Ўзбекистонда бу йил қиш газ-свет узилмайдими? Пскент ҳокими ер сотиб олган 1 трлн сўмни қандай топган? O'zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, Gazeta.uz
- Иссиқхона эгалари норозилик билдириб Тошкентга тўпланди;
- Синов учун 1 млрд сўмга 397 гектар ер сотиб олган ҳоким;
- Ўзбекистонда бу қиш газ-электр ўчмаслиги айтилдими?
Газ нега узилди?
25 октябрь куни Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан тадбиркорлар ўз норозиликларини билдириб пойтахтга келишган.
Бу ҳақда «Газета.uz» нашри хабар тарқатди.
Нашрга кўра, тадбиркорлар иссиқхоналари газдан узилганидан шикоят қилиб, Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида тўпланишган.
«Республиканинг турли ҳудудларидан келган ўнлаб иссиқхоналарнинг вакиллари дастлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги олдида тўпланган. Шундан сўнг президент Администрация раҳбари Сардор Умрзаков билан кўришиш мақсадида Мустақиллик майдони томон юрган. Майдондаги қўриқчилар уларни Вазирлар Маҳкамасига йўналтирган» - дея хабар беради «Газета.uz».
Норози тадбиркорлар билан нашр мухбири Миролим Исажонов суҳбатлашган.
Уларнинг аксари «Ҳудудгазтаъминот» томонидан ҳеч қандай огоҳлантиришсиз иссиқхоналари газдан узилгани, ҳосиллар пишмай нобуд бўлиши ва натижада катта зарар кўришаётганликларидан шикоят қилишган.
Нашр йиғилганлар олдига Вазирлар Маҳкамаси масъуллари чиқиб учрашув ўтказаётганларини маълум қилган.
Алоқадор мавзулар:
- Қирғизистон Кампирободни қайтариб олдими? Садир Жапаров кескин кетди. Россия вазири нега Тошкентга келди?
- Ўзбекистон: Тошкент дунёнинг энг ҳавоси ифлос шаҳрига айланди. Ўзингизни қандай асрай оласиз?
- Остона. Янгиликлар: Эрдоған Қозоғистон суверенитети, ҳудудий яхлитлигини дастаклади, Тоқаев Эрдоғанга орден берди
- Мирзиёев Афғонистон борасида нима таклиф берди? Қиш қаттиқ келади, Ўзбекистон тайёрми? Ўзбекистон ва дунё
- Урушга мажбурланаётган ўзбекистонликлар учун Тошкент Москвага нота юборадими?
Иссиқхоналар зарарига ишлайдиган банд

Сурат манбаси, kun.uz
23 октябр куни «Kun.uz» нашри Ўзбекистон бўйлаб иссиқхоналарни газдан узиш бошлангани ҳақида маълум қилганди.
Бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 октябрдаги «2022/2023 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги 224-сон йиғилиш баёни ва шунга асосланган ҳолда «Ҳудудгазтаъминот» компанияси томонидан 14 октябрь куни чиқарилган топшириқ асос қилиб кўрсатилган. Унга кўра, 2022−2023 йилги куз-қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз бир маромда табиий газ билан таъминлаш мақсадида иссиқхоналарни тасдиқланган жадвал-режа асосида 3−5 кун ичида табиий газдан муқобил ёқилғига ўтиш кераклиги ҳақида сўз боради.
«Kun.uz» билан суҳбатлашган иссиқхона эгалари иссиқхоналар ва ҳудудий газ таъминоти корхоналари ўртасида имзоланадиган намунавий шартномаларга иссиқхоналарнинг зарарига ишлайдиган банд қўшилганини айтишган. Унга кўра, аҳолини газ билан таъминлашда муаммо юзага келадиган бўлса, таъминотчи исталган вақтда истеъмолчини газ тармоғидан узиб қўйишга ҳақли экани билдирилган. Тадбиркор мазкур шартномани имзоласа, газга улаб беришларини айтилганидан сўнг рози бўлишга мажбур бўлишганини айтишган.
Қишда газ-свет узилмайдими?

Сурат манбаси, President.uz
Ўзбекистонда бу йилги куз-қиш мавсумида аҳолига 10 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилиши белгиланган.
Бу ҳақда President.uz расмий сайти маълум қилди.
24 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасаларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича ўтказган йиғилишида энергетика вазири ва вилоят ҳокимлари шу борада бажарилган ишлар бўйича ҳисобот берди.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
"Қайд этилишича, аҳолини, аввало, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун IV чоракда 21 миллиард киловатт соат, келгуси йил бошида қарийб 22 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шунингдек, куз-қиш мавсумида аҳолига 10 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилиши белгиланган", - деб ёзади Президент Матбуот хизмати.
Шунингдек, йиғилишда Шавкат Мирзиёевнинг бу жараёнда исрофга йўл қўймаслик учун газ қудуқларидан истеъмолчигача бўлган тизимни тўлиқ рақамлаштириш бўйича кўрсатма бергани таъкидланади.
Тадбиркор бўлмаган ҳокимнинг ер савдоси
Ижтимоий тармоқларда Пскент туман ҳокими аукциондаги ер савдосида салкам 1 трлн. сўм миқдорида харажат қилгани ҳақида хабар тарқалган.
Мазкур хабарлар ортидан Пскент туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев баёнот бериб, аукционда қатнашиб, ер сотиб олганини тан олган.
«Бугунги кунда ер бериш тартиби мутлақ ҳокимлардан олинган. Фақат шаффоф аукцион орқали ер берилади. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрь кунидаги 709-сонли қарори бўйича тартибга солинган. Қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган ер майдонлари аукцион орқали ижарага берилмоқда» - дейди ҳоким Тошкент вилояти ҳокимлигининг Телеграм каналига юкланган видеомурожаатида.
Раҳимжон Рихсиевнинг айтишича, аукцион платформасига ишончсизлиги ортидан синаб кўриш мақсадида аукционда қатнашган ва салкам 1 млрд сўмга Оҳангарон туманидаги 397 гектар ерни 30 йил муддатга ютиб олган.
«Платформа тартиби бўйича беш кун ичида ижара шартномаси имзоланди. Ижара шартномасининг ер ҳаққи қисмида «қонунчиликда белгиланган муддатларда ва қийматларда ижара ҳаққи тўланади», дейди Пскент туман ҳокими.
Шунингдек, Раҳимжон Рихсиев аукционда ер сотиб олиши катта резонанс бўлишини кутмагани, тадбиркорлик билан шуғулланмаслигини таъкидлаган.
«Ерни давлат заҳирасига қайтариб беришни таъминлайман. Бундан кейинги ҳолатларда белгиланган тартибда давлат идоралари билан музокаралар олиб бориб, иш юритаман», дейди Раҳимжон Рихсиев.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















