Видео. Россия, сафарбарлик: Ўзбекистон фуқаролари ҳам урушга тортилиши мумкинми? Video O‘zbekiston Rossiya Ukraina Yangiliklar

migrant

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиниши ортидан меҳнат муҳожирларининг ҳам урушга тортилиши эҳтимолидан хавотирлар юзага чиққан.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиниши ортидан Украинада жанг қилишни истамаган ўн минглаб россияликлар билан бир қаторда ушбу давлат паспортига эга ўзбекистонликлар ҳамда меҳнат муҳожирлари тақдиридан ҳам хавотирлар юзага кела бошлаган.

Россия, сафарбарлик: Ўзбекистон ўз фуқароларини уруш домидан қандай қутқариши мумкин?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Россия Президенти Владимир Путин 21 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилишидан сўнг, шу вақтга қадар, 250 минг нафардан зиёд россиялик мамлакатни ташлаб чиққани айтилади.

Биргина Қозоғистон чегарасини қарийб 100 минг нафар Россия фуқароси кесиб ўтган.

Улар ўзлари истамаган урушга тортилишдан хавотирга тушганлар.

Бир вақтнинг ўзида, нафақат россияликлар, балки мазкур мамлакат фуқаролигини олган хорижликлар ҳамда Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳам урушга жалб қилиниши мумкинлиги борасида хавотирлар юзага чиққан.

Россиядан келаётган хабарлар эса бундай хавотирларда жон борлигига ишора қилади.

Алоқадор мазвулар:

"Молиявий аҳволни яхшилаб олишлари мумкин"

Россияда эълон қилинган қисман сафарбарлик доирасида расман ҳарбий хизматни ўтаган ва жанговар тажрибага эга бўлган мамлакат фуқаролари урушга жалб этилиши айтилади.

Аммо мавзуни ёритаётган бир қатор мустақил нашрлар сафарбарлик "қисман" ўтмаётгани, исталган эркак урушга олиниш хавфи остида эканлигини ёзган.

Қисман сафарбарлик эълон қилинишидан ҳеч қанча вақт ўтмай президент Путин Россия Қуролли Кучлари сафида шартнома асосида камида бир йиллик ҳарбий хизматни ўтаган хорижликлар учун соддалаштирилган тартибда фуқаролик беришни кўзда тутувчи фармонни имзолаган.

Бир вақтнинг ўзида Россия фуқаролигини олган хорижликларни, ёшидан қатъий назар, ҳарбий хизматга жалб этиш зарурлиги таъкидланган чақириқлар янграй бошлаган.

Масалан, ўзини муҳожирлар адвокати дея таништирувчи Россия муҳожирлари федерацияси раҳбари Вадим Коженов хорижликларга ҳарбий хизматни ўтагандан сўнггина фуқаролик бериш таклифини илгари сурган.

"Ўйлашимча, агар шахс Россия паспортини олдими, демак унга нисбатан Россия Федерацияси фуқаролари амал қиладиган барча нормалар қўлланилиши шарт", деган Коженов "Подъём" нашрига берган интервьюсида.

ibragim

Сурат манбаси, Vku-org.ru

Сурат тагсўзи, Ибрагим Худойбердиев чет эл фуқароларини Украинадаги урушга жалб этилишини қўллаб-қувватлаб чиққан.

"Ўзбекистонликлар, ўзбекларнинг бутунроссия конгресси" жамоатчилик ташкилоти раиси Ибрагим Худойбердиев эса чет эл фуқароларини Украинадаги урушга жалб этилиши ҳамда Россия армияси сафида хизмат қилиш эвазига осонлаштирилган тартибда фуқаролик берилиши режаларини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Худойбердиев "Москва" шаҳар янгиликлари агентлигига берган интервьюсида Марказий осиёлик мигрантлар урушга ихтиёрий ёлланиш билан моддий шароитларини яхшилаб олишлари ва Россиядаги ҳуқуқий мақомларини мустаҳкамлашлари мумкинлигини айтган.

"Гап шундаки, ҳамма нарса ниҳоятда очиқ. Манфаатдор хорижликлар (Россияга) ўрнашишлари ва шартнома имзолашлари мумкин. Нега қилмасин? Агар улар ҳаммасини ўйлаб кўрсалар ва (урушда) иштирок этишни хоҳласалар, улар молиявий аҳволини яхшилашлари, соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олишлари мумкин бўлади", ташкилот раиси.

Қисман сафарбарлик эълон қилингунга қадар ҳам Россиядаги айрим ўзбек диаспораси етакчилари ватандошларини Украинадаги урушда қатнашишга даъват этиб чиққан эди.

Август ойида Россиянинг Перм шаҳридаги ўзбек диаспораси етакчиси Украина билан урушда Россияни қўллаб-қувватловчи Амир Темур номидаги жанговар батальон тузилганини эълон қилганди.

"Уларни зудлик билан олиб чиқиш керак"

nazir

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Анвар Назир Ўзбекистон ўз фуқароларининг бегона урушга тортилиши масаласига жиддий қараши зарурлигини айтади.

Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиниши ортидан Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантириб чиққан.

Охирги йилларда ўнг минглаб ўзбекистонликлар Россия фуқаролигини олгани айтилади.

Масалан, 2021 йилнинг ўзида салкам 32 минг нафар ўзбекистонлик Россия фуқаросига айланган ва бу инсонларнинг аксар қисми ҳанузгача Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмагани тахмин қилинади.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра эса, бошқа давлат фуқаролигини олган, аммо Ўзбекистон паспортини сақлаб қолган инсонлар барибир мамлакат фуқароси ўлароқ кўрилишда давом этади.

Жамоатчилик фаоли, мустақил таҳлилчи Анвар Назир шу сабабдан Ўзбекистон ҳукумати Россия паспортини олган ўз фуқароларининг урушга жалб этилиши эҳтимолига жиддий қараши лозимлиги ва бу масалада огоҳлантирувчи баёнотлар етарли эмаслигини таъкидлайди.

"Улар ҳуқуқий жиҳатдан барибир Ўзбекистон фуқароси. Ҳозир Россиядаги ўзбекистонликлар қаттиқ қўрқувда. Патенти тугаган мигрантларни урушга боришга даъват қилишяпти. Улар нима қилишни билмаяптилар. Бундай вазиятда Ўзбекистон дипломатик кучларни ишга солиши, фуқароларини у ердан эвакуация қилиши зарур", дейди Анвар Назир Би-би-си билан суҳбатда.

У, шунингдек, ҳали Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмаган инсонларнинг урушга бормаслиги йўлида кучли тарғибот ишлари олиб борилиши муҳимлигини таъкидлайди.

"Барибир Ўзбекистон ҳуқуқий жиҳатдан фаол давлат эмас. Масалан, Россия армияси сафида жанг қилиб, Украинада асир тушган ва самарқандлик эканини айтган икки йигит видеосини ҳаммамиз кўрдик. Хўш, уларга нисбатан жиноий иш очилдими? Буни ҳали билмаймиз. Шундай вазиятда Ўзбекистон бегона урушда қатнашиш жиноят эканини қаттиқ айтиб чиқиши, фуқароларини огоҳлантириши, вазирликлар фаол ишлаши керак. Бир-икки баёнот билан масала ҳал бўлмайди".

Айни вақтда, Россия паспортига эга ўзбекистонликлар ҳам урушга жалб этиляптими, агар шундай бўлса, қанча инсонга чақирув қоғози келди - бу ҳақда, ҳозирча, аниқ маълумотлар йўқ.

Аммо ижтимоий тармоқда Россия паспортига эга асли ўзбекистонликлар ҳамда қўшни давлат фуқаролари аллақачон урушга чақирилаётгани ҳақида хабарлар чиқа бошлаган.

"Нега урушга бормаяпсан?"

saxarovo

Сурат манбаси, Screenshot/Social media

Сурат тагсўзи, Москвадаги "Сахарово" миграция марказида меҳнат муҳожирларини урушга боришга даъват этувчи эълонлар ёпиштириб чиқилгани айтилади.

Қўш фуқароликка эга инсонлар муаммоси билан бир вақтда Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг тақдирига оид хавотирли хабарлар юзага чиққан.

Россия ҳукумати меҳнат муҳожирларининг қисман сафарбарликка чорланмаслигини таъкидлаган бўлсада, Москва мери Сергей Собянин шаҳардаги муҳожирларнинг бандлик масалаларига кўмаклашувчи "Сахарово" миграция марказида чет эл фуқароларини ҳарбий хизматга ўтишини таъминловчи махсус инфратузилма ташкил этилишини расман хабар қилган.

Ижтимоий тармоқда мазкур миграция марказида меҳнат муҳожирларини Россия армиясига қўшилишга чорловчи эълонлар ёпиштириб чиқилгани тасвирланган видеолар тарқалган.

Видеода эълонлар ўзбек, тожик ва рус тилларида ёзилгани кўринади.

"Қуролли Кучларда шартнома бўйича ҳарбий хизматга киришда соддалаштирилган тартибда Россия Федерацияси фуқаролигини олишга қизиқасизми?" дейилади эълоннинг ўзбекча талқинида.

Яна бошқа бир видеода эса кўчада меҳнат муҳожирини тўхтатган полиция ходимлари уни урушга боришга мажбурий оҳангда ундаётгани тасвирланган.

russia

Сурат манбаси, Screenshot/Social media

Сурат тагсўзи, Россия шаҳарларидан бирида олинган видеода қуролли полиция ходими меҳнат муҳожирини урушга боришга мажбуран ундаётгани кўринади.

"Бу ерга нима учун келгансан? Россияга келдингми, марҳамат қилиб, военкоматга боргинда, [ҳужжатларни] расмийлаштир. Тушундингми?" дейди видеода полиция ходимларидан бири ўзининг Россияга ишлашга келгани ва ҳеч қандай қоидабузарлик қилмаётганини таъкидлаган муҳожирга.

Жамоатчилик фаоли Анвар Назир ҳам Россиядаги ўзбекистонликлардан урушга боришга даъватлар қилинаётгани мазмунидаги мурожаатлар олаётгани ҳақида гапиради.

"Ҳозиргача ўн бештага яқин одам менга чиқди. Масалан, Фарғона водийсидан бўлган уч йигитни урушга юборишганини айтишди. Патенти муддати ўтиб кетган, қайта расмийлаштиришга борганда бирор маъмурий жазо қўллаш ўрнига шунчаки урушга жўнатворган. Ҳозир ўзбекистонликлар жуда қўрқяпти. Бундай ҳолатлар ҳақида, ҳатто, Ўзбекистон элчихонасига хабар беришмаяпти".

Бир вақтнинг ўзида ҳуқуқ ҳимоячилари Россияда қисман сафарбарлик белгиланган янги тартиб-қоидага амал қилмасдан пала-партиш ўтказилаётгани ва бундай ноаниқ шароитда меҳнат муҳожирлари ҳамда Россия фуқаролигини олган хорижликлар мушкул вазиятга тушиб қолиши эҳтимолидан огоҳлантирмоқда.

Масалан, тарқалган яна бир видеода Россия кўчаларининг ўзида дуч келган эркакка чақирув қоғози берилаётганини кўриш мумкин.

"Ҳозир сафарбарлик кетяпти. Сизни мудофаа бўлимига йўллайдиган чақирув қоғозини қўлингизга тутқазишим керак", дейди ушбу видеода кўчада машиналардан бирини тўхтатиб, ҳайдовчининг шахсини сўраб ҳам ўтирмаган бир эркак.

Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келишда танилган ҳуқуқбон Валентина Чупик муҳожирларни "зудликда Россиядан чиқиб кетиш"га чақирган.

"Россия хорижлик фуқароларни урушга жалб қилиб, ўша давлатлар қонунларини писанд ҳам қилмаслигини очиқ кўрсатмоқда. Бундай вазиятда Ўзбекистон томони жим ўтирмаслиги керак", таъкидлайди Анвар Назир.

migrant

Сурат манбаси, BBC Uzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek