Урушга мажбурланаётган ўзбекистонликлар учун Тошкент Москвага нота юборадими?

мигрантлар
Сурат тагсўзи, Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиниши ортидан меҳнат муҳожирларининг ҳам урушга тортилиши хавотирлари асосли бўлиб чиқди.

Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари кўнгилли сафарбарликка ёзилишга куч билан мажбурланишмоқда. Мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупикка кўра, алдов ёки куч билан урушга сафарбар этилаётган мигрантлар Россия фуқаролигига эга бўлишмаган. Мигрантларга шартномага қўл қўйдириш асосан миграция марказлари ва қамоқхоналарда юз бермоқда.

Ҳуқуқшунослар фуқаролар химояси учун Россиядан ТИВ даражасидаги талаб лозимлигини таъкидлашмоқда. Сиёсатчи Вячеслав Поставнин эса сафарбарлик манзарасида Россия паспортини олишга талаб тушиб кетганини айтди. Собянин эса Москвада сафарбарлик тўхтатилганини эълон қилди.

«Алдаб қўл қўйдирилаяпти»

Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари кўнгилли сафарбарликка ёзилишга куч билан мажбурланишмоқда. Бу ҳақда мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик маълум қилди.

Ҳуқуқшуносга кўра, алдов ёки куч билан урушга сафарбар этилаётган мигрантлар Россия фуқаролигига эга бўлишмаган. Мигрантларга шартномага қўл қўйдириш асосан миграция марказлари ва қамоқхоналарда юз бермоқда.

ёрдам комменти

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Ёрдам сўраб ёзилган ушбу хат юрист Ботиржон Шермуҳаммаднинг сафарбарликка бағишланган жонли эфири давомида қайта қайта ёзилди.

Алоқадор мавзулар:

- Бу борада бизга ёрдам сўраб қилинган қўнғироқлар кунига ўртача 10-11 тани ташкил этаяпти. Масалан, охирги 24 соат ичида мигрантлардан ўнта ва яна битта Россиядан чиқиб кета олмайдиган шахсдан, яъни Россиянинг ахлоқ тузатиш муассасаларида жазони ўтаётган мигрантдан мурожаат бўлди, - дейди юрист Валентина Чупик.

Россияда ишлаётган мигрантларга ихтиёрий ҳарбий хизмат учун шартномага алдов йўли билан қўл қўйдириб олинаётгани ҳам билдирилди.

- Патентни янгилаш ёки шунчаки мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш учун Сахаровдаги миграция марказига борганларга жуда катта ҳужжатлар тўпламига имзо чекишга берилади. Хужжатлар орасида ихтиёрий ҳарбий хизмат учун шартномаларни ҳам тиркаб қўйилган. Мигрантлар рус тилини билмагани ёки тепасида ходимларнинг «бўл, тез» каби босими остида ўқимай имзолаб қўйишганини айтишмоқда. Бу «Жилищник» коммунал хизматлар ташкилотида содир бўлмоқда, - дейди юрист.

Мигрантлар мина тозалашаяптими?

Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячиси Россиядаги мигрантларнинг Украинага ишлашга олиб борилгани ҳоллари ҳақида ҳам тўхталди.

Чупик
Сурат тагсўзи, Россиядаги мигрантлар қийин вазиятларда юрист Валентина Чупик ва "Тонг жаҳони" МЧЖ ҳуқуқшуносларига мурожаат қилишади.

- 5 октябрда Мариуполга олиб кетилган мигрантлар қўнғироқ қилишди. Улар фақат саводсизлиги туфайли Мариупол Украина ҳудуди эканлигини билишмаган. Уларнинг ҳаммаси (мингдан ортиқ ишчилар бор) бир қурилиш майдонида ишлаган, ойлик берилмаган. Ишчиларга Москва мэриясига алоқадор деган киши томонидан яхши иш ва шароитлар, 100 минг рубл маош тўланиши ваъда қилинган. Шу тариқа мигрантлар Мариуполда мина тозалаш ишларига жалб этилган, - дейди юрист.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Россиядаги элчихонаси ва Миграция масалалари бўйича агентлик Россиядаги ўзбекистонликларни ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслик ва бунинг учун жавобгарликдан бир неча бора огоҳлантиришди. Аммо расмийларнинг Россия томонидан ўзбекистонликларни алдов ёки босим билан ихтиёрий ҳарбий хизматга мажбурланаётгани борасида расмий нота ёки хужжат юборилганлиги ҳақида маълумотлар берилмади.

Россия томони эса чет эл фуқароларини шартнома асосида хизматга жалб қилиш учун катта пул, уй ва Россия фуқаролигини таклиф қилмоқда.

Яъни, урушда қатнашадиган мигрантлар ватанига қайтгач, жиноий жавобгарликка тортилмаслик учун Россия фуқаролигини олиб, шу давлатда яшаб қолиши мумкин тартибида мужда берилмоқда.

- Бизнинг давлатимиз Ташқи ишлар вазирлиги даражасида Россия ҳудудида мигрантларни урушга ёллашга йўл қўйилмаслиги тўғрисида қатъий талаб йўллаши лозим, - дейди ўзбекистонлик юрист Валентина Чупик.

Россия энди хотиржам ишлайдиган жоймас

мигрант
Сурат тагсўзи, Россиядаги ҳозирги геосиёсий вазиятга қарамай, бу ерга меҳнат мигрантларининг оқими камайгани йўқ.

Ҳуқуқшунослар Президент Путин сафарбарлик эълон қилганининг дастлаб кунлариданоқ, Россия бундан буён хотиржам ишлаб оила боқадиган жой эмаслигини таъкидлаб, меҳнат мигрантларини ватанларига қайтишга даъват этиб келишаётганди.

Аввало, Россия фуқаролигини олган Марказий осиёликлар имкон қадар тезроқ мамлакатни тарк этишга чақирилди.

- Қолган муҳожирларга ҳам Россиядан чиқиб кетишни маслаҳат бераман. Чунки, биринчидан, сизни «кўнгилли ҳарбий хизмат» учун шартнома қилишга мажбурлашади. Иккинчидан, урушга яроқсизларни армия эҳтиёжлари учун бепул ёки яшашга ҳам етмайдиган арзимаган пулга ишлашга мажбурлашади. Сизнинг бу ерда қолишингизда ёки ўққа нишон, ёки қулга айланиш ҳавфи бор, - хавотирларини билдирганди юрист Валентина Чупик.

Юристларнинг чақириқларидан кўп ўтмай, Россиянинг турли ҳудудларидан ҳарбий хизмат ёки сафарбарликка мажбурланаётган Марказий осиёликлардан ёрдам сўраб ёзилган хатлар ижтимоий тармоқларда тарқала бошлаганди.

Юрист Ботиржон Шермуҳаммад Россия жазони ўташ муассасаларидаги ўзбекистонликларни урушга боришга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар олаётганини айтди.

- «Ким кўриб ўқиётган бўлса, илтимос, ёрдам беринглар. Владивосток марказий турмасида 500 дан ортиқ ўзбек ўтирибди, урушга мажбурлашаяпти. Бизни олиб кетинглар», дея қайта-қайта ёзди Шаҳарбек номли профил эгаси юристнинг Ютубдаги каналида урушга сафарбарлик мавзусига бағишланган жонли дастурида.

Бу каби ёрдам сўралган мурожаатлар сони кундан кунга ортиб бормоқда.

«Ўзбекистон элчихонаси эътибор қаратса бўларди», таъкидлади юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

Россия паспортига талаб пасайди

Россия матбуоти мигрантларнинг Россия фуқаролигини олишга интилишлари сусайгани ҳақида ёза бошлади. Бунинг асосий сабаби сафарбарлик билан изоҳланмоқда.

паспорт

Сурат манбаси, SERGEY FADEYCHEV/TASS

Сурат тагсўзи, Россия паспортини олиш Марказий осиёликлар учун узоқ йилларга чўзиладиган қийин жараён эди.

Миграция жараёнлари бўйича таҳлилий ва амалий тадқиқотлар маркази раҳбари Вячеслав Поставниннинг «Известия» нашрига айтишича, Россияда бўлган чет эл фуқаролари вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ёки яшаш учун рухсатнома билан қаноатланиб, паспорт олиш жараёнини тўхтатадилар.

- Россияга муҳожирлар оқими билан боғлиқ вазият ҳатто мамлакатдаги қисман сафарбарлик ва мураккаб геосиёсий вазият шароитида ҳам ўзгармаган. Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Арманистон, Украина ва Молдова фуқаролари ҳар доим ҳам ўз ватанларида иш топа олмагани учун Россияда ишлаш ва яшашга интилмоқда. Шу билан бирга, чет эл фуқароларининг хатти-ҳаракатлари аллақачон ўзгарган, - дейди Вячеслав Поставнин.

Миграция масалалари бўйича мутахассис мигрантларнинг Россия паспортига эга бўлиш иштиёқининг пасайишига яна бир сабаб сифатида Марказий Осиё мамлакатлари ўз фуқароларини Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашишни, жиноий жавобгарликка тортишни тақиқлаганликлари билан ҳам изоҳлаган.

Поставнин хорижликлар паспорт олмаса-да, вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ёки истиқомат гувоҳномаси расмийлаштиришда давом этиш мумкинлигини айтади. Бу хужжатлар мигрантларга Россияда узоқроқ муддат яшаб ишлаш ҳуқуқини беради, дея қўшимча қилди.

Москва мэрининг хабари

Москвада сафарбарликка олиш тўхтатилди, тарқатилган чақирув қоғозлари ўз кучини йўқотган. Аммо энди муддатли ҳарбий хизматга кузги чақирув бошланди.

Собянин

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Собянин Москвада Мудофаа вазирлигининг сафарбарлик бўйича топшириғи "тўлиқ бажарилгани"ни айтди.

Москва мери Сергей Собянин ҳудудлар раҳбарлари орасида биринчи бўлиб Украинага қарши урушда қатнашиш учун фуқароларни сафарбар қилиш тугаганини маълум қилди. Бундан аввалроқ Россия президенти Владимир Путин ўтган ҳафта сафарбарлик тахминан икки ҳафта ичида якунланишини айтганди.

Бу хабарларга қўшимча, 1 ноябрдан Россияда муддатли ҳарбий хизматчиларни кузги чақирув бошланиши ҳам маълум қилинмоқда.

Шаҳар мэрининг ҳарбий ёшдаги москваликларга айтган асосий янгилиги шундаки, яшаш жойи ва корхоналарга юборилган чақирув қоғозлари ўз кучини йўқотади.

"Сафарбарлаштирилганларни йиғиш пунктлари 2022 йил 17 октябр соат 14:00 да ёпилади", деб ёзди Собянин ўз блогида. У бу хабарни Мудофаа вазирлигининг Москвада сафарбарлик бўйича топшириғи "тўлиқ бажарилгани" билан изоҳлади.

Пойтахтдан айнан қанча москвалик сафарбарликка чақирилганлиги ҳақида Собянин аниқ маълумот бермаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek