Коронавирус, Ўзбекистон: Вирус юқтирганларнинг сони 33 нафар экани айтилди, карантинни бузганлар жазоланади, 10 трлн сўм маблағ ажратилади - Мирзиёев O'zbekiston, Dunyo

Сурат манбаси, Official
@koronavirusinfouz расмий каналининг хабар беришича, "... коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган яқинларидан 9 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган.
Шунингдек, хориждан келган яна бир нафар фуқарода ҳам ушбу инфекция борлиги тасдиқланган. Айни пайтга келиб, коронавирус инфекция аниқланган беморлар сони 33 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда".
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон аҳолисини карантин қоидаларига қатъий риоя этишга чақирган.
"Карантинни бузганлар жазоланади", - деган Президент.
Давлат раҳбари бу ҳақда пайшанба куни коронавирус билан боғлиқ вазиятга бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилишида гапирган.
"Такрор-такрор айтаман. Ҳамма профилактика ишларини, айтилган ҳамма чора-тадбирларни ҳамма ўз вақтида бажариши керак. Кўп одамларимиз карантинни тушунмасдан уйида ўтирганлар кўчага чиқиб кетяпти. Чиқиши ман этилади уни. Юриши ҳам ман этилади. Нимага десангиз, у мана шу касалликни тарқатувчи ҳисобланади. Кимда-ким касаллигини яшириб, уйида ўтирса, у ўзига эмас, Ўзбекистонимизга касаллик етказадиган омил бўлади. У бўйича жиноий жавобгарлик бор", - деб айтган Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда чегаралар ёпилган ва "ташқаридан касаллик кириб келиш эҳтимоли йўқ". Фақат ичкаридаги профилактика тардбирларини тўғри йўлга қўйиш керак.
У барча даражадаги мансабдор шахслар, вилоят ва туман ҳокимларини коронавирус бўйича белгиланган топшириқларни сўзсиз бажариш ҳақида огоҳлантирган.
У инқирозга қарши жамғарма тузиш ҳақидаги фармонни имзолганини айтган.
Фармонга мувофиқ, коронавирус оқибатларини бартараф этиш учун давлат томонидан 10 триллион сўм маблағ ажратилади.
"Ҳар бир тармоқ, ҳар бир вилоятнинг 10 триллион сўмдан улуши бор", - деган президент.
Айни пайтда бу маблағлардан аҳолига тўғридан-тўғри тўловлар амалга ошириладими, йўқми, маълум эмас.
Янги чекловлар
Ўзбекистонда 19 март ҳолатига коронавирусга чалинганлар сони 23 кишига етган.
19 мартдан бошлаб бутун мамлакат ҳудудида дискотека ва болалар ўйин заллари,шунингдек, Тошкент ҳайвонот боғи ёпилиши эълон қилинган.

Аввалроқ масжидларнинг ёпилиши эълон қилинган, диинй идора намозлар, жумладан, жума намозини ҳам уйда ўқишни тавсия қилганди.
"Францияда бўлиб қайтган Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланганлиги ҳақида аввал хабар берган эдик. Сўнгги маълумотларга қараганда, унинг яна 3 нафар қариндошида ушбу инфекция борлиги тасдиқланган. Шунингдек, шу йилнинг 15 март куни Истанбул - Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган бир нафар ва жорий йил 14 март куни Лондон - Тошкент йўналишидаги 201-рейс билан келган яна бир нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланди. Ҳар беш нафар фуқаро ҳам шу вақтгача тиббий назоратда бўлган. Айни пайтга келиб, ушбу инфекция аниқланган беморлар сони 23 нафарга етди", дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлииг 19 март куни эрталаб тарқатган хабарда.
Республика бош санитар врачи Нурмат Отабеков вирусни юқтирганларнинг биронтаси ҳам аҳоли билан мулоқотда бўлмаган.
"Уларнинг барчаси дастлаки кунлардан бошлаб алоҳидаланган ва тиббий кузатув остига олинган. Шунинг учун бу кенг аҳоли қатламига тарқалган деган хавотирга асос йўқ", деб айтган мулозим ЎзА томонидан чоп этилган баёнотида.

Сурат манбаси, CCV
Унга кўра, ҳозирга қадар 9 минг 100дан кўпроқ одам назоратга олинган, 6 мингдан кўпроқ одамга уйга жавоб берилган.
2300 нафар фуқаро карантин муддатини ўтаяпти.
18 март куни Россиядан олиб келинган фуқаролар Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган дам олиш масканидаги карантин шароитларидан шикоят қилишган.
Улар билан бирга Москвадан учиб келган Podrobno.uz нашри мухбири Тошкент аэропортида пала-партиш вазиятга гувоҳ бўлгани, ораларида болалар ва қариялар ҳам бўлган фуқароларга карантин борасида аниқ йўриқномалар берилмагани ҳақида ёзган.
Тошкент вилоят ҳокимлиги карантин шароитларини ўнглашга ваъда берган.
Шифохона карантинда
Айни пайтда расмийлар Тошкент шаҳар 1-сонли шифохонаси вақтинча карантин учун ёпилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлашган.
Уларга кўра, аввалроқ вирусга чалингани аниқланган Туркиядан қайтган бемор бир муддат айни шифохонада бўлгани ҳақида хабар бермаган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг изоҳ беришича, карантин вирус бутун шифохонага тарқаганини англатмайди.
Тиббиёт муассасаси маълум муддат карантинда бўлади ва ундан сўнг яна одатий тартибда ишни давом эттиради.
Бундан ташқари Республика Тез тиббий ёрдам шифохонасидаги (олдинги 16-шифохона) шифокорлардан бири ўзининг вирусни юқтирган бўлиши мумкинлигини айтиб, мурожаат қилиши ортидан у ерда ҳам вақтинча карантин амал қилган.
Аммо таҳлиллар ушбу шифокорда вирус борлигини тасдиқламаган.
Ҳозирда марказ фаолиятини давом эттираётгани хабар қилинади.
"Текширинг, текширинг ва яна текширинг!"
Коронавирус тарқалиши манзарасида Ўзбекистон ҳукумати озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши ва сохта ахборотларга қарши курашга кўпроқ аҳамият бераётгани кузатилади.
Коронавирусга қарши текшириш ва таҳлил миқёси, жумладан, бир кунда қанча одамнинг текширилаётгани борасида маълумот йўқ.
Би-би-си бу борадаги маълумотларни очиқлашни сўраб, расмийларга мурожаат қилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳукуматларни аҳолини текширишга чақирмоқда.
"Текширинг, текширинг ва яна текширинг!" деб айтган ташкилот раҳбари Тедрос Адхан Гебрейесус.
"Биз кимнинг касалликка чалинганини билмасак, вирусни тўхтата олмаймиз", деб айтган у.
Гебрейесуснинг сўзларига кўра, давлатлар аҳолини текшириш, вирусга чалинганларни ихоталаш ва уларнинг контактларини аниқлашга катта эътибор беришлари керак.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 3
Нур-Cултон ва Олма-Ота ёпилмоқда
Қозоғистон пойтахти Нур-Cултон ва Олма-Ота шаҳарлари 19 март тунга соат 00;00дан эътиборан карантин учун ёпилмоқда.
Бу ҳақдаги қарорни Қозоғистон президенти ҳузуридаги Фавқулодда ҳолатни таъминлаш бўйича давлат комиссияси қабул қилган.
Унга мувофиқ, бу икки шаҳарда эпидемияга қарши кенг кўламли тадбирлар ўтказилади, карантин ҳудудлари ташкил этилади ва кириш-чиқиш пунктлари ўрнатилади.

Сурат манбаси, Getty Images
- Касалликни юқтирганлар ва гумонланганлар учун махсус шифохоналарнинг узлуксиз ишлаши таъминланади.
- Жамоат транспорти ҳаракати кундузи чекланади, кечқурун эса тўхтатилади.
- Ноозиқ-овқат бозорлар ва савдо марказлари ёпилади.
- Жамоат овқатланиш шаҳобчалари "етказиб бериш" режимига ўтказилади, улар устидан санитария ва эпидемиология назорати кучайтирилади.
- Карантин ҳудудидаги аҳолининг озиқ-овқат ва дори-дармонга бўлган кундалик эҳтиёжи аниқланади.
- 16 мартдан Қозоғистонда фавқулодда ҳолат амал қилишни бошлаган, у 15 апрелга қадар давом этади.
Айни пайтда мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ яна 5 та ҳолат қайд этилган.
Россияда биринчи ўлим

Сурат манбаси, MOSCOW HEALTHCARE DEPARTMENT/TASS
19 март куни Россияда коронавирусга чалинган биринчи беморнинг вафот этгани хабар қилинган.
У сурункали касаллик тарихи бўлган 79 ёшли аёлдир.
Расмий хабарда айтилишича, бемор 13 март куни ётқизилган ва хусусий шифохонада муолажадан ўтган.
Орадан икки кун ўтиб, ундан коронавирус аниқланиши ортидан Москвадаги инфекцион касалхонага ўтказилган.
Дунёдаги вазият
Жаҳон соғлиқ ташкилотига кўра, дунё бўйича касалланганлар сони 200 мингдан ортиқ, улардан 10 мингга яқини вафот этган.
Коронавирус иқтисоди
АҚШ ҳукумати коронавирус оқибатларини бартараф этишга 1 триллион маблағ ажратишини айтган. Бу маблағларнинг бир қисми аҳолига тўғридан-тўғри тўлов сифатида тарқатилади.
Ўзбекистонда ҳам ҳукумат коронавируснинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларига қарши кураш чораларини кўра бошлаган.
Жумладан, тиббиёт ходимларининг маошларини ошириш масаласи муҳокама қилинаётгани билдирилган.
Чоршанба куни Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, солиқ таътили бериш ва кредитларни қайтаришни енгиллаштириш чоралари ҳақида гапирган.
Иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодировнинг ёзишича, хўжалик субъектлари, биринчи навбатда ўрта ва кичик корхоналарнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш ва иш ҳақларини вақтида тўлаш, шунингдек, кам даромадли оилаларга тўғридан-тўғри моддий ёрдамни йўлга қўйиш мамлакат иқтисодини инқироздан олиб чиқишда муҳим.
Унинг фикрича, инқироздан чиқишда давлатга кўмаклашадиганлар, бу, биринчи навбатда, молиявий институтлар, жумладан, тижорат банкларидир.
Давлат уларни айланма маблағларни кўпайтириш ва кредитлар тўловини кечиктириш орқали дастаклаши мумкин, дейди иқтисодчи.
Аввалроқ Бош вазир Арипов коронавируснинг иқтисодий оқибатларига доир ҳисоб-китоблар қилинаётганини айтганди.














