Ўзбекистон: Свет кўп ўчирилаётганининг асосий сабаби айтилди ва ректор адлия вазири бўлди, O'zbekiston, Dunyo Yangiliklar

electricity

Сурат манбаси, Energetika vazirligi

Ўқилиш вақти: 3 дақ
  • Вазир ўринбосари электр тақчиллигининг асосий сабаби ҳақида гапирди;
  • Ректор адлия вазири лавозимига тайинланди;
  • Ташқи савдо айланмаси ҳажми $36 миллиарддан ошди;

Электр тақчиллигининг сабаби

Ўзбекистонда электр энергияси етказиб беришдаги узилишларнинг асосий сабаби электр ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслигидадир.

Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 16 ноябрь куни ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

Алоқадор мазвулар:

"Очиқ айта оламан, бугунги кундаги электр энергиясидаги узилишларнинг 90 фоизи ускуналарнинг эскирганлиги ёки етарли эмаслигида эмас, балки станцияларимизда электр ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслиги туфайли... Мисол учун айтаман, Ўзбекистонда мавжуд электрнинг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Шунинг қарийб 85 фоизи табиий газга тўғри келади...", дея жавоб қайтарган Хўжаев журналистларнинг нега ҳар куз-қиш мавсумида энергетика таъминотида жиддий муаммолар юзага келиши сабаби тўғрисидаги саволига жавобан.

Хўжаевнинг таъкидлашича, айни пайтда мамлакатдаги ҳақиқий эҳтиёж ва етказиб берилаётган электр энергияси ўртасида 15 миллион кВт/соат салбий тафовут юзага келган.

Хўжаев, шунингдек, 2016 йилдан сўнг ҳукумат томонидан аввалги 25 йилга қараганда анчайин кўп электр станциялари қурила бошлагани ҳақида гапирган.

"Бундан ташқари, яна Таллимаржонда иккита, Навоийда иккита, Сирдарёда тўртта, Сурхондарёда иккита буғ-газ қурилмасини қуриш бўйича лойиҳаларимиз бошланди. Бу гапларни мана шу лойиҳалар ишга тушгандан сўнг ҳамма муаммолар ечилади, сабр қилиб туринглар, деган мақсадда айтаётганим йўқ. Вазият қачон ўзгаришини ҳеч ким билмаяпти", билдирган вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, глобал пандемия ва жаҳонда юзага келган жорий геосиёсий вазият туфайли хорижий хусусий инвесторлар лойиҳаларнинг ишга тушиш муддатини аниқ айта олмаётир.

"Тежамкор, самарадор электр станциясини қуриш учун камида беш йил вақт кетяпти. Биз учун энг оғир томони нимада бўляпти… Яна бир бор айтмоқчиман - ўзимизни оқлаш нуқтаи-назаридан эмас… Ўртада пандемия бўлди ва бугунги кундаги геосиёсий вазиятни ҳамманглар кўриб турибсизлар. Қураман, деган инвестор кўп, лекин ҳаммаси [электр станциялар]ни қачон қуриб битказиб, ишга тушира олишини аниқ айтолмаяпти. Қўрқяпти", таъкидлаган вазир ўринбосари.

Бундан ташқари Хўжаев айни совуқ мавсумда ҳудудларга электр етказиб беришда чекловлар ўрнатилишига мавжуд вазият сабаб бўлаётганини тилга олган, аммо айрим ҳудудларда "8-10 соатлаб свет ўчирилаётгани" тўғрисидаги хабарларни рад этган.

"Бизнинг вазифамиз нима? Ишлаб чиқариш билан истеъмолни бир меъёрда ушлаш. Ишлаб чиқариш етарли бўлмагандан сўнг истеъмол мажбуран чекланади. [Электр] бир соат ҳам ўчирилиши керак эмас. Бу фақатгина бугунги кунда мажбурликдан кўрилаётган чора. Яна бир бор айтаман - биз ўзимизни оқламоқчи эмасмиз. Ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлишимиз керак - чеклов жадваллари ишлаб чиқилади. Қайсидир ҳудудларда мана шу чеклов жадвалларига риоя қилмай, 12 соатлаб ўчирилаётган бўлса, биз, биринчи навбатда, бунинг сабабини ўрганамиз, агар инсон омили аниқланса, мутасадди раҳбарларга чора кўрамиз", деган Хўжаев.

Вазир бўлган ректор

rector

Сурат манбаси, Tsul.uz

Адлия вазири лавозимига Тошкент давлат юридик университети ректори лавозимида ишлаб келаётган Акбар Тошқулов тайинланган.

Бир кун аввал - 15 ноябрь куни собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов президентнинг ижтимоий сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани хабар қилинганди.

Очиқ маълумотларга кўра, Акбар Тошқулов 1971 йилда Жиззахда туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, 1-даражали адлия маслаҳатчиси.

1994 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1994-1995 йилларда Адлия вазирлиги Халқаро-ҳуқуқий бошқармасининг катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган.

Муқаддам Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари адлия бошқармаларига раҳбарлик қилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

У 2021 йил декабридан буён Тошкент Давлат юридик университети ректори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ташқи савдо айланмаси $36 миллиарддан ошди

export

Сурат манбаси, "Dunyo" AA

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси $36 миллиарддан ошган.

Бунда экспорт $14,1 миллиардга, импорт эса $21,9 миллиардга тенг бўлган.

Ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар бешталиги эса қуйидагича шаклланган:

Хитой - $6,8 миллиард;

Россия - $6,5 миллиард;

Қозоғистон - $3,3 миллиард;

Туркия - $2,5 миллиард;

Корея - $1,8 миллиард.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek