Россия-Ўзбекистон: Мирзиёев газ экспорт қилинмаётганини айтди, аммо статистика аксини кўрсатди. Мигрантлар урушдан манфаатдорми? Россия паспортини олган Марказий осиёликлар урушга мажбурланаяптими?

газ

Сурат манбаси, ung.uz

Сурат тагсўзи, Расмий статистика Ўзбекистонда газ экспорти ўтган йилга нисбатан ортганини кўрсатади.
  • 2022 йилнинг январ-август ойларида 645,9 миллион долларлик газ сотилган
  • Ўзбек диаспораси урушга ёлланиш мигрантлар учун фойдали эканини айтди
  • Тожикистонлик фаол пул учун ёлланувчилар топилишини билдирди
  • Россия матбуоти диаспоралардан тарғибот учун фойдаланаяптими?
  • Россия паспортини олган Марказий осиёликлар урушга боришни рад этса, оиласи билан фуқаролик бекор қилиниши таклиф этилди

Сотилмаяпти деб сотилаяптими?

Ўзбекистон Президенти газ экспорт қилинмаётганини айтди, аммо статистика аксини кўрсатди.

Алоқадор мавзулар:

22 сентябр куни Тошкент вилояти фаоллари билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон газ ва пахта экспортини тўхтатганини маълум қилди.

- «Ҳозир эса пахтани ҳам, газни ҳам экспорт қилмаяпмиз. Ҳатто газни четдан сотиб ҳам оляпмиз. Сабаби, саноатимиз ривожланяпти. Ана шундай икки асосий маҳсулот четга сотилмаса ҳам экспортимиз ҳажми 2016 йилга нисбатан 5-6 баробар ошди», - дея президент сўзларидан иқтибос келтиради Kun.uz нашри.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, 2022 йилнинг январ-август ойларида 645,9 миллион долларлик газ сотилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 60,9 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, газ импорти 35,9 фоизга камайиб, 76,2 миллион долларни ташкил этди.

Аввалроқ, Хитой Бош божхона бошқармасининг 20 июлдаги ҳисоботига таяниб, Ўзбекистон 2022 йилнинг олти ойида Хитойга 404 миллион доллар миқдорида табиий газ сотгани хабар қилинганди.

Хитой томонининг қайд этишича, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробар кўпдир.

Хитой Бош божхона бошқармаси ҳисоботига кўра, Ўзбекистон Хитойга энг кўп газ сотадиган бешта давлатдан бири бўлиб қолмоқда. Биринчи ўринда Туркманистон туради, у олти ой ичида Хитойга 4,5 миллиард долларлик газ сотган. Қуйидаги ўринларни Россия, Мянма, Қозоғистон ва Ўзбекистон эгаллади.

Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўз газининг камида 10 фоизини Хитойга сотади. Ўзбекистон газининг асосий қисми Хитойга сотилади.

Ўзбекистон 2022 йил бошидан Хитойга газ экспортини ички талаб ортиши сабабли тўхтатди. Аммо май ойидан Хитойга газ экспорти яна тикланди.

"Ўзтрансгаз" раҳбари Беҳзод Норматов 28 июн куни Ўзбекистон 2025-2026 йилларгача хорижга газ сотишни бутунлай тўхтатиши мумкинлигини айтди. У буни ички газга бўлган талабнинг ортиши билан изоҳлаганди.

Ўзбеклар урушдан манфаатдорми?

«Ўзбеклар, ўзбекистонликлар умумроссия кенгаши» раҳбари Ибрагим Худайбердиев хорижий фуқароларни Украинадаги жангларга Россия томонидан ёлланиши қарорини қўллаб-қувватлади ва бу муҳожирлар учун фойдали бўлишини айтди.

ИХ

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонликлар урушга ёлланиш билан моддий аҳволини яхшилаб олишади, деди Ибрагим Худойбердиев

Кенгаш раҳбари «Москва» шаҳар янгиликлари агентлигига берган интервьюсида Марказий осиёлик мигрантлар урушга ихтиёрий ёлланиш билан моддий шароитларини яхшилаб олишлари ва Россиядаги ҳуқуқий мақомларини мустаҳкамлаши мумкин.

- «Гап шундаки, ҳамма нарса ниҳоятда очиқ. Манфаатдор хорижликлар (Россияга) ўрнашишлари ва шартнома имзолашлари мумкин. Нега қилмасин? Агар улар ҳаммасини ўйлаб кўрсалар ва (урушда) иштирок этишни хоҳласалар, улар молиявий аҳволини яхшилашлари, соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олишлари мумкин бўлади», - Ибрагим Хидировнинг сўзларидан иқтибос келтиради «Москва» шаҳар янгиликлари агентлиги.

Тожикистонлик фаоллар ҳам қўлладими?

Россия нашрлари «Тожикистонликлар иттифоқи» раиси Абдулло Давлатовнинг ҳам хорижликларни ҳарбий хизматга жалб қилиш қарорини қўллаб-қувватлагани ва шартнома тузилгандан сўнг улар оладиган имтиёзларга тўхталиб ўтганини тарқатди.

мигрантлар
Сурат тагсўзи, Россияда сафарбарлик эълон қилингач, минглаб ўзбекистонлик мигрантлар ҳам ҳавотирга тушган.

Хабарларга кўра, бу хориж фуқаролари, айниқса, Россия паспортини олмоқчи бўлган меҳнат муҳожирлари учун жуда яхши имконият.

- «Ўйлайманки, кўпчилик хурсанд бўлишади. Бу (мигрантларга) жуда кўп фойда келтиради. Авваллари рус паспортини олиш учун улар кўплаб босқичлардан ўтардилар, энди улар учун осонроқ бўлади» - Давлатовдан иқтибос келтиради Россия ОАВлари.

"Суҳбатдаги матн ўзгартирилган"

Абдулло Давлатов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида бу хабарларни қисман рад этди. У аввало «Тожикистонликлар иттифоқи» деган ташкилотнинг йўқлиги, тожикистонликлар номидан гапиришга ҳақли эмаслиги, бу гаплар тожикистонлик фаолнинг Москва ҳукуматидаги суҳбатларнинг биридан ўзбошимчалик билан олиниб, ўзгартириб берилганини билдирган.

- Мен хабарни ўқиб, журналистга қўнғироқ қилдим. У бу маълумотни Москва ҳукумати берганлигини айтди», деб ёзади Давлатов.

Тожикистонлик фаол урушга ёлланиш ҳақида шахсий фикрини қуйидагича билдирганинин ёзган:

- « Агар тожиклар ҳар қандай йўл билан Россия паспортини олишга интилаётган бўлса, Россия армиясига ёзилиш билан фуқаролик олишга ҳаракат қилувчилар ҳам топилади. Балки баъзилар пул учун шартнома тузишлари мумкин»

Абдулло Давлатов нашр мухбирини жавобгарликка тортилишини исташи, аммо бундай қиладиган бўлса, ҳозирги вазиятда унинг паспортини олиб Тожикистонга жўнатиб юборишлари мумкинлигини қўшимча қилган.

Айни пайтда Россия ОАВда келиб чиқиши Марказий Осиёдан бўлган Россия фуқароларининг турли тарғибот ва ташвиқотга асосланган фикрларини кенг ёритиб бормоқда.

Урушга қўшилмаслик огоҳлантируви учун жавоб

Россия паспортини олган Марказий осиёликлар урушга боришдан бош тортса ўзи ва оила аъзоларига берилган Россия фуқаролигини бекор қилиниши таклиф этилди.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгашининг аъзоси Кирилл Кабанов ўзининг Телеграм-каналида Россия фуқаролигини олганига 10 йил бўлмаган марказий осиёликлар бир йил мобайнида мажбурий ҳарбий хизматга жалб қилиниши мумкинлигини билдирди.

Сиёсатчига кўра, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан келиб, Россия фуқаролигини олган бу шахслар ҳарбий хизмат ўташдан бош тортган тақдирларида уларни ҳамда оила аъзоларини фуқароликдан маҳрум қилиш кўзда тутилмоқда.

«Бу ташаббуснинг амалга оширилиши юқорида номлари зикр этилган мамлакатлар расмийларининг ўз фуқароларини жиноий жавобгарлик билан қўрқитиб, «махсус ҳарбий амалиёт»да ихтиёрий равишда иштирок этишни тақиқлашига нисбатан муносиб жавоб бўлади», деб ёзган Кирилл Кабанов.

Россиянинг Украинага босқини ва айниқса Россияда эълон қилинган ҳарбий сафарбарлик, хорижликларни шартнома асосида ёлланишга таклифларидан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон расмийлари расмийлари ўз фуқароларини хорижий давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка ва ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка чақириб, бу каби ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши борасида огоҳлантиришмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek