Коронавирус: Наврўз бекор қилинмаган Тожикистонда пандемиядан хавотир кучаймоқда

Бугун Тожикистон масжидларида жума намози ўқилди. Лекин кузатувчиларнинг айтишларича намозхонлар сони одатдаги жума намозларига қараганда сийракроқ бӯлган. Кўпчилик намозхонлар масжидлар қайта очилганидан бехабар қолишган.
Масжидлар Тожикистон ҳукумати қошидаги диний ишлар қўмитасининг жамоа бӯлиб намоз ўқиш борасидаги тақиқи олиб ташлангандан кейин очилган. Мазкур қӯмита коронавирус тарқалиши хавфи туфайли жорий йилнинг 4 март куни фақат жаноза намозидан ташқари жамоа бӯлиб намоз ўқимасликни тавсия этганди. Бу тавсия тақиқ ӯрнида кӯрилиб, барча масжидлар ёпиб қӯйилганди.
Диний қўмита матбуот хизмати бошлиғи Афшин Муқимнинг айтишича, масжидлар, умуман мамлакатдаги барча диний бирлашмалар бинолари дезинфексия қилинган. Коронавирус хавфига қарши барча чора-тадбирлар қўлланилгач, масжидларни очишга рухсат берилган. Шу билан бирга Афшин Муқим намозхонлар ва ибодат этувчиларни жамоа тарзида диний маросимларни ўтказиш пайтида санитария-эпидемиология талабларига риоя этишга чақирган.
Коронавирус хавфи боис Тожикистонда қурилган энг йирик масжиднинг очилиш маросими муддати кейинга кўчирилган. Қурилишига Қатар давлати ҳам катта маблағ ажратган Душанбедаги мазкур масжидни жорий март ойида фойдаланишга топшириш мӯлжалланганди. Унинг очилиш маросимида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан биргаликда Қатар амири Хамад ал-Танининг иштирок этиши кутилаётганди.
Эпидемияга қарши янги салоҳиятли штаб
Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва аҳолининг ижтимоий ҳимояси маълумотларига қараганда шу пайтгача Тожикистонда коронавирусга чалиниш бӯйича бирон-бир ҳолат қайд этилмаган.
Айни бир пайтда Тожикистонда коронавируснинг мамлакатга кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш олиш учун янги чоралар кӯришга киришилган. Тожикистон Президентининг топшириғи билан эпидемияга қарши тадбирларни кучайтириш мақсадида янги штаб тузилган. Янги, олдингисидан салоҳиятли кўрилаётган Республика штабига Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилик қилмоқда.
Айни бир пайтда январ ойида таъсис этилган коронавирусга қарши кураш республика штабига барҳам берилди.
Кузатувчиларга кўра, янги республика штабининг тузилиши мамлакатда пандемия хавфининг кучаяётгани билан боғлиқ. «Буни олдинги штабга бош вазир ўринбосарлари Азим Иброҳим ва Ширин Исматуллозода бош бӯлганликлари, штаб аъзолари эса вазирлар ва мамлакат миқёсидаги муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари муовинлари бўлганликларидан ҳам кӯрса бӯлади», деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов. Унинг айтишича, бу гал Бош вазир раҳбар бӯлган штаб аъзолари асосан муовинлар эмас, балки вазирлар, хавфсизлик кенгаши котиби, мамлакат бош прокурори, президент аппаратининг тегишли раҳбарлари, бир сўз билан айтганда, биринчи шахслардир.
Янги штабдан коронавирус пандемиясини олиб киришдан огоҳлантириш ва инфексиянинг олдини олиш бўйича барча зарур ишларни бажариш талаб этилмоқда. Жойларда эса, республика штабига бўйсунувчи тезкор штаблар тузилади.
Айни бир пайтда Тожикистон билан бошқа мамлакатлар орасидаги барча учоқлар парвози тўхтатилди. Фақатгина Бирлашган Араб амирликларининг Дубай шаҳри ва Россиядан Тожикистонга қайтиб кела олмай қолиб кетган йўловчиларни қайтариб олиб келиш учун самолётлар юборилади.
Мамлакат ичида фақат уч йӯналишда: Душанбе-Хўжанд, Душанбе-Кўлоб ва Душанбе-Хоруғ йӯналишларида авиапарвозлар жадвал бӯйича амалга оширилади. Қолган парвозлар тақатақ тўхтатилади.
Гарчи ҳали Тожикистонда расман коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаган бўлса-да, унинг олдини олиш мақсадида дунёнинг ривожланган мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар ёрдам қўлини чўзишмоқда. Германия Тожикистонга шахсий ҳимоя воситалари, тиббий жиҳозлар сотиб олиш ва коронавирус тарқалиши олдини олиш учун курашга ӯргатиш учун 1 миллион евро ажратди.
«Кўрганимиз- кўришганимиз»
Масжидларнинг очилиши ҳақидаги хабарни оддий намозхонлар турлича қабул қилишган.
- Мен бу ҳақда кеча эшитиб хурсанд бўлиб кетдим. Тўғриси, масжидлар ёпилганда нега болалар боғчалари, мактаблар, бозорлар ёпилмайди-ю, бизни жамоа бӯлиб намоз ўқиш имкониятидан маҳрум қилишди, деб ўйладим. Энди, эшитсам, ҳаммаси бизнинг соғлигимиз учун экан. Масжид биноларини дорилашибди, - деди Хўжанддаги «Шайх Маслаҳатуддин» масжидида жума намозини ӯқиб чиққан етмиш ёшга яқинлашганини айтган Жӯрабой Жумаев.
- Мен бугун масжидлар очилганини эшитдим. Лекин жума намозига бормадим. Энди одам ӯзини асрагани яхши-да. Худо кўрсатмасин, ўша балони юқтириб олиб, буни ё ўзи билмай юрган, ё яшириб юрган одам билан масжидда ёнма-ён ўтириб қолсам… Ишонинг, бирон юмуш билан кўчага чиқсам, «кӯрганимиз- кӯришганимиз», деб ҳеч кимга қўл узатмайман, - деди Гулистон шаҳрида яшайдиган Насимжон исмли олтмиш ёшни қоралаб қолган киши.
Унинг айтишича ён қӯшни мамлакатларда коронавирус тарқалгани ҳам кўпчиликни чўчитиб қӯйган.
«Аввал Тожикистон билан чегарадош Хитойда, кейин Афғонистонда, мана энди Ўзбекистон билан Қирғизистонда ҳам ӯша ёмон касаллик юққан одамлар борлигини эшитдик. Албатта, ўзимни ҳам, болаларим, невараларимни ҳам эҳтиёт қиламан- да», деди ӯзини Насимжон деб таништирган киши.
Маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожоновнинг фикрича, бу одамнинг хавотирлигида жон бор.
- Бизнинг Суғд вилоятимиз Ўзбекистоннинг еттита вилояти билан чегарадош. Тожикистоннинг Қирғизистон билан чегараси 970 километрдан ортиқ. Тӯғри, Ўзбекистон чегараларини ёпди. Лекин у ердан қайтиб келаётган тожикистонликлар бор-ку. Қирғизистон билан чегараларни бутунлай ёпиш эса, ҳозирча имконсиз. Қирғизистон ичкарисида Тожикистон анклави бор, - деди кузатувчи.
- Бизнинг Хистеварз қишлоғимиз билан Қирғизистоннинг Арқа қишлоғини битта йўл ажратиб туради. На бир тўсиқ бор, на бир чегара. Қирғизистонликлар бизнинг бозорларимизга келиб харид қилишади, касалхоналаримизда даволанишади,- дейди Ғафуров туманида яшайдиган Абдувосид Аюбов.
Унинг айтишича, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар аниқлангач, Тожикистондаги шифохоналар у мамлакатдан даволаниш ӯтаётган беморларни қабул қилишмаяпти.
- Бу яхши. Лекин бозор-ўчар қилиш учун келаётган қӯшниларни ким тўхтатиб, кетинглар, дейди, - сӯзида давом этди Абдувосид. - Бир қирғиз дўстимнинг айтишича, уларда коронавирус тарқалгач, ҳамма ваҳимага тушиб, озиқ-овқат ғамлашга тушибди. Магазинлар қанғираб қолибди.

Ўн кунча олдин Тожикистонда ҳам ваҳима тарқалиб, одамлар иложи борича кӯпроқ егулик сотиб олишга уринишганди. Ӯша кунлари айниқса ун, ӯсимлик мойи ва шакарнинг нархи қимматлаб кетганди. Лекин расмийлар томонидан Тожикистонда камида икки йилга етадиган озиқ-овқат захираси борлиги айтилиб, савдо ярмаркалари ташкил этилгач, вазият ӯзгарди. Лекин орадан вақт ӯтиб, шакар, картошка каби кундалик эҳтиёждаги маҳсулотлар нархи барибир ӯн-йигирма фоизгача кӯтарилиб кетди. Лекин нон нархи ӯзгарган эмас.
- Ўша кунлари бозорда, нонвойхоналарда нон қолмаганди. Энди харидорларни чақириб ӯтирибмиз, - дейди нон сотувчи аёл.
Наврўзга тайёргарлик авжида
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигидан билдиришларича, 1-февралдан 1- мартгача 1900 нафарга яқин киши карантин учун ётқизилган. Улар Тожикистонга асосан Хитой, Жанубий Корея, Япония, Италия, Эрон ва Афғонистондан кириб келишган. Ҳозирда 464 киши карантинда сақланмоқда. Қолганлар тузалиб кетишган. Бирон-бир кишида коронавирус аломатлари аниқланмаган. Айни бир пайтда эндиликда қӯшни Ӯзбекистон ва Қирғизистондан ўтиб келаётган кишиларни ҳам карантинга ётқизиш чоралари кӯрилмоқда.
Душанбеда расмийлар самолётда Истанбул-Тошкент рейси билан келган ӯн нафар тожикистонликдан тӯрт нафарини қидиришмоқда. Айни шу рейсда келган бир нафар ўзбекистонликнинг коронавирус юқтиргани аниқлангани айтилмоқда.
Айни бир пайтда Тожикистонда халқаро Наврўз байрамини нишонлашга тайёргарлик кетмоқда. Эртага шаҳар ва туман марказларида Наврӯз байрами ўтказилади. Асосий тадбир Хўжанд шаҳрининг энг йирик стадионида ӯтказилиши режалаштирилган. Мамлакат президенти ва чет мамлакатларнинг Душанбедаги элчихоналари ходимлари иштирок этиши кутилаётган тадбирда байрам паради ӯтказиш режалаштирилган. Унда қатнашиш учун 10 минг нафарга яқин киши тайёргарлик кӯрмоқда. Томошабинларнинг ҳам бундан кам бўлмаслиги кутилмоқда. Аввалроқ республика ҳукумати Наврӯз тадбирларини ихчам, тор доираларда ӯтказишни эълон қилганди.
Худди ана шу Наврӯз нишонлана бошланган кундан мактаб ӯқувчилари кўкламги таътилга чиқишади. У 1-апрелгача давом этади.
Кузатувчилар эса, бу таътил чўзилиши мумкинлигини айтар эканлар, масжидларнинг қайта очилиши ҳам минглаб кишилар иштирокида ӯтадиган Наврӯз байрамини нишонлаш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин этишмоқда.













