Свет бор, ҳалиям ўчиб турибди, бору, нархи қийнаб қўйяпти - Ўзбекистон ва Марказий Осиё, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

    • Author, Мустақил журналист,
    • Role, Тожикистон

Свет бор, ҳалиям ўчиб турибди, бору, нархи қийнаб қўйяпти - "Барқи Тожик" ваъдасидан беш кун ўтди, нима ўзгарди? Газ ва свет тақчиллиги ҳозир Ўзбекистонда ҳам кўпчиликнинг шикоятига сабаб энг долзарб мавзулардан бири бўлади.

«Свет қиш бўйи ўчмайди, лекин уни ўғирлаётганлар жазога тортилади!»

10 декабрдан бошлаб бутун Тожикистон бўйлаб электр қуввати берилмоқда. Айни бир пайтда электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишни назорат қилиш учун махсус штаб тузилган. Бу штабга Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода бошчилик қилмоқда.

Фойдаланиш маданиятига ундовлар

Махсус штабга Ички ишлар вазирлиги ходимларидан ташқари, Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси, мамлакат Бош прокуратураси, Коррупсияга қарши кураш агентлиги, Энергетика вазирлиги, аёллар билан ишлаш ва оила, ёшлар комитетлари ва «Барқи тожик» энергия ширкати вакиллари кирган.

Янги штаб вакиллари шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси орасида бўлиб, электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш борасида тушунтириш ишлари олиб боришади.

Ишчи гуруҳлари аҳоли уйларида, қайси мулкка тегишлигидан қатъиназар барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда текширув ишларини олиб боришади.

Электр тармоқларига ўғринча улаб олишлар, қўлбола ва қимматбаҳо, катта қувват билан ишлайдиган иситгичлардан фойдаланиш ҳоллари аниқланганда, тегишли жазолар қўлланади.

Айни бир пайтда мамлакат раҳбарлари аҳолини электр қувватидан тежамкорлик билан фойдаланиш маданиятига чақиришмоқда. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон электр энергияси таъминоти узлуксиз йўлга қўйилиши учун ундан унумли фойдаланиш маданиятини ишлаб чиқиш зарурлигини айтди.

Президент «Кохи Ваҳдат» давлат муассасаси очилиш маросимида сўзлар экан, мамлакатда электр энергиясига талабот тобора ошиб бораётганлигини таъкидлади. У буни ҳисобга олган ҳолда мамлакатда энергиядан фойдаланиш маданиятига риоя этишга ва электр қувватидан ортиқча, исроф этиб фойдаланмасликка, қўлбола ва қимматбаҳо мосламалардан фойдаланишга йўл қўймасликка чақирди.

Эмомали Раҳмоннинг фикрини шу йиғилишда қатнашган Тожикистон Олий Мажлисининг Раиси ва бир пайтда Душанбе шаҳри Раиси Рустам Эмомали қўллаб-қувватлади.

Олдинроқ Тожикистон Бош вазири ўринбосари Усмонали Усмонзода ҳам энергиядан фойдаланиш маданияти ҳақида гапирганди. У Хатлон вилоятида энергетика тармоқлари ҳолатини ўрганиш учун ўтказилган республика комитети мажлисида қатнашар экан, аввало мамлакатда электр таъминоти чеклови киритилганини рад қилди. Электр қуввати узилишларини таъмир ишлари олиб борилаётгани билан изоҳлади.

Айни бир пайтда у электр қуввати таъминоти камайганининг бошқа сабабларини айтди. Усмонзодага кўра, бунга ёғинларчиликлар кам бўлгани боис сув омборлари сатҳи пасайиб кетган ва аҳоли сонининг ошиб бораётгани ҳам сабаб бўлган. У бу гапларни айтар экан, истеъмолчиларни иситиш ва ёритиш мосламаларини заруриятсиз ишлатмасликка ва электр қувватидан фойдаланилиш ҳақларини вақтида тўлаб туришга чақирган.

«Ўзбекистонда тез-тез свет ўчиб тураркан»

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

«Барқи тожик» давлат ширкати барча истеъмолчиларни мунтазам, кеча-кундуз электр энергияси билан таъминлашга киришгани ва бу борада мурожаат билан чиққанидан сўнг бешинчи кун кечяпти. Истеъмолчилар узлуксиз, кечаю кундуз электр қуввати берилаётганини айтишмоқда.

«Биз Конибодомдаги Патар қишлоғида яшаймиз. Беш кундан буён уйимизда байрам. Свет ўчмаяпти. Айниқса, болалар хурсанд. Дарсларини бемалол тайёрлашяпти. Бўш қолишса, телевизор кўришади», деди Турсунали Бегматов.

«Биз уйимизни кўмир печка ёқиб иситамиз. Тўғри, иккита уйга қамалиб олганмиз. Лекин айрим электр мосламаларидан фойдаланамиз. Масалан, чойқайнатгичдан. Лекин сув қайнаши билан ўчирамиз. Ҳа, болаларга битта чироқни ёқсанг, иккинчисини ўчир, деб тайинлаб тураман. Ҳаммамиз «Барқи тожик» мурожаатига амал қилсак, электрни исроф қилмасак, буёғига ўчиришмас», деди Душанбе яқинидаги Рудакий тумани Чимтепа қишлоғида яшайдиган Сабоҳат исмли аёл.

Эсон Турғуновнинг айтишча, у Панжакентда, Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти билан қўшни қишлоқда яшайди. «Худога шукр, светимиз бор. Кеча, Тайлоқдаги қариндошим билан телефонда гаплашгандим. У бизга ҳаваси келишини айтди. Ўзбекистонда тез-тез свет ўчиб тураркан», деди Турғунов.

Лекин айрим одамлар кунига баъзан бир-икки соат, баъзан ундан кўпроқ электр таъминоти узилаётганидан нолишди.

Суғд вилояти электр тармоғи мутахассисларига кўра, бу узилишлар таъмир билан боғлиқ. Уларга кўра, кўпинча электр трансформаторлари ишдан чиқяпти.

«Агар, одамлар электрдан инсоф билан фойдаланишса, трансформаторлар ишдан чиқмасди. Шаҳардаги кўп қаватли уйларни айтмайин, қишлоқларда ҳам ҳар битта хонасига электр иситгичлар ўрнатган одамлар бор. Айримлар ҳалигача қўлбола иситгичлардан фойдаланишади. Натижада трансформатор айниқса кечалари оғир юкни кўтара олмайди», деди мутахассислардан бири.

Истеъмолчилар эса, трансформаторлар эскиргани, симлар узилавериб, қайта-қайта уланаверса-да, алмаштирилмаслигидан иддао қилишади.

«Тўғри, қайта-қайта чақирганимиздан кейин трансформаторни тузатиб кетишади. Лекин қуруққа эмас», деди Бобожон Ғафуров туманида яшайдиган Абдуллажон.

Лекин вилоят электр тармоғи раҳбарларига кўра, трансформатор, симёғоч ва симларни алмаштириш давом этмоқда. Хўжанд шаҳри ва унинг атрофидаги айрим қишлоқларда бу алмаштириш аллақачон ниҳоясига етказилган.

«Менимча, «Барқи тожик» мурожаатида бекорга инсофга чақирилмаган. Буни ёнма-ён яшайдиган қўшниларнинг электрдан фойдалангани учун ойига қанча ҳақ тўлашларидан ҳам билиб олиш мумкин. Қўшнилардан бири ойига 400 сомоний тўлайди, иккинчиси 100 сомоний ҳам эмас. Биз текшириб кўрганимизда, ҳар иккаласи ҳам бир хилда иситгич ишлатиши, бошқа электр приборлари ҳам ўхшашлиги маълум бўлди. Хуллас, ҳисоблагични четлаб, симга улаб олаётганлар йўқ эмас, Кейинги йилларда магнит дегани чиқди. У ёпиштирилганда ҳисоблагич кўрсаткичи таққа тўхтайди. Шу инсофданми?» дейди электр назоратчиларидан бири.

У шундай дея, электрдан фойдаланишни назорат қилиш учун махсус штаб тузилганини маъқуллашини айтди.

Аслида ким кўпроқ ўғирлайди?

Tojikiston

Сурат манбаси, vecherka.tj

Лекин айрим истеъмолчиларга кўра, аслида электр тармоғида ишлаётганларнинг ўзлари одамларнинг электр қувватидан ўғринча фойдаланишларига сабабчи бўлишмоқда.

«Назоратчилар қинғирликни аниқлашса, катта жаримага тортишларини айтиб, ваҳима килишади. Қўлга тушган киши илтимосга ўтади. Келишайлик, дейди. Ва назоратчи жарима миқдорини камайтира бошлайди. Ана шундай қилиб, ҳеч қандай протоколсиз, давлат хазинасига тушадиган жарима пули назоратчининг чўнтагига киради. У аввалига айтган маблағини тўртдан биригача камайтирганда!», деди Турсунзода шаҳрида яшайдиган, ўз исмини ошкор этмасликни сўраган киши.

Жорий йилги текширишлар давомида бир қатор шаҳар ва туманлар қаторида айнан Турсунзода шаҳрида ишлатилган электр қувватларини яшириш ҳолати ошкор этилганди. Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон Турсунзода шаҳри электр тармоғида деярли 28 миллион киловатт соат электр энергияси ҳисобланмаганини айтганди.

Яқинда эса, Тожикистон ҳуқуқ-тартибот мақомотлари Душанбе шаҳар электр тармоқларида катта маблағ ўғирлангани борасида хабар беришди. Бу маблағ 68 миллион сомоний (деярли 6 миллион АҚШ долларига тенг)лиги айтилди.

Хуқуқ-тартибот мақомотлари ўтказган текширишларда аниқланишича, электр энергиясидан фойдаланиш хизмати бошлиғи, электр тармоғи бошлиғи ва дастурловчи мутахассисдан иборат гуруҳ бу маблағни ўзлаштирган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланишича, гуруҳ аъзолари мижозлар топширган чекларга қўшимча киловатт-соатларни қўшишган. Кейин уларни «совға - кечиб юборилган» тарзида ўчиришиб, амалда бошқа мижозларга арзонроқ нархларда сотишган.

Душанбе шаҳрида яшайдиган бир аёл номига 3 миллион киловат-соат ёзилган. Амалда бу аёл уйида 3 йилгача яшамаган ва электр қувватидан фойдаланмаган.

Аввалроқ, Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон махсус тергов комиссияси тузиш ва унинг зиммасига мамлакатнинг барча минтақаларида электр энергияси талафотига йўл қўйиш ва ўғирлаш ҳолатларини текширишни юклашга буйруқ берган эди

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда «Барқи тожик» очиқ ҳиссадорлик жамиятининг қарзи 2 ярим миллиард АҚШ долларига етган.

Жорий йил март ойида Жаҳон банки «Барқи тожик»да юзага келган молиявий вазиятни соғломлаштириш учун 134 миллион долларлик грант ажратди.

Айни бир пайтда мазкур банк электр энергияси учун тўланадиган ҳақни ошириб боришини ва шундагина «Барқи тожик» 2025 йилга бориб, ўз харажатларини қоплай олиши мумкинлигини таъкидлаган.

Лекин навбатдаги нарх оширишсизларсиз ҳам аҳоли орасида мавжуд ҳақ тўлашдан норозиликлар оз эмас.

«Жуда кўпчиликни электрдан фойдаланиш учун пул тўлаш нархини устма-уст ошириш қийнаб қўйди. Хайрият, бу йил коронавирус туфайлими, навбатдаги оширишни орқароққа суришди», деб ёзади ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

«Мен бозорда арава тортаман. Кунига топганим оиламни боқиш учун зўрға етади. Электрга болаларим ризқидан қийиб тўлайман. Агар яна оширишса, нима қиламан? Устига бозорда арава тортадиганлар борган сари кўпайиб бораётган бўлса», - дейди шаҳарга олис қишлоқдан келиб ишлаётган тўрт боланинг отаси.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek