Д.П.: Москвада 18 мартга қадар 86 нафар, улар орасида бизнинг беморлар ҳам бор. Ёшлари 65 дан юқори. Улар касаллик урчиган жойларга сафар қилишган ёки шунақа сафарда бўлганлар билан алоқада бўлишган. Аммо касаллари оғир эмас. Сунъий нафас олдириш ускуналарини ишлатишаётгани йўқ.
Тўққиз киши жонлантириш бўлимида. Аммо вазиятлари оғир эмас.

Би-би-си:Сунъий нафас олдириш жиҳозлари етарлими?
Д.П.: Ҳозирча бизда шаҳар тармоғидагилари етарли, 5000 донага яқин, бу наркоз аппаратлари билан қўшиб ҳисобланса... Бизнинг ҳудудда 72 та бор. Яна 29 та наркоз аппарати. Уларни ҳам ишлатиш мумкин. Мен аниқ билан Москвадаги барча бош шифокорлар керак бўлса ўз заҳирасидан ажратиши мумкин.
Би-би-си:Беморларингиз қочиб кетди дейишди. Топдингизми?
Д.П.: Топдик

Би-би-си:Қанақа қилиб қочишади?
Д.П.: Шартта кетворишади... Кимдир девордан ошиб қочади, кимдир дарвозадан... Нима қиламиз, қўлларини қайриб, палатага тиқамизми? Биз уларнинг кетиш келиш эркинлигини чеклолмаймиз. Бемор биринчи келганида унга тушунтирамиз, бу вирус аҳоли учун қанчалар хатарли эканини айтамиз.
Би-би-си:Қайтиб келганларидан кейин нима дейишади?
Д.П.: Ҳеч нарса... Аҳволим яхши, уйда бўлганим маъқул дейишади...
Би-би-си:Уйгача қочиб боришга улгуришадими?
Д.П.: Албатта. Уйга келиб, эшикни очмай ўтиришади. Тушунишмайди. Ахир, бу вирус катта авлод учун биологик қурол каби хатарли... Қолганлар эса шифокорлардан нолишади. Айримлар ҳароратлари баланд келишади, кейин ҳарорат туша бошлайди. Биз анализ оламиз, текширамиз. Кейин улар Фейсбукда ёзишади, мана тўрт кундан бери ётибман, мени даволашмаяпти, деб. Нимасини даволаймиз? Нимадан? Шунақа ҳайп, деразаларга Америка байроғини ёпиштириб HELP деб ёзишади. Йогуртларингни таъми йўқ, деб нолишади...
Ваҳимани тўхтатиш йўлида

Би-би-си:Москвада вирусга чалинган шифокорлар борми? Ёки барча шифокорлар махсус ҳимоя формаларини кийишганми?
Д.П.: Ишдан ташқарида нима қилишади мен билмайман... Биз хорижлик ҳамкасблар билан солиштирамиз ўзимизни, мана Хитойда олти нафар шифокор ўлди, деб айтишди. 30 фоиз вирусга чалинганлар. Аммо у ерда бемор кўп, шунданми шифокорлар чарчашади, эътиборсизлик қилишади, чунки жуда тез ҳаракат қилиш керак.
Би-би-си:Сиз бунақа ҳолатга тайёрмисиз?
Д.П.: Шаҳар бўйлаб чоралар кўрилмоқда, бизга кўнгилликлар келишмоқда. Улар бепулга ёрдам беришмоқчи. Ҳужжатлар, даволашлар... Кадрлар етишмайди. Шаҳар ҳозир қўшимча кадрлар ташкиллаштирмоқда.
Би-би-си:Қачон вирус тарқаши энг чўққисига чиқади?
Д.П.: Ҳеч ким билмайди буни... Шифокорлар доим энг ёмон ҳолатга тайёр туришади.
Би-би-си:Шаҳарда карантин қачон бошланади?
Д.П.: Бу энди шаҳарнинг бош санитар шифокорига боғлиқ...
Би-би-си:Сиз Москва ёпилишини истармидингиз?
Д.П.: Ҳа. Шифокор ўлароқ, ҳа. Бу бизни хавфсизлантиради. Аммо қимматга тушиши мумкин.














