Россия: Чегаралар яна ёпиладими, Ўзбекистон Бош вазири нега Бишкек борди, Тожикистон ва Қирғизистон энди уришмайдими? Янгиликлар Rossiya O‘zbekiston Yangiliklar

аэропорт

Сурат манбаси, Volodimir Gerdo/ TASS

  • Чегаралар ёпилишига Песков нима деди?
  • Депутатлар ўлим ортса ҳам тезликни туширмоқчимас
  • Тожик-қирғиз низолари битим билан битадими?
  • Бош вазир Қирғизистонга нега борди?

Россияликлар учун йўллар ёпиладими?

Россияда 21 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилингач, қўплаб россияликлар мамлакатни тарк эта бошлашган. Самолет билетлари нархи кескин ошган, яқин кунлар учун билетлар қолмаган.

Шундай пайтда россияликларнинг катта қисми қуруқлик орқали мамлакатни тарк этишга қарор қилган. Натижада Қозоғистон чегарасида бир неча километрга чўзилган узун-қатор навбатлар ҳосил бўлган.

Россия ОАВларида ҳукумат ҳарбий хизмат ва чақирув ёшидаги эркаклар учун чегараларни ёпиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда. Аммо бу каби хабарлар ҳали расман ўз тасдиғини топмаган.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг бу борадаги саволларига ҳозирча бу борада аниқ бир жавоб айта олмаслигини билдирган.

«Биласизки, амалдаги қонунларда бу борада ҳар хил ҳолатлар бор. Келинглар, озроқ сабр қиламиз. Бу борада тушунтириш берилади» - Кремль сўзчисидан иқтибос келтиради «Интерфакс».

Dmitriy Peskov

Алоқадор мавзулар:

Тезлик камаядими?

Ўзбекистонда йилдан йилга йўл-транспорт ҳодисалари ва улар билан боғлиқ ўлимлар сони ортиб бормоқда.

архив
Сурат тагсўзи, Ўзбекистондаги ЙТҲ оқибатлари хориждаги билан таққосланиши. Архив, 2018 й

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Насировнинг айтишича, барча бахтсиз ҳодисаларнинг қарийб ярми ёки 47,9 фоизи тезликни ошириш оқибатида юз берган.

Расмий келтирган мисолларга кўра, ўтган саккиз ойда Тошкентда 645 та ЙТҲ содир бўлган, бунинг натижасида қурбонлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 720 нафардан 775 нафарга кўпайган.

Шу каби рақамлардан келиб чиқиб, Тошкент ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси халқ депутатлари пойтахт кенгашида Тошкентнинг айрим кўчаларида энг юқори тезликни 60 км/соат (ҳозир 70 км/соат)гача чеклашни таклиф қилди.

Депутатлар нега қарши?

йтҳ

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда ЙТҲ ва уларнинг аянчли оқибатлари кўрсаткичлари юқори.

Тошкент шаҳар депутатлари тезликни пасайтиришга қарши чиқди.

Жумладан, депутат Муратхон Жўраев тезликни пасайтириш асосий кўчаларда тирбандликка олиб келади, деб ҳисоблаган.

«Бу ҳам коррупцияга олиб келади. Эртага жуда паст тезлик учун ҳам жаримага тортилади. Жарималарни текширишда коррупция ҳолатлари аниқланиши мумкин. Мен бу таклифни қўллаб-қувватламайман», депутат сўзидан иқтибос келтиради «Газета.уз» нашри.

ЙҲХБ мулозими ўлимга олиб келадиган ЙТҲлар сонини кескин камайтириш мақсадида Тошкентнинг айрим кўчаларида тезликни камайтириш таклифига депутатлар томонидан «70 - шусиз ҳам паст тезлик» эканлиги, «ҳеч нарса ўзгармаслиги» айтилган.

Шу тариқа кенгашда бу масалани кўриб чиқиш кейинги сессияга қолдирилган.

Энди низолар батамом битадими?

отишма

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Бишкекдаги отишма (Қирғизистон ҳукумати видеосидан тасвир)

Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги низоларга барҳам бериш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекилгани хабар қилинмоқда.

Томонлар «доимий равишда можароларга олиб келадиган» чегара постларини сақлаб қолишга келишганлар.

Тожик-қирғиз чегарасидаги "Қизил-бел" назорат-ўтказиш пунктида чегарадаги вазиятни бартараф этиш бўйича музокаралар ўтказилди. Натижада Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара можаросига барҳам бериш тўғрисида яна бир протокол имзоланди.

Ҳужжатни икки давлат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарлари - Саймўмин Ятимов ва Қамчибек Ташиев имзолади.

"Имзоланган келишув бандлари амалга ошишига, икки давлат чегарасида тинчлик ва ўзаро англашув ўрнатилишига умид билдиришди", — дейилади Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари баёнотида.

"Бугун биз демилитаризация деб аташ мумкин бўлган протоколни имзоладик. Чора-тадбирлар кўрилди, улар ҳужжатларда ўз аксини топди, энди уларга фақат риоя қилиш керак. Биз жойларда ҳам музокаралар ўтказдик ва тожик-қирғиз чегарасида бошқа можаролар бўлмаслигига келишиб олдик", — деган журналистларга Саймўмин Ятимов протокол имзолангач.

У шунингдек, ОАВ ходимлари, блогерлар ва сиёсатчиларни чегара атрофидаги мавзуларни ёритганда сўз ва ибораларни эҳтиёткорлик билан ишлатишга чақирган.

Бош вазир Қирғизистонда

Ўзбекистон Бош вазири Бишкек шаҳрига амалий сафар билан борган.

Расмий хабарларга кўра, Абдулла Арипов ўз сафари доирасида Қирғизистон ва Ўзбекистон республикалари ҳукумат делегацияларининг қирғиз-ўзбек давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича қўшма мажлисида иштирок этади.

Шунингдек, Абдулла Арипов Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашиши режалаштирилгани айтилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek